Спорт | 09:36 / 05.06.2025
19340
5 дақиқада ўқилади

40 ёшли Роналду Португалияни Миллатлар лигаси финалига олиб чиқди

Португалия камбэк амалга ошириб, 25 йил ичида илк бор Германияни мағлуб этди. Энди Миллатлар лигаси финалида янада қийин синов кутмоқда.

Фото: Lars Baron/2025 Getty Images

Европа Миллатлар лигаси, ярим финал
Германия – Португалия 1:2
Голлар: 
Виртц 47 – Консейсау 63, Роналду 68.
Германия: Тер Штеген, Антон (Нмеча 71), Кох, Та, Киммих, Горецка, Волтемейд (Фюлкург 60), Виртц, Мидделштадт (Госенс 60), Сане (Гнабри 60), Павлович (Адейеми 71).
Португалия: Кошта, Невеш (Семеду 58), Диаш, Инасио, Мендеш, Р.Невеш (Витиния 58), Фернандеш, Силва, Тринкао (Консейсау 58), Нету, Роналду (Палиния 90).
Огоҳлантиришлар: Та 80, Виртц 84, Фюлкург 85 – Мартинес 58, Невеш 58, Диаш 85.

Мавсум охирига келиб Мюнхен Европа футболи пойтахтига айланди. Ўтган ҳафтанинг шанба куни бу ерда Чемпионлар лигаси финали ўтказилганди, чоршанба оқшомида эса Миллатлар лигасининг «Тўртлар финали» старт олди. Бир неча кун олдин бу ерда асосий еврокубокни кўтарган футболчилардан иккиси илк дақиқалардан майдонда ҳаракат қилди, Витиняни эса Португалия устози Роберто Мартинес захирада қолдирди. Агар Нуну Мендеш ўзи учун одатий бўлган чап қанот латерали позициясида ҳаракат қилган бўлса, «ПСЖ»да майдон марказини бетонлашга масъул бўлган Жоау Невешни мудофаанинг ўнг қанотига юборишга тўғри келди – Диогу Далотнинг саломатлигида муаммо юзага келганди. Моҳиятан, бу португаллар таркибидаги ягона сюрприз эди. Кўпчилик ўйнашини кутган Рафаэл Леау эса бу мавсумда Педру Нетудан ёрқинроқ ўйнамаяпти ва бошланғич таркибдаги ўрнини «Челси» вингерига бўшатиб берди.

Ва айнан Нету оғир жароҳатдан тузалиб сафга қайтган тер Штеген дарвозаси қаршисида илк хавфли вазиятни яратди, аммо тўп бироз юқоридан ўтиб кетди. Кейин эса Криштиану Роналду ерлатиб яқин бурчакка зарба йўллаган ҳолда рақиб дарвозабонини синовдан ўтказди.

Ник Волтемаде. Фото: Alexander Hassenstein/Getty Images

Португалларнинг ўйин бошидаги босимига дош берган немислар аста-секин ўйинни Кошту қўриқлаётган дарвоза атрофига кўчира бошлади. Шу куни Хаверц ва Кляйндинстнинг жароҳати туфайли Германия миллий жамоаси сафида «Штутгарт» ҳужумчиси, 198 сантиметрлик Волтемаде дебют қилди ва айнан у тахминан 13 метр масофадан туриб хавфли зарба йўллади. Кейин эса Павлович Инасиу билан тўқнашувдан кейин жарима майдони ичида йиқилди – бош ҳакам Винчич эътибор қаратмади. Горецка икки бор голга яқин келди – «Порту» дарвозабони яхши реакция кўрсатди.

Иккинчи бўлим бошида эса жамоалар нисбатан зерикарли ўтган биринчи бўлим учун мухлисларга компенсация тўлашни бошлади. Роналду Мендешнинг узоқ устун томон узатмасини голга айлантира олмаган бўлса, шу куни Германия миллий жамоаси сафида 100-ўйинида майдонга тушган немислар сардори Йозуа Киммиҳ жамоанинг бўлажак етакчиси Флориан Вирц билан биргаликда ажойиб комбинация уюштирди. Бавар футболчисининг «парашют» услубидаги паси голли ҳужумнинг безаги бўлди, Вирц эса ўзига хос бўлмаган тарзда бош билан гол урди. Бундай зарба бериши кутилган Волтемаде эса бу вақтда Рубен Диашни блокировка қилиш билан машғул эди. Португалиялик футболчилар ва уларнинг устози Роберто Мартинес гол бекор қилинишига эришишга ҳаракат қилишди, ҳакам монитор қаршисига бориб, видеотакрор кўриб чиқди, аммо қарорини ўзгартирмади ва испаниялик мутахассиснинг ҳиссиётларини сариқ карточка билан жазолади.

Португаллар жаҳл отига минди ва катта иштиёқ билан тўп сура бошлади. Мартинес бирданига уч футболчи алмаштирди ва якунда бу футболчиларнинг барчаси ишончни оқлади. Нелсон Семеду (Жоау Невешдан фарқли ўлароқ) барибир ўнг қанот латерали эди, Витиня жамоа ўйинига ижодкорлик қўшди ва тўпни тезроқ ҳаракатлантириб, майдон марказидаги устунликни таъминлади, Франсишку Консейсау эса чиройли голи билан ҳисобни тенглаштирди. Ёш футболчи ўнг қанотда олдинга юрди, марказга кўчди ва рақиб сафида захирадан тушган футболчи Гозенсдан қочиб кетиб, айланма зарбаси билан тўпни олис бурчакка аниқ йўналтирди.

Асосийси – Португалия ўйинни ўз назоратига олди ва немисларга ўзига келишига йўл қўймасдан, иккинчи голни ҳам урди. Мендеш – Роналду боғлами бу сафар намунали иш берди.

Криш амалда бўш дарвозага гол урди. Тўрт йил муқаддам ҳам у Мюнхенда немислар дарвозасини ишғол этганди, аммо ўшанда – Евро-2020 турнири гуруҳида – Португалия ютқазганди (2:4). Энди эса Мюнхен стадионига йиғилган мухлислар унинг номини қўшиқ қилиб куйлай бошлади. 40 ёшли форвард ўз жамоасини яна бир совринга яқинлаштирди. Чорак аср давомида португалларга ютқазмаган Германияга бу сафар деворлар ҳам ёрдам беролмади.

Финалда Криштиану ва компания ёки Испания, ёки Франция билан ўйнайди. Бу ўйинда улар фаворит эмас. Лекин яримфиналда ҳам фаворит эмасди ва бу уларга финалга ўтишга халал бермади.

Мавзуга оид