Жамият | 22:38 / 03.06.2025
8850
6 дақиқада ўқилади

Бўрижар каналидаги воқеа қаҳрамонлари “Жасорат” медали билан тақдирланди

Шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг сўзларига кўра, президент қаҳрамонларча ҳалок бўлган Абдуманноп Самиқовнинг вояга етмаган фарзандларини ўқитиш, ишли қилиш топшириғини берган. Kun.uz мухбирининг: “Воқеага президент эътибор қаратмагунча нега шаҳар ҳокимлиги сукут сақлади?” деган саволига ҳоким оиланинг ҳолидан хабар олингани, лекин бу ҳақда ОАВга маълумот берилмаганини айтди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

5 май куни Тошкент шаҳридаги Бўрижар каналида оқиб кетаётган икки қизалоқни қутқариб қолган Абдуманноп Самиқов (марҳум) ва Нурмуҳаммад Мамасалиев Ўзбекистон президентининг фармони асосида “Жасорат” медали билан тақдирланди.

Медалларни марҳум Самиқовнинг яқинларига ва Мамасалиевга 3 июн куни пойтахт ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирда ҳоким Шавкат Умрзоқов ва фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Санжар Зупаров топширди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Пойтахт ҳокими Умрзоқов тадбирдаги нутқида қаҳрамонларча ҳалок бўлган Абдуманноп Самиқовнинг яқинларига давлат раҳбарининг таъзиясини етказди, шунингдек, ўзи ва шаҳар депутатлари номидан ҳамдардлик билдирди.

Ўйлайманки, бу воқеа китобларда ёзилади; мактабларда, институтларда инсон қанақа бўлиши керак деганда ҳали кўп марта намуна сифатида кўрсатилади. Ҳаммамиз учун аянчли ҳолат. Ҳурматли президентимиз менга топшириқ бериб: “Менинг номимдан ҳамдардлик билдиргин, учта вояга етмаган фарзанд – менинг фарзандларим, сен ўзинг уларни ўқитасан, ишли-жойли қиласан” деб айтдилар. Шунинг учун, туман ҳокими билан биргаликда, улар энди бизнинг фарзандларимиз. Мактабдаги ўқиши бўладими, керак бўлса репетиторга бериб, шу инсон фарзанди ким бўлишини хоҳлаган бўлса, шунақа қилиб тарбиялаб, оталиққа олиб, ўстирамиз. У инсонга биз лойиқ бўлайлик.

Ишонинг, мен шахсан ҳоким сифатида ёнингизда тураман. Президентимизнинг хоҳишлари шу.

Тўғриси, қаттиқ ҳаяжондаман. Бу воқеани эшитган кунимдан бери, ишонинг, мен ёлғон гапирмайман... Биз ўзимизга тегишли жуда қаттиқ хулоса чиқардик. Қурилиш жараёнидаги камчиликларни текширишяпти”, – деди Умрзоқов.

Пойтахт ҳокими қизларни қутқаришда жонбозлик кўрсатган Бўрижар спорт мажмуаси ишчиси Нурмуҳаммад Мамасалиевга юзланиб, унга миннатдорчилик билдирди.

Сиз – ўз тенгдошларингизга намунасиз. Ҳамма ҳам бунақа қаҳрамонликка қўл ура олмайди. Тилида беш баҳога гапириши мумкин, лекин сиз, ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган йигит, ўзингизни сувга ташлаб, болаларни қутқардингиз. Йиғилишдан кейин гаплашамиз, сизнинг келажакдаги режаларингизни билмоқчиман. Сиздек инсонлар бизнинг давлатимизга керак”, – деди у.

Тадбир доирасида марҳум Абдуманноп Самиқовнинг турмуш ўртоғига 50 млн сўм, Нурмуҳаммад Мамасолиевга 25 млн миқдорида моддий ёрдам топширилди.

Kun.uz мухбири тадбир якунида зални тарк этаётган Шавкат Умрзоқовни саволга тутишга уринди. “Нега шаҳар ҳокимлиги воқеага президент эътибор берганидан кейингина жонланди, унгача оиланинг ҳолидан хабар олмади?” деган саволга Шавкат Умрзоқов: “Давлат мукофотини бериш менинг ваколатимга кирмайди-ку” дея жавоб берди. Ҳокимнинг сўзларига кўра, оиланинг ҳолидан хабар олинган, лекин бу ҳақда жамоатчиликка маълум қилинмаган.

Gazeta.uz мухбирининг: “Бу воқеадан кейин шаҳардаги каналларни бетонлаштириш лойиҳалари қайта кўриб чиқиладими?” деган саволига Умрзоқов: “Бетонлаштирилади, хавфсизлик даражаси тўғриланади”, дея жавоб қайтарди.

Kun.uz аввал хабар берганидек, икки қизалоқни қутқариш жараёнида Самиқовнинг ўгай ўғли Саидакбар Абдувалиев ва бошқалар ҳам иштирок этган. Саидакбарнинг онаси, Самиқовнинг иккинчи рафиқаси (шаръий никоҳда бўлган) Сурайё Маҳкамованинг Kun.uz саволига жавобан айтишича, ҳокимлик худди отаси каби ўз ҳаётини хавф остига қўйиб қизларни қутқаришда қатнашган Саидакбарни эътибордан четда қолдирган.

Тақдирлаш маросимига бизни чақирмади. Маҳалламизга кимдир телефон қилибди, соат 18:00 да тақдирлаш бўлади, чиройли кийиниб келинглар дебди. Орадан бироз вақт ўтиб, маҳалла раиси: “Қонуний аёли Шайхонтоҳурда, у етади” деб, бизнинг келмаслигимизни айтди. Аёлга 50 млн сўм, спорт мажмуаси ишчисига 25 млн берибди. Лекин менинг ўғлим Саидакбар Абдувалиев ҳам қизчани қутқаришда иштирок этганди, дадасининг орқасидан сувга сакраганди. Лекин бизни ҳеч ким эсламади”, – деди у.

Эслатиб ўтамиз, фожиа – минглаб дарахтларнинг кесилиши ва хавфсизлик талабларининг бажарилмаслиги билан кечган ободонлаштириш ишлари ортидан рўй берди. Қирғоқлари бетонлаштирилган канал хавфли бўлиб қолган: бетон юзаси жуда сирпанчиқ, оқиб кетаётган одам сувдан чиқиб олиши учун маълум масофаларда муайян таянч нуқталари лойиҳада кўзда тутилмаган.

Лойиҳа аввалбошдан ёпиқ қарор асосида бошланиб, аҳоли эътирозларига сабаб бўлиб келаётганди. Аммо фожиадан кейин ҳам пойтахт ҳокимлиги сукут сақлашда давом этди, хусусан, ҳоким бугунга қадар жамоатчилик қаршисида марҳумнинг оила аъзоларига таъзия билдирмаган эди.

Воқеага ОАВ эътибор қаратганидан кейингина, 20 май куни Бош прокуратура терговга қадар текширув олиб борилаётганини маълум қилганди. Орадан роппа-роса 2 ҳафта ўтди, текширувда нималар аниқлангани ҳақида бирламчи ахборот ҳалигача берилгани йўқ.

Мавзуга оид