Путин ва Трамп Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилди – Кремль
Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг телефон мулоқоти 1 соат 10 дақиқа давом этгани айтилди.

Фото: AFP
Суҳбат Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилишдан бошланди, деди журналистларга Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков.
Унинг сўзларига кўра, Путин ва Трамп «бир-бири билан доимий алоқада бўлишга тайёр эканлигини тасдиқлади».
Ушаков, шунингдек, икки давлат раҳбарлари АҚШ президенти элчиси Стив Уиткофф саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаганини маълум қилди.
Трамп аввалроқ ижтимоий тармоқларда суҳбат ҳақида хабар бериб, мулоқот 1 соат 15 дақиқа давом этганини айтган эди.
Ушаков сўзларига кўра, Путин Трампга Россия объектларига қилинган ҳужумлар ҳақида батафсил маълумот берган.
«У бизнинг фикримизни диққат билан тинглади ва президент бу борада етарлича батафсил гапирди. Менимча, Трампнинг содир бўлган воқеаларга баҳоларимизни эшитиши жуда фойдали бўлди», деди Ушаков.
Трамп аввалроқ бу суҳбатда Путин уни Украинанинг сўнгги ҳужумларига жавоб қайтариш нияти ҳақида огоҳлантирганини маълум қилганди: «Президент Путин сўнгги пайтларда аэродромларга қилинган ҳужумларга жавоб беришга мажбур бўлишини жуда қатъий айтди».
Шунингдек, Трамп суҳбатда АҚШ Россиядаги ҳарбий аэродромларга берилган зарбалар ҳақида олдиндан хабардор қилинмаганини айтган.
«Трамп америкаликлар бу ҳақда (ҳарбий аэродромларга берилган зарбалар) олдиндан хабардор қилинмаганини яна бир бор тасдиқлади», деди Ушаков.
Ушаков сўзларига кўра, Путин Трампга Киев Россия ҳудудидаги тинч аҳоли манзилларига зарба бериш орқали Истанбул музокараларини бузишга уринаётганини айтган.
Президент ёрдамчиси сўзларига кўра, Путин Трампга Истанбул музокаралари натижалари ҳақида ҳам батафсил маълумот берган, бироқ президентлар томонлар позициясига доир меморандум матнларини муҳокама қилмаган.
«Тегишли меморандумлар пойтахтларда - Москва ва Киевда таҳлил қилинади ва кейин, умид қилганимиздек, томонлар музокараларни давом эттириши мумкин», деди Кремль вакили.
«Раҳбарлар Украина муаммоси бўйича, жумладан, юқори даражада, шунингдек, бошқа даражаларда ва бошқа каналлар орқали алоқаларни давом эттиришга келишиб олди», деди Ушаков.
Суҳбат чоғида Россия-Америка ҳамкорлиги истиқболлари ҳақида ҳам фикр алмашилган.
«Президентлар турли йўналишларда Россия-Америка ҳамкорлигини тиклаш истиқболлари юзасидан фикр алмашди, бу икки президентнинг фикрича, улкан салоҳиятга эга», деди у.
Суҳбат чоғида Яқин Шарқ ва Ҳиндистон билан Покистон ўртасидаги можаро ҳам муҳокама қилинган.
Аммо президентлар Россия ва Украина ўртасидаги маҳбусларни алмашиш масаласини муҳокама қилмаган.
«Бу гал суҳбатда бу ҳақда гап бўлмади. Эсингизда бўлса, 19 май куни бўлиб ўтган аввалги суҳбат чоғида президентлар бу масалани муҳокама қилган», деди Ушаков.
Унинг сўзларига кўра, «суҳбат якунида ҳар икки давлат раҳбари ўзаро фикр алмашишни ижобий ва жуда самарали баҳолаган». Президентлар алоқаларни давом эттиришга келишиб олган, жумладан, Украина келишуви бўйича.