Жаҳон | 15:48
2970
9 дақиқада ўқилади

Уришиб кетган Трамп ва Маск, якунланган Ҳаж зиёрати ва Исроилга қурол етказишни тўхтатишни талаб қилган немислар – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

2025 йилги Ҳаж зиёрати якунланди: қатнашувчилар сони 30 йилдаги энг паст даражада

2025 йил 6 июн куни Ҳаж зиёрати расман якунланди. Саудия Арабистони Ҳаж вазирлигининг эълон қилишича, зиёратни жами 1 673 230 киши адо этди, бу – пандемия даврини ҳисобга олмаганда, сўнгги 30 йилдаги энг кам қатнашувчидир. Зиёратчиларнинг 1 миллион 506 минг нафари чет эл фуқаролари, 166,6 минг нафари эса Саудия Арабистонида яшовчилар бўлган. Бу ҳақда Саудия Арабистони Бош статистик бошқармасига таяниб The Islamic information портали хабар бермоқда.

Таққослаш учун: 2012 йилги Ҳажда рекорд даражада — 3,16 миллион киши қатнашган, бу 2025 йилдаги сезиларли пасайишни яққол кўрсатмоқда. Расмий изоҳлар берилмаган бўлса-да, бир нечта асосий сабаблар кўрсатиб ўтилмоқда.

1. Иқтисодий қийинчиликлар — бутунжаҳон инфляцияси, саёҳат, турар жой ва қурбонлик ҳайвонлари нархининг ошиши айниқса Жанубий Осиё ва Африка давлатларидан келувчи, даромади паст бўлган мусулмонлар учун оғирлик қилди.

2. Соғлиқни сақлаш ва кириш тартиблари - пандемия даврида жорий этилган қаттиқроқ кириш, эмлаш, виза ва тиббий кўрик талаблари 2025 йилда ҳам сақланиб қолди. Бу эса зиёратчилар учун бюрократик тўсиқларни оширди.

3. Экстремал иссиқлик — Макка ва атрофидаги зиёрат жойларида ҳарорат кўп кунлар давомида +40 даражада ошди. Бундай шароитда кўплаб ёши катта зиёратчилар зиёратни кейинга қолдиришга қарор қилган бўлиши мумкин.

Саудия Арабистони расмийлари бу омилларни таҳлил қилиб, келажакдаги Ҳаж зиёратини арзонроқ ва қулайроқ қилиш учун чора-тадбирлар кўриши кутилмоқда. Шу билан бирга, хавфсизлик ва соғлиқ талабларига риоя сақлаб қолинади.

Зиёратчиларга 250 мингдан зиёд ходимлар — соғлиқни сақлаш, хавфсизлик ва логистикани таъминлашда хизмат кўрсатди. Макка вилояти вице амири шаҳзода Сауд бин Мишъал Арофот куни ҳеч қандай салбий ҳодисалар кузатилмаганини эълон қилди:

«Аллоҳ бизга Унинг муқаддас масканларига хизмат қилиш шарафини ато этди. Хавфсизлик ва тартибни сақлашда хизматга бўлган самимий ёндашув муҳим аҳамиятга эга».

Маск ва Трамп баҳси

АҚШ президенти Доналд Трамп ва унинг тарафдори, мултимиллиардер Илон Маск ўртасидаги оммавий тортишув бошланди.

New York Times нашрининг ёзишича, Трамп билан Илон Маск ўртасидаги «тарихий иттифоқ» NASA раҳбари номзоди устидаги келишмовчилик сабабли бузилган. Трамп ўзининг яқин таниши, SpaceX билан алоқаси бор Жаред Исаакманнинг илгари демократларга хайрия қилганини кўриб, номзодини қайтариб олди. Маск бу ҳолатдан хафа бўлди ва Трампга у билан ишлай олиш кераклигини тушунтиришга ҳаракат қилди. Аммо Трамп қаттиқ турди ва Исаакман тезда четлаштирилди.

Орадан бир неча кун ўтиб, Маск Трампни танқид қилишни бошлади. Х постларида у Трампни импичмент қилишга чақирди, Трамп тарифлари туфайли иқтисодий инқироз бўлиши мумкинлигини айтди.

Бунга жавобан Трамп ўзининг ижтимоий тармоғида Илон Маскни «ақлини йўқотган, ҳозирги ҳаракатлари наркотиклар билан боғлиқ», — деди ҳамда унинг компанияларига берилган миллиардлаб долларли давлат шартномаларини бекор қилиш билан таҳдид қилди.

Ошкора келишмовчилик Трампнинг Оқ уйда Германия канцлери Фридрих Мерц билан учрашуви чоғида авж олди. АҚШ президенти журналистларга кўп миллиард долларлик ҳукумат харажатлари тўғрисидаги янги қонун лойиҳасини танқид қилгани учун «Илондан ҳафсаласи пир бўлганини» айтди. Трампнинг айтишича, Маскнинг норозилиги асл сабаби АҚШда электромобиллар учун давлат субсидияларининг камайиши, у миллиардер компанияларига фойда келтирган.

