2024 йил можаро ҳудудларида яшаётган болалар учун «тарихдаги энг оғир йиллардан бири» бўлди
ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 473 миллионга яқин бола зўравонликдан жабр кўрган ҳудудларда яшайди.

Фото: Anadolu Agency
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 4 июнни Халқаро тажовуз қурбонлари бўлган бегуноҳ болалар куни деб эълон қилди. Ушбу сана 1982 йилда Исроил ҳужумларидан жабр кўрган Фаластин ва Ливан болаларини хотирлаш учун ташкил этилган.
Етакчи халқаро ташкилотлар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ), Save the Children ва Швейцариянинг Humanium инсон ҳуқуқлари нодавлат нотижорат ташкилоти зиддиятли ҳудудларда болалар ҳуқуқларининг бузилиши ҳақида мунтазам равишда ҳисоботлар эълон қилади.
ЮНИСEФнинг 2024 йил декабр ойидаги ҳисоботига кўра, дунёда можаро зоналари сони Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг юқори даражага етган.
Ҳужжатда «2024 йил ЮНИСEФ тарихидаги қуролли тўқнашувлардаги болалар учун энг ёмон йиллардан бири бўлди» дейилади.
Тахминан 473 миллион бола, яъни бутун дунёдаги барча болаларнинг қарийб 19 фоизи зўравонликдан жабрланган ҳудудларда яшайди.
Humanium ҳисоботига кўра, болалар яшаш ҳуқуқининг энг катта ва энг даҳшатли бузилиши Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларида содир бўляпти. Ташкилот Ғазо секторини «ер юзидаги болалар учун энг ҳалокатли жой» деб атади, бир йилдан камроқ вақт ичида 11 300 га яқин болалар ўлими қайд этилган.
Ҳалок бўлганларнинг қарийб 30 фоизи беш ёшгача бўлган болалар, жумладан, 710 нафари бир ёшгача бўлган чақалоқлардир.
Humanium ва Save the Children Исроилнинг ишғоллари, ҳаво ва қуруқлик ҳужумлари, очлик ва асосий ресурсларнинг етишмаслиги Ғазодаги болаларни ҳар куни ўлим хавфига дучор қилишини ва чуқур руҳий жароҳатларга сабаб бўлаётганини қайд этди.
2024 йил октябр ойида ЮНИСEФ вакили Жеймс Элдер Ғазони «бир миллион бола учун ер юзидаги тирик дўзах» деб таърифлади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги фаолиятини молиялаштиришни қисқартириш ва чекловлар жиддий гуманитар инқирозга олиб келди. Исроилнинг Ливанга қилган ҳужумлари болалар хавфсизлигига ҳам таъсир қилди.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2024 йил декабр ойидаги маълумотларига кўра, зарбалар натижасида 231 бола ҳалок бўлган, 1300 дан ортиқ бола жароҳатланган. Исроил армияси ва "Ҳизбуллоҳ" ҳаракати ўртасидаги тўқнашувлар туфайли мамлакатда кунига ўртача 3,5 нафар бола ҳалок бўлмоқда, 9,5 нафари жароҳатланмоқда.
Суданда 2023 йилнинг апрел ойидан бери давом этаётган фуқаролар уруши, айниқса, болалар учун инсонпарварлик фалокатига айланди. ЮНИСEФ маълумотларига кўра, можаронинг дастлабки ойларида камида 190 нафар бола ҳалок бўлган.
Саҳел минтақасида (Мали, Буркина-Фасо, Нигер) болалар зўравонлик, очлик ва таълим олиш имкониятининг етишмаслигидан азият чекмоқда. Биргина Буркина-Фасода 7800 дан ортиқ мактаб ёпилган, 1,4 миллиондан ортиқ бола таълимсиз қолган.
Humanium маълумотларига кўра, Яманда 5 ёшгача бўлган 600 000 дан ортиқ бола кўп йиллик уруш ва вайронагарчилик туфайли ўткир тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда.
Ҳаитидаги вазият айниқса хавотирли: 2024 йилда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатлари 1000 фоизга ошган, дейилади ЮНИСEФ ҳисоботида.
Маълумотларга кўра, ҳозирда можаро зоналарида 52 миллиондан ортиқ бола таълим олиш имконига эга эмас. Можаро соғлиқни сақлаш тизимларига ҳам фалокатли таъсир кўрсатади: бутун дунё бўйлаб эмланмаган болаларнинг қарийб 40 фоизи зўравонликдан жабрланган мамлакатларда яшайди ва бу уларни қизамиқ ва полиомиелит каби касалликлар қаршисида ҳимоясиз қолдиради.
«2024 йил ЮНИСEФ тарихидаги можароларда яшовчи болалар учун энг оғир йиллардан бири бўлди. Уруш зонасидаги боланинг тўйиб овқатланмаслик, қолиб кетиш ёки ўз уйини ташлаб кетиш эҳтимоли тинч минтақадаги болага қараганда бир неча баравар кўп. Бунинг «янги норма»га айланишига йўл қўймаслигимиз керак. Биз болаларнинг бутун авлоди урушлардан жабр кўришига йўл қўймаслигимиз керак», деди ЮНИСEФ ижрочи директори Кэтрин Рассел.
Мавзуга оид

15:00 / 05.06.2025
Испания Исроил билан ракеталар етказиб бериш бўйича шартномани тўхтатди

14:25 / 05.06.2025
Исроил армиясининг Ғазога ҳужумида бир кунда 97 киши ҳалок бўлди

14:15 / 04.06.2025
Исроил армиясининг Ғазога ҳужуми бир кунда 40 кишининг ҳаётига зомин бўлди

13:09 / 04.06.2025