Бўрижарда чўкаётган қизчаларни қутқариб ҳалок бўлган Абдуманноп Самиқов мукофотланди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Бўрижар каналида чўкаётган қизларни қутқараётиб ҳалок бўлган Абдуманноп Самиқовни “Жасорат” медали билан мукофотлаш тўғрисида фармон имзолади.

Абдуманноп Самиқов / Фото: Оиланинг шахсий архивидан
Шунингдек, қизалоқларни қутқаришда жонбозлик кўрсатган Бўрижар спорт мажмуаси ишчиси Нурмуҳаммад Мамасалиев ҳам “Жасорат” медали билан тақдирланди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
“Шу йил 5 май куни Тошкентдаги Бўрижар каналида бўлган машъум воқеа ҳаммамизни чуқур қайғуга солди.
Яккасарой туманида яшовчи икки нафар қизалоқ каналга тушиб кетди. Буни кўрган мард ва жасур ватандошимиз Абдуманноп Самиқов ўзини сувга ташлаб, норасидалар ҳаётини сақлаб қолди. Лекин, афсуски, бахтсиз ҳодиса рўй берди – бу эзгулик йўлида унинг ўзи қаҳрамонларча ҳалок бўлди.
Маълум бўлишича, бу фидойилик бежиз эмас – Абдуманноп Самиқов ҳамиша одамларга яхшилик қиладиган, эл корига ярайдиган ватанпарвар инсон эди.
Давлатимиз раҳбари бу жасорат тарихини юрагига яқин олиб, аввало, марҳумнинг рафиқаси ва фарзандларига ҳамдардлик билдирди. Бугун ҳурматли Президентимиз марҳум Абдуманноп Самиқовни “Жасорат” медали билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Шунингдек, қизалоқларни қутқаришда жонбозлик кўрсатган “Бўрижар” спорт мажмуаси ишчиси Нурмуҳаммад Мамасалиев ҳам “Жасорат” медали билан тақдирланди.
Бу мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ватан қаҳрамонларига ҳурмат кўрсатиш борасидаги эътиборнинг яна бир ифодаси бўлди. Кучли ва меҳр-оқибатли жамиятда инсонийлик ҳеч қачон унутилмайди”, – деди Асадов.
Аввалроқ Kun.uz воқеага оид суриштирув эълон қилганди.
Абдуманноп Самиқовнинг яқинларига кўра, у сузишни яхши билган, лекин қирғоқ бўйида дарахтлар қолмагани, уларнинг ўрнини сирпанчиқ бетон эгаллагани, қирғоқнинг муайян масофаларида фавқулодда ҳолатларга мўлжалланган жойлар ташкил этилмагани фожиага сабаб бўлган.
Мавзуга оид

22:38 / 03.06.2025
Бўрижар каналидаги воқеа қаҳрамонлари “Жасорат” медали билан тақдирланди

09:39 / 23.05.2025
Бўрижардаги фожиа. Одамлар хавфсизлиги охирги ўриндами?

18:00 / 09.08.2024
Тошкентдаги Бўрижар каналидан номаълум эркакнинг жасади топилди

16:41 / 22.06.2024