Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ИШИД етакчиларидан бирини ўлдирган АҚШ, чўкиб кетишига сал қолган Рамзон Қодиров ва Ғазода давом этаётган фожиа – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Ғазо фожиаси
АҚШ сенатори Берни Сандерс АҚШни Исроилнинг Ғазо секторидаги «ноқонуний уруши»ни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирди. У бу уруш натижасида оммавий очарчилик ва тинч аҳоли ҳалокати юз бераётганини таъкидлади.
«21 ойлик шафқатсиз урушдан сўнг, Нетаняҳу ҳукуматининг Ғазони йўқ қилиш сиёсати янада даҳшатли босқичга ўтди. Америка ҳам, бутун дунё ҳам бунга кўз юма олмайди. Биз солиқ тўловчилар пулимиз, қуролларимиз ва ҳукуматимиз ёрдами билан нима қилинаётганига жиддий ёндашишимиз керак", — деди Сандерс ўз баёнотида.
У Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг ҳукуматини инсонпарварлик ёрдамини тўсиб қўйгани учун қоралади. Сандерснинг айтишича, 2023 йилда уруш бошланганидан бери АҚШ Исроилга 22 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам берган.
«Бошқача айтганда, АҚШ солиқ тўловчилари пули болаларни очдан ўлдириш, тинч аҳолига бомба ташлаш ва Нетаняҳу ҳамда унинг жиноятчи вазирларининг шафқатсизлигини қўллаб-қувватлаш учун ишлатилмоқда.
Бу етарли. Оқ уй ва Конгресс бу даҳшатли урушни тўхтатиш учун ўз таъсиридан тўлиқ фойдаланиши керак. Нетаняҳунинг ҳукуматига ҳарбий ёрдам — дарҳол тўхтатилсин. Бу даҳшатга бефарқ бўлганларни тарих қаттиқ ҳукм қилади», — дея якунлади Сандерс.
Германия, Франция ва Буюк Британия (E3 давлатлари) ҳам Ғазо секторидаги барча томонларни зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва Ҳамас томонидан гаровда ушлаб турилган гаровдагиларни дарҳол ва ҳеч бир шартсиз озод қилиш бўйича келишувга чақирди.
Баёнотда ҲАМАСнинг қуролсизлантирилиши зарурлиги алоҳида таъкидланган. Шунингдек, улар АҚШ, Қатар ва Миср томонидан олиб борилаётган дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашларини тасдиқлаган.
E3 давлатлари Исроил ҳукуматини ёрдам етказилишига қўйилган чекловларни дарҳол олиб ташлашга ва БМТ ҳамда инсонпарвар ташкилотларнинг очарчиликка қарши курашиш бўйича иш олиб боришига зудлик билан рухсат беришга чақирган. Шунингдек, Германия, Франция ва Буюк Британия «Исроилнинг босиб олинган Фаластин ҳудудларини аннексия қилишга қаратилган ҳар қандай уринишига қатъий қарши» эканлигини билдирган.
Маълумот учун, 2023 йил октябрь ойидан буён Исроилнинг геноцид кўринишидаги уруши оқибатида Ғазо секторида 59 676 фаластинлик, кўпчилиги аёллар ва болалар ҳалок бўлди. Қарийб 150 минг киши жароҳатланган. Сектор ҳудуди деярли вайрон бўлган ва миллионлаб одамлар очликдан азоб чекмоқда.
АҚШ ИШИДнинг юқори мартабали етакчисини йўқ қилди
АҚШ Марказий қўмондонлиги 25 июль куни Суриянинг шимолидаги ал-Баб шаҳрида рейд ўтказиб, ИШИДнинг юқори мартабали етакчиси ва унинг икки вояга етган ўғлини ўлдирганини маълум қилди.
