Кўчмас мулк | 13:15
5530
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган 59 та уй-жой қурилиши тўхтатилди

Сўнгги ойларда Тошкентда айрим қурувчилар томонидан қурилиш меъёрлари ва қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатлари кўплаб аниқланди. 

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Баъзилари зарур рухсат берувчи ҳужжатлар, экспертиза хулосалари ва техник маълумотномаларни олмасдан қурилишни бошлаб, фуқароларга ноқонуний равишда уй-жой сотишга уринган.

Бундай хатти-ҳаракатлар натижасида айрим фуқаролар виждонсиз компанияларга ишониб, жамғармаларини йўқотиб, уй-жойсиз қолмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ваколатли тузилмалар билан ҳамкорликда бу масалада қатъий ва принципиал позицияни эгаллаган. Пойтахтнинг бир қатор туманларида тўлиқ ҳужжатлар тўпламига эга бўлмаган 59 та объектда қурилиш ишлари бутунлай тўхтатилди, объектлар электр таъминотидан узиб қўйилди. 

Қурилиш майдонларида назорат ва мониторинг ишлари давом эттирилмоқда, ҳар бир қонунбузарлик ҳолати бўйича қонуний чоралар кўрилади.

Тошкент ҳокимлиги пойтахт аҳолисига мурожаат қиларкан, уй-жой харид қилишда ниҳоятда эҳтиёткор бўлиш ва қуйидагиларга амал қилишга чақирди:

- сотиб олаётган кўчмас мулкка оид барча ҳужжатларнинг асл нусхаларини (кадастр, экспертиза хулосалари ва кенгаш қарорлари, техник кўрик далолатномаси) талаб қилиш ва уларни синчковлик билан текшириш;
- сотувчиларга пулни нақд ёки норасмий йўллар билан бермаслик, шартноманинг барча бандларини диққат билан ўрганиб чиқиш;
- қурувчи ёки объектнинг қонунийлиги хусусида озгина шубҳа туғилса, шунингдек, компания ҳужжатларни тақдим этишни пайсалга солса, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий ботига мурожаат этиш. Шунда объектнинг қонуний мақоми ҳақида маълумот берилади.

Мавзуга оид