Бу сайёранинг энг бой одамида норозилик уйғотди ва у бир неча соат ичида Х ижтимоий тармоғида қонун лойиҳасига қарши қатор твитлар эълон қилди. Маск республикачининг давлат субсидиялари ҳақидаги сўзларини «очиқ ёлғон» деб атади.

«Мен бўлмаганимда Трамп сайловларда ютқазган бўларди, демократлар Вакиллар палатасини назорат қилган бўларди, республикачилар эса Сенатда 51 тадан 49 та ўринга эга бўларди. Қандай нонкўрлик», — деб ёзган Маск. У илгари бошлаган Kill the Bill кампанияси – «Қонун лойиҳасини ўлдириш» шиорини такрорлади, бу «Биллни ўлдириш» филми номига тўғри келади.

АҚШ президенти Доналд Трамп ва унинг тарафдори, мултимиллиардер Илон Маск ўртасидаги оммавий тортишув уларнинг компаниялари акциялари нархининг кескин тушиб кетишига сабаб бўлди. Маскнинг Tesla корхонаси акциялари бир неча соат ичида қарийб 15 фоизга, Trump Media & Technology Group акцияси эса 11 фоизга пасайди.

Россия Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар берди

Россия 6 июнга ўтар кечаси Украинага ракета ва дронлар орқали ёппасига зарба берди. Украина қуролли кучлари Россия Украина ҳудудига 407 та дрон ва 44 та ракета учирганини маълум қилди. Асосий зарба Киев ва Украинанинг ғарбий ҳудудларига берилган. Украина пойтахтидаги ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлди.

Украина президенти Володимир Зеленский 6 июнга ўтар кечаси Россия «деярли бутун Украина бўйлаб» зарбалар берганини айтди. Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари спикери Юрий Игнатнинг сўзларига кўра, Россия Украинага баллистика, ҳаво ва қуруқликдаги қанотли ракеталар, шунингдек, кўп сонли зарбдор дронлар ҳамда имитатор дронлар билан ҳужум қилган. Унинг таъкидлашича, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 30 тагача ракета ва 200 тагача дронни уриб туширишга муваффақ бўлган.

«Умуман олганда, россияликлар бугун мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб 407 та зарбдор учувчисиз учиш аппаратини қўллади. Шунингдек, душман томонидан 6 та баллистик ракета қўллангани ҳақида маълумот бор. Яна 38 та қанотли ракета, уларнинг аксарияти йўқ қилинди», – дея Юрий Игнатнинг сўзларини келтиради РБК-Украина.

Украина ҳудудида ёпирилма ҳужум тунги соат бирдан эрталабки соат 5 гача давом этди. Ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлган, элликка яқин киши яраланди.

Шунингдек, 6 июн, жумага ўтар кечаси Россиянинг бир қанча ҳудудлари Украина учувчисиз учоқлар томонидан ҳужумга учради. Натижада Внуково, Домодедово, Жуковский, шунингдек, Саратов ва Калуга аэропортларида парвозларга чекловлар жорий этилган.

Аввалроқ, Украина Россия ҳарбий аэродромлари бўйлаб «Ўргимчак тўри» операцияси ўтказган эди. Унда Россия ҳарбий авиациясига жуда катта зарар етказилди. Шундан сўнг Владимир Путин Доналд Трамп билан телефон суҳбатида «аэродромларга яқинда уюштирилган ҳужумларга жавоб беришга мажбур бўлишини» «жуда қатъий» айтганди.

Германияда фаоллар Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатишни талаб қилди

Германияда илм-фан, маданият ва фуқаролик жамиятининг ўнлаб таниқли арбоблари мамлакат раҳбариятига очиқ хат билан мурожаат қилиб, Ғазодаги гуманитар ҳалокатдан хавотир билдириб, Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатиш, ўт очишни тўхтатишга кўмаклашиш ва Фаластин аҳолисига тўсиқсиз гуманитар ёрдам кўрсатишни таъминлашга чақиришди, деб ёзади Spiegel нашри.

Мактуб 2020 йилда Ханауда ирқчилик ҳужумидан омон қолган Саид Этрис Хошими ташаббуси билан кўплаб таниқли шахслар иштирокида ёзилган ва имзоланган.

Федерал канцлер Фридрих Мерц, вице-канцлер Ларс Клингбайл ва ташқи ишлар вазири Йоханн Вадепфулга йўлланган мактубда Германиянинг давом этаётган қуролли можародаги ролидан «чуқур хавотир» билдирилган. Имзоловчилар Германия халқаро ҳуқуққа мувофиқ ҳаракат қилиш ва уруш жиноятларининг олдини олиш мажбуриятига эга эканлигини таъкидлади.

Мактуб муаллифлари Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, кенг кўламли ва тўсиқларсиз гуманитар ёрдам етказиш, Исроилга қурол-яроғ етказиб беришни қайта кўриб чиқиш ва тўхтатиб туришни талаб қилган. «Ҳаракатсизлик учун, баланд овозда огоҳлантиришларга қарамай, жавобгарлик оғир бўлади», — дейилади баёнотда.

Маълумот учун, 2023 йил 7 октябрдан бошлаб Исроилнинг кенг кўламли ҳужумлари оқибатида Ғазо секторида, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотларига кўра, 54 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. 124 мингдан ортиқ инсонлар жароҳатланган.

Мавзуга оид