Операция Ҳалаб вилоятида амалга оширилган бўлиб, натижада Завба Муслиҳ ал-Ҳардани ҳамда унинг ўғиллари — Абдуллоҳ ва Абдурроҳман ҳалок бўлган. CENTCOM баёнотида айтилишича, уларнинг барчаси террорчилик гуруҳига алоқадор бўлиб, «АҚШ ва коалиция кучлари, шунингдек, янги Сурия ҳукумати учун таҳдид» ҳисобланади.
Ҳарбийлар рейд чоғида бирорта ҳам тинч аҳоли вакили жабрланмаганини қайд этган.
«Биз ИШИД террорчиларини қаерда бўлишларидан қатъи назар, муросасиз таъқиб қилишда давом этамиз. Ҳамкорларимиз ва иттифоқчиларимиз билан бирга, АҚШ Марказий қўмондонлиги бизга, минтақа ва иттифоқчиларимизга таҳдид солаётган террорчиларни бутунлай мағлуб этишга содиқдир», — деди CENTCOM қўмондони генерал Майкл Курилла.
Ироқ ва Шомдаги Исломий Давлат (ИШИД) — 2006 йилда Ал-Қоида бўлинмаси сифатида пайдо бўлган. 2014 йилдан бошлаб экстремистик даъволари туфайли унга қарши халқаро коалиция ҳаракат бошлаган ва 2019 йилга келиб деярли тугатган. Ҳозирда айрим ҳудудларда кўп бўлмаган аъзолари қолгани айтилади. Ташкилот БМТ ва дунёнинг кўплаб давлатлари томонидан террорчи сифатида тан олинган.
Трамп: Путин ва Зеленский учрашади
АҚШ Президенти Доналд Трамп жума куни Владимир Путин ва Володимир Зеленский юзма-юз учрашув ўтказишини яна бир бор таъкидлади, бироқ бу учрашув ҳали ҳам амалга ошмагани учун афсус билдирди.
Оқ уйдан Шотландияга йўл олганида журналистлардан бири Трампдан бу учрашув қандай шароитда содир бўлиши мумкинлиги, балки унинг ўзи ҳам унда қатнашиш эҳтимоли ҳақида сўради.
«Бу содир бўлади, лекин бу уч ой олдин бўлиши керак эди. Барибир содир бўлади», — деди Трамп.
Шу куни, жума куни эрталаб Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Россия-Украина можаросини ҳал этиш бўйича давом этаётган музокаралар доирасида, Истанбулда Трамп ва Путин ўртасида учрашув ташкил қилишга ҳаракат қилинишини маълум қилди.
«Бу ҳафта биз Путин ва Трамп билан алоҳида музокаралар олиб бориб, уларни Истанбулда бир жойга тўплаш мумкинми, йўқми, аниқлашга ҳаракат қиламиз», — деди Эрдўған.
Бу орада Telegraph нашри ўз манбаларига таяниб Украинага Германиядан ўтган ҳафта охирида Patriot қурилмаси етиб келганини маълум қилди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Путин ва Зеленский ўртасидаги учрашув фақатгина «музокараларда илгари сурилган таклиф ва қарашлар ҳужжатлаштириб, барча зарур ишлар бажарилгач» бўлиши мумкинлигини айтди. Шу муносабат билан, Кремль август охиригача икки давлат раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтишини эҳтимолдан йироқ деб ҳисоблайди, деган РИА Новостининг манбалари.
Песков «барча ишлар» ва «ишлаб чиқилган таклифларнинг ҳужжатларда мустаҳкамланиши» деганда айнан нимани назарда тутганини очиқламади. Куни-кеча Истанбулда ўтган учрашувда Украина томони бу сафар президентлар даражасида учрашув ўтказишни таклиф этганди. Киевнинг позициясига кўра, бу орқали Россияга Доналд Трамп белгилаган «тинчликка эришиш учун ажратилган 50 кунлик муддат» бажарилган бўлади.
