Жаҳон | 17:49 / 02.06.2025
4304
2 дақиқада ўқилади

Россия йўқотиш нима эканини тушуниши керак – Зеленский

Украина раҳбари сўзларига кўра, «бу Россияни дипломатия сари ундайди».

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг фикрича, ҳарбий йўқотишлар Россияни музокаралар столига ўтиришга мажбур қилади. У бу фикрини Вилнюсдаги «Бухарест тўққизлиги» саммитида билдирди.

Зеленскийнинг таъкидлашича, Украина қуролга бўлган эҳтиёжнинг 40 фоизини маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига қоплай олади, «лекин бу барқарор молиялаштиришни талаб қилади». Унинг сўзларига кўра, Украина операциялари «инвестициялар, айниқса, дронларга қандай таъсир қилишини кўрсатмоқда».

Зеленский Европа ва АҚШ биргаликда Россиядан яхшироқ қуролга эга эканини қўшимча қилди.

«Бизда ҳам кучлироқ тактик ечимлар бор. Кеча бизнинг «Ўргимчак тўри» операциямиз буни исботлади. Россия йўқотиш нимани англатишини тушуниши керак. Бу уни дипломатия сари ундайди», деб унинг сўзларини келтирди УНИАН.

1 июнь куни Украина дронлари Россия ҳарбий аэродромларига, жумладан Иркутск ва Мурманск вилоятларига ҳужум қилди. Зеленский сўзларига кўра, операцияга жами 117 та FPV дронлари ва шунча дрон операторлари жалб қилинган ва операция «офиси» Россия ҳудудида, ФХХ штаб-квартираси ёнида бўлган. Зеленскийнинг таъкидлашича, ҳужум оқибатида «ҳарбий база аэродромларидаги стратегик самолётларнинг» 34 фоизи зарбага учраган.

Россия Мудофаа вазирлиги Украина дронлари бешта ҳудуддаги ҳарбий аэродромларга ҳужум қилганини тан олди. Ҳарбий департамент маълумотларига кўра, Мурманск ва Иркутск вилоятларида «бир нечта самолёт ёниб кетган».

Мавзуга оид