Ўзбекистон | 18:15 / 07.06.2025
3794
6 дақиқада ўқилади

Тошкент пешлавҳаларини мажбурий бирхиллаштириш халқаро тажрибага мосми?

Пойтахтда дўконлар ва бошқа савдо нуқталарининг пешлавҳалари мажбурий тарзда бирхиллаштирилмоқда. Бу – визуал шовқинни камайтириш учун шаҳарнинг дизайн коди қабул қилингани билан боғлиқ. Лекин уни қабул қилишда кенг жамоатчилик муҳокамаси бўлмаган. Жараёнга тадбиркорлар нима дейди, бу тадбир халқаро амалиётга қанчалик мос?

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шаҳарни кўркам қилиш – кўпчиликнинг иши. Маълум бир шаҳарда яшовчи одамлар ўз креативлигини, таъбир жоиз бўлса ўз руҳини шаҳар кўринишида намоён қилади. Кейин бошқа юртда яшовчи одамлар шу руҳдан баҳраманд бўлиш учун бу шаҳарга турист бўлиб келишади. Бу руҳ ўз ичига бинолар, кўчалар, ошхоналар, меҳмонхоналар, дўконлар, боғлар ва бошқа нарсаларнинг кўринишини ўз ичига олади. Кўринишдан ташқари нарсалар ҳам бор, албатта, аммо бу бошқа мавзу.

Хуллас, шаҳарликларнинг ички дунёси шаҳарга уради ва узоғ-у яқиндан одамлар шу ўзига хосликни, бошқа ерда йўқ нарсаларни излаб келишади. 

Бироқ бу дегани ким нимани истаса қилавериши мумкин дегани эмас, шаҳар кўринишида уйғунлик бўлмоғи лозим. Ҳамма ўз рекламаси-ю пешлавҳаларини истагандек қўйиб ташласа, кўримсиз манзара юзага келади.

Бизнинг Тошкентда ҳам уйғун манзарани юзага келтириш вақти келди. Тошкент шаҳри ҳокимияти бунга бел боғлаган. Аммо битта “лекин”и бор – қандай қилиб бу амалга ошириляпти.

Вазиятни ўрганиш учун бироз шаҳар айландик, тадбиркорларга микрофон тутдик. Пешлавҳалар олиняпти. Ўрнига ҳокимият белгилаган тахталар ўрнатиляпти.

Шокир Шарипов: Ҳар галгидек, қўққисдан юз беряптими бу?

Жамолиддин Муҳаммаджон (тадбиркор): Қўққисдан, ҳар галгидек. Одатий буйруқ бўлади: олиш керак пешлавҳаларни, ечиш керак. Бажармасак, “статялар” бор – “бўйсунмаслик”... Мижозларимиз бизни кўчди деб ўйлаяпти... Ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз орқали “ҳаммаси жойида, фақат номаълум муддатга шунақа бўлиб турибди”, деб тушунтириш бериб турибмиз.

Ш.Шарипов: Айтиб беринг-чи, шунақа бирхиллаштиришни қаердадир кузатдингизми?

Ж.Муҳаммаджон: Йўқ. Ёпиқ объектлар ичида бўлиши мумкин, лекин бунақа – шаҳарни умумий бир хил қолипга, бир хил кўринишга олиб келиш, пешлавҳалар шаҳар бўйича бир хил бўлишини кўрмаганман. Ажралиб туриш бу бизнесга хос нарса ўзи. Шунақа тушунча бор – “брендбук” деган. Яъни ўзингизнинг брендбукингиз ичида ўзингизга хос ранглар бўлади, ўзингизга хос шрифтлар бўлади. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қарорида тушунарсиз ҳолатлар бор. Байроқ композицияларини ўрнатиш тақиқланади.

Ш.Шарипов: Дунё шаҳарларида бу борми-йўқми?

Ж.Муҳаммаджон: Бор, бутун дунёда байроқ композициялари бор. Кейингиси: “реклама кўрсаткичларини ўрнатиш тақиқланади, чунки улар тарихий кўринишни бузади”.

Ш.Шарипов: Бу чет элда йўқми?

Ж.Муҳаммаджон: Бутун дунёда бор. Кейингиси: “штендерларни ўрнатиш тақиқланади, чунки улар пиёдалар учун тўсиқлар яратади”.

Шерзод Сами (тадбиркор): Сўнгги йилларда бунақа – қўққисдан ҳар хил талаблар чиқиб қолишига ҳайрон бўлмай ҳам қолдик. Уч-тўрт йил олдин порталга мурожаат қилиб, у қилиб, бу қилиб, ҳаққимизни талаб қила олардик...

Ш.Шарипов: Нечта мамлакатда бўлгансиз?

Ш.Сами: Қирқ учтадан ошди.

Ш.Шарипов: Бу тарздаги бирхиллаштиришни бирор жойда кузатганмисиз?

Ш.Сами: Туркманистонда бўлиши мумкин.

Ш.Шарипов: Шаҳар ўзи, ўша шаҳарда яшаётган одамларнинг индивидуаллигининг бир намоёни, тўғрими?

Ш.Сами: Албатта.

Ш.Шарипов: Нима учун биз Мадрид, Лиссабон, Лондон, Париж, Токиога қизиқамиз? Чунки у ерда индивидуаллик бор. Шу билан фарқланади шаҳарлар. Агар ҳамма шаҳарлар бир хил бўлиб қоладиган бўлса, бу қай тарзда туристлар оқимига таъсир қилади?

Ш.Сами: Албатта. Эски шаҳарнинг, масалан, Сузукота каби ўзига хос, бир хилликда қурилган, миллийликни тарғиб қиладиган бир шаклда қилинган жойлар алоҳида бир мавзу бўлиши керак. Топшириқ олган ходимларнинг ҳам ўзида озгина инициатива, журъат бўлиши керак, фақат буйруқни кўр-кўрона бажариш керак эмас деб ўйлайман.

Ш.Шарипов: Ривожланган мамлакатларда бу қандай амалга оширилади? Кўриб чиқамиз.

Париж. Тарихий марказда тартиб қаттиқ, аммо бренд индивидуаллиги сақланади. Тарихий ҳудудларда ўта ёрқин ранглар, катта ва агрессив пешлавҳаларга чеклов бор.

Амстердам. Ўлчам ва ёритишга чеклов бор, аммо индивидуаллик сақланади.

Токио. Фақат тарихий ҳудудларда материал ва ўлчамларга чекловлар бор: неон ёритгичлари, ҳаддан ташқари катта пешлавҳаларга чеклов мавжуд.

Нью-Йорк. Тарихий ҳудудларда ёрқин ёритиш ва пластик материалларга чеклов бор. Бренд услубига рухсат берилади.

Сеул. Қўриқланадиган ҳудудларда жуда катта ва ёрқин пешлавҳаларга чеклов бор. Брендлашув рухсат этилган.

Ҳа, Тошкентимиз кўриниши ҳали ишловга муҳтож, пештахталари ҳам кўпчилигимизга ёқмаётган бўлиши мумкин. Бироқ ўзгаришлар, ривожланган мамлакатлардаги каби жамоатчилик билан бамаслаҳат, демократик жараёнлар орқали амалга оширилса, ҳар жиҳатдан тўғри бўлади. Чунки бунда одамларга нисбатан ҳурмат бор, ўсиш ҳам бу – бир ҳаракат эмас, бу – жараён. Шаҳар шаҳарликларнинг давомли уриниши билан кўркам бўлади. 

Шокир Шарипов

Мавзуга оид