Ўзбекистон | 12:12 / 03.06.2025
3330
6 дақиқада ўқилади

«Вақти-соати келганда тан оламиз» – Комилов Ўзбекистон «Толибон»ни халқаро ҳамжамият билан бирга тан олишини айтди

«Афғонистонга 20-асрда советлар, 21-асрда эса NATO борди. Булар ҳаммаси келади, тинчгина юрган бир давлатни вайрон қилиб кетади», деди Ўзбекистон президентининг махсус вакили Абдулазиз Комилов. Унинг айтишича, бугун «Толибон» билан мулоқот бир томонлама бўляпти, тўлиқ мулоқот бўлиши учун толибларга ҳам минбар бериш керак.

Ishonch.uz видеосидан кадр

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари, президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов Ishonch.uz сайтига интервю берди. Собиқ ташқи ишлар вазири интервюда Ўзбекистоннинг «Толибон» билан алоқалари, уларнинг ҳукуматини тан олиш масаласига ҳам тўхталди.

«Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Лутфий, Бобур, Машраб каби улуғ аждодларимизнинг барчаси Афғонистон заминида дафн этилган. Афғонистон ва Ўзбекистон халқи азалдан бир бирига жуда яқин бўлган. Яқинда Афғонистон ҳукумати Имом Бухорий мажмуаси учун 16 та юк машинасида Ҳиротдан оқ мармар олиб келиб совға қилди. Яна қайси давлат шундай қиляпти?

Афғонистон тарихи жуда оғир тарих, халқи жафокаш, лекин қаҳрамон халқ. 18-19-асрларда Британия империяси келди, 20-асрда Совет иттифоқи борди, 21-асрда НАТО борди. Булар ҳаммаси келади, тинчгина юрган бир давлатни вайрон қилиб кетади. Мана, энди афғон халқидан талаб қилишяпти: «сизлар мана шунақа давлат тузишинглар керак, янги ҳукумат таркиби шунақа бўлиши керак, ички сиёсатларинг мана шундан иборат бўлиши керак». Албатта, бунақа ақл ўргатиш осон. Лекин 40 йилдан кўпроқ боши урушдан чиқмаган халққа ёрдам бериш керак. Шунинг учун президентимиз Афғонистон билан қайси тамойил асосида алоқалар ривожланиши кераклигини тушунтириб берди.

Биринчидан, мулоқот ва ҳамкорлик. Президентимизнинг мана шу топшириқларига биноан узоқ муддатли сиёсатни ташкил қилдик. Бизга кўп марта эски замонда айтарди: «Огоҳ бўлинглар. Афғонистонда барибир катта ўзгаришлар бўлади яқинда. Бунга биз тайёр бўлишимиз керак», деб. Нега деганда ички вазият жуда оғир эди. Ўша эски ҳукумат (Ашраф Ғани ҳукумати назарда тутилмоқда – таҳр.) қўлидан ҳеч нарса келмаган эди, бюджетининг 70 фоизи четдан келган, атиги 30-40 фоиз ҳудудини назорат қиларди.

Мана шунда президентимиз ўзи ўша собиқ раҳбариятга «мухолифат билан мулоқот қилинглар, келишинглар биз ёрдам берамиз», дея таклиф берганди. Бунақа бўлмади. Кейин айтдиларки, бўлмаса биз бошқа – ўзимизнинг йўлимизни топиб тайёргарлик кўрамиз.

Толибларни бу ерга таклиф қилиб, улар билан алоқаларни ўрнатиб жуда тўғри қилган эканмиз. Мана, «Толибон» [ҳокимиятга] келди, биз ҳаммасини таниймиз, ҳаммаси билан мулоқотда биз. Олдин биз улар билан мулоқот қилганимизда, бизга катта давлатлар «сизлар нима қиляпсизлар террористлар билан алоқа ўрнатиб», дейишарди. Энди булар келганда кўпинча ҳозир бизга мурожаат қиляпти, сизларнинг алоқангиз яхши, улар билан «шу масалаларни ҳал қилишга» ёрдам беринглар, дейишяпти», дейди Комилов.

Шунингдек, президент вакили «Толибон» ўз сўзини айтиши учун уларга минбар берилиши кераклигини айтди.

«Бугун мулоқот бир томонлама бўляпти. Тўлиқ мулоқот бўлиши учун толибларга ҳам сўз бериш керак, толибларга ҳам минбар бериш керак. Мана шундай мулоқот керак. Керак бўлса қандайдир халқаро ташкилотга уларни чақириб, уларнинг дардини эшитиб… Ана ўшанда айтинглар, мана шунақа бизга ёқади, мана бунақа ёқмайди, шунда мулоқот бўлади.

Сизга ўзимнинг шахсий бир тажрибамдан мисол келтирмоқчиман. Совет вақтида кўп йиллар мобайнида Яқин Шарқда: Сурия, Ливанда урушлар пайтида ишлаганман. Ўшанда Фаластин ҳаракати энди пайдо бўлувди. Энди у ерда кўп ташкилотлар бор эди, бир нечтаси ўша экстремист ташкилотларга қўшилган, терроризмга уринганлари ҳам бор эди. Ўшанда буларнинг раҳбари Ёсир Арофат биринчи рақамли террорчига чиқариб қўйилди.

Вақт ўтди, Арофат Бирлашган Миллатлар Ташкилотига келди, ундан кейин қандайдир мулоқот бўлди, Исроил билан алоқалар бўлди. Ана шундан кейин Ёсир Арофат, Исроил бош вазири ва ташқи ишлар вазири, булар ҳаммаси – тинчлик учун Нобел мукофотига сазовор бўлди. Мана сизга «террорист», мана сизга «террорист»дан Нобел мукофотига сазовор бўлган одам.

Бу 40 йил урушда бўлган авлодни… албатта, бу уруш ҳар бир одамни синдиради, менталитетини, онгини… Биз авваламбор буларга [афғон халқига] ёрдам бериб, қўллаб-қувватлашимиз керак. Масалан, ҳозир биттаси фалокатга учраб ёки оғир аҳволга тушиб қолса, дарров психолог ёрдамига олиб борилади. Бу ерда эса бутун халқ 40 йилдан ортиқ боши урушдан чиқмаган. Шунинг учун, албатта, улар билан ишлаш керак, уларга ёрдам бериш керак.

Бизнинг ҳозирги ҳамкорлигимиз бу – тан олиш-олмаслик эмас. Албатта, вақти-соати келганда биз тан оламиз, бошқа бунинг йўли йўқ, тан оламиз. Лекин биз мана шу қадамларни биргаликда, халқаро ҳамжамият билан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан тан олишга ҳаракат қиламиз», дейди Абдулазиз Комилов. 

Мавзуга оид