Саратовдаги кўп қаватли уйда газ портлади
Россиянинг Саратов шаҳрида кўп қаватли турар жой биносида маиший газ сизиб чиқиши оқибатида портлаш рўй бериб, тўрт киши ҳалок бўлди. Россия ФВВ маълумотига кўра, қурбонлар орасида бир бола ҳам бор.
Портлаш 25 июль куни маҳаллий вақт билан соат 12:00 атрофида шаҳарнинг Ленин районидаги Блинова кўчаси, 2-уйда содир бўлган. Саратов области губернатори Роман Бусаргиннинг маълум қилишича, портлаш сабаби сифатида газ сизиб чиқиши версияси кўриб чиқилмоқда.
Портлаш ўчоғи тўққизинчи қаватдаги квартирада бўлгани тахмин қилинмоқда. Бинонинг еттинчи қаватдан ўнинчи қаватгача бўлган бурчакли кириш йўлаги қулаб тушган.
Ҳодиса оқибатлари акс этган кадрларда ўнинчи қаватдан бешинчи қаватгача қулаш рўй бергани акс этган. Айрим маълумотларга кўра, подъезд тўлиқ, биринчи қаватга қадар қулаб тушган. ТАСС маълумотига кўра, 30 дан ортиқ хонадонга зарар етган бўлиши мумкин.
Тергов қўмитаси хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматларни кўрсатиш бўйича жиноий иш қўзғатди.
Рамзон Қодиров Туркияда чўкиб кетишига оз қолди
Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров Туркиянинг Бодрум шаҳрида дам олаётган пайтда чўкиб кетиш хавфига учради ва касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда 24 июль куни қатор турк оммавий ахборот воситалари хабар берди.
Ҳодиса Бодрумдаги Кайнар туманида жойлашган беш юлдузли меҳмонхонада тушлик вақтида содир бўлган. ОАВ берган маълумотларга кўра, Қодиров сувда ўзини ёмон ҳис қилган, нафас олишда қийинчилик сезган ва чўкиб кетиш хавфига дуч келган. У дарҳол сувдан чиқарилиб, биринчи ёрдам кўрсатилган ва тез тиббий ёрдам машинасида Бодрумдаги Америка касалхонасига олиб кетилган.
25 июль куни Кент ТВ телеканали Чеченистон раҳбари шифохонани тарк этаётган пайтда туширилган суратларни эълон қилди. Суратларда Қодировнинг кортежи, жумладан полиция машиналари ва тез ёрдам кўринади. Чеченистон расмийлари турк ОАВларида чиққан хабарлар юзасидан изоҳ бермаган.
«Новая Газета»нинг ёзишича, 2019 йил январида Рамзон Қодировга ошқозон ости бези некрози ташхиси қўйилган, 2022 йил баҳоридан бошлаб эса соғлиғи жиддий ёмонлашган. Нашрга кўра, Россия президентининг администрацияси 2023 йил сентябрь ойидан бошлаб Чеченистонда ҳокимият алмашинуви сценарийсини ишлаб чиқа бошлаган, сабаби 48 ёшли Қодировнинг соғлиғи тузалмас даражада оғир бўлиб қолган.
Нашр Қодировнинг эҳтимолий вориси сифатида «Ахмат» бўлинмаси қўмондони Апти Алаудиновни тилга олган.
Мавзуга оид

13:59 / 25.07.2025
ҲАМАС билан музокаралардан чиққан АҚШ, Осиёда янги тўқнашув ва Фаластинни тан олмоқчи бўлган Франция – кун дайжести

13:30 / 24.07.2025
Илк гипертовушли ракетасини тақдим қилган Туркия, иқлим ўзгаришига баҳо берган БМТ суди ва Россия-Украина музокаралари – кун дайжести

13:55 / 23.07.2025
ЖССТ омборига ҳужум қилган Исроил, Аҳмад аш-Шаръага уюштирилган суиқасдлар ва яна ЮНЕСКОдан чиқаётган АҚШ – кун дайжести

13:59 / 22.07.2025