БМТ: Исроилнинг Ғазодаги тинч аҳолига ҳужуми уруш жинояти бўлиши мумкин
Фаластин аҳолиси амалда оғир танлов қаршисида турибди: очликдан ўлиш ёки гуманитар ёрдам олишга уринаётганда ҳалок бўлиш, дея Ғазодаги ёрдам тарқатиш марказларига уюштирилган ҳужумларни қоралади БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк.

Фото: Anadolu Agency
Исроил армиясининг Ғазо секторида тинч аҳолига қарши уюштирган ҳужумлари халқаро ҳуқуқни бузади ва оғир уруш жинояти бўлиши мумкин, деди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк.
Турк ёрдам тарқатиш пунктларига уюштирилган ҳужумлар билан боғлиқ баёнотида, воқеанинг шошилинч ва холис тергов қилиниши ва жавобгарларнинг жавобгарликка тортилиши зарурлигини таъкидлади. У асосий озиқ-овқат ёрдамини сўраган фаластинликларга қилинган ҳалокатли ҳужумларни «ғайриинсоний» деб таърифлади.
Комиссарнинг айтишича, Фаластин аҳолиси амалда оғир танлов олдида турибди: очликдан ўлиш ёки гуманитар ёрдам олишга уринаётганда ҳалок бўлиш. Шунингдек, у Исроилни инсонпарварлик ёрдами тақсимотини тартибга солувчи халқаро стандартларни бузганликда айблади.
Турк тинч аҳолининг озиқ-овқат, сув ва бошқа ҳаётий ресурсларга киришига атайлаб тўсқинлик қилиш уруш жинояти сифатида баҳоланиши мумкинлигини таъкидлади.
«Мана йигирма ойдан бери тинч аҳолининг ўлдирилиши, кенг кўламли вайронагарчиликлар, мажбуран кўчирилиш, Исроил раҳбариятининг ғайриинсоний риторикаси, Ғазо аҳолисини оммавий эвакуация қилиш таҳдиди ва уни очликдан ўлдиришга уринишлар – буларнинг барчаси халқаро ҳуқуқнинг энг оғир жиноятлари таърифига киради», деди у.
Турк Халқаро жиноий суднинг 2024 йилда Исроилнинг Ғазодаги фаластинликларга озиқ-овқат, сув, электр, ёқилғи, уй-жой, кийим-кечак, гигиена воситалари ва дори-дармон каби ҳаётий муҳим асосий хизматлар ва инсонпарварлик ёрдамларининг етказилишини таъминлаш учун чора кўриши кераклиги ҳақида мажбурий қарор чиқарганини эслатди. Унинг таъкидлашича, ушбу мажбуриятларни бажармаслик учун ҳеч қандай асос йўқ.
27 майдан бери Исроил ҳарбийлари Ғазо секторида Исроил ва АҚШ томонидан молиялаштирилган Ғазо гуманитар ёрдам жамғармаси кўмагида ташкил этилган ёрдам тарқатиш пунктларига мунтазам равишда ҳужум қилиб келмоқда. Армия тинч аҳоли ёрдам олиш умидида оммавий равишда тўпланадиган «буфер зоналар»га зарба бермоқда.
1 июн куни турли тарқатиш нуқталарига уюштирилган икки ҳужумда 32 фаластинлик ҳалок бўлди, 232 нафари яраланди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги бош комиссари Филипп Лаззарини: «Ғазода гуманитар ёрдам тарқатилиши ўлим тузоғига айланган» деди.
Исроил армияси кеча эрталаб ҳам Ғазо секторидаги гуманитар ёрдам тарқатиш марказига ёрдам сўраб келган фаластинликларга қарата ўт очганини тан олди.
Мавзуга оид

19:55 / 05.06.2025
Ғазо, Сурия ва Эрон: Яқин Шарқдаги сўнгги ўзгаришлар таҳлили

15:00 / 05.06.2025
Испания Исроил билан ракеталар етказиб бериш бўйича шартномани тўхтатди

14:25 / 05.06.2025
Исроил армиясининг Ғазога ҳужумида бир кунда 97 киши ҳалок бўлди

15:14 / 04.06.2025