Жаҳон | 14:04
1749
10 дақиқада ўқилади

Сиртдан қамалган президент, ҳайит олдидан гўштга рейд ва қимматлаб кетган картошка

Тожикистонда Душанбе полицияси Қурбон ҳайити олдидан гўшт нархларини текшириш учун рейд ўтказиб, 10 кишини рўйхатга олди. Қозоғистонда картошка қимматлаб, вазирлик бунда Ўзбекистонни ҳам айблади. Қирғизистон собиқ президенти Атамбаев сиртдан қамалди. Туркманистонда пахта даласида ишлаётганларни суратга олган фуқаро ушланиб, сўроқ қилинди. Қозоғистон вертолёт ва дрон ишлаб чиқарувчи завод очяпти. Афғонистонда наркотик моддаларни мунтазам истеъмол қилувчи 200 нафар фуқаролар даволаниб чиқди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Душанбе полицияси савдогарларни жаримага тортди

Қурбон ҳайити олдидан Тожикистонда Душанбе шаҳар полицияси текширув ўтказиб, махсус гуруҳлар гўшт нархини сунъий ошириб юборганларни қўлга туширди ва жаримага тортди.

Рамазон ойида ҳам пойтахтда нарх-навони назорат қилувчи текширувчилар гуруҳи тузилганди. Душанбе шаҳар полиция бошқармасига кўра, Қурбон ҳайити бўлгани учун гўшт нархини оширган 10 киши жаримага тортилган.

Ҳисоботда сотувчилар гўштни қайси бозорларда сотгани, нарх қанчага оширилгани ва жарима миқдори аниқланмаган. Бироқ уларнинг барчаси “моддий манфаат олиш учун вазиятдан фойдалангани” қайд этилган. 

Тожикистонда бу йил Қурбон ҳайити олдидан бир килограмм тирик вазннинг нархи ҳайвоннинг жинси, ёши ва семизлигига боғлиқ - 45 дан 60 сомонийгача сотилди. Бу 58 мингдан 77 минг сўмгача дегани. Нархлар ўтган йилга нисбатан 10-15 фоизга юқорилади. Гўштнинг соф вазнига келсак, таннархи килограммига 80-110 сомонийга етган. Бу 103 мингдан 142 минг сўмгача дегани. Бир буқа 595 килограмм тирик вазни билан 31500 сомонийга баҳоланди, бу қарийб 41 миллион сўм дегани.

Алмазбек Атамбаев 11,5 йилга сиртдан қамалди

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев 11,5 йилга сиртдан озодликдан маҳрум қилиниб, барча давлат мукофотларидан айрилди. Бишкекнинг Первомайский туман суди Атамбаевни бир қатор жиноятларни содир этишда айбдор деб топди ва сиртдан 11,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.

Маълум қилинишича, суд мажлиси судья Азирет Медеров раислигида ўтказилган. Атамбоев Чуй вилоятининг Қўй-Тош қишлоғида ер участкаларини ноқонуний олишда, шунингдек, Бишкек иссиқлик электр станциясини модернизация қилишда коррупция, бундан ташқари, Қўй-Тош қишлоғида оммавий тартибсизликларни уюштиришда айбдор деб топилган. Собиқ президентга нисбатан мол-мулкини мусодара қилиш ва барча давлат мукофотларидан маҳрум этиш жазоси ҳам белгиланган. Атамбаев билан бирга “Қўй-Тош воқеалари” бўйича Президент девонининг собиқ раҳбари Фарид Ниёзов ва Қирғизистон Жогорку Кенешининг собиқ депутати Равшан Жеэнбеков 7 йилу 8 ойга, яна бир собиқ депутат Ирина Карамушкина эса 7 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилган.

Собиқ депутатлар Асел Кодуранова 3 йиллик, Меёрбек Мискенбаев 5 йиллик, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 9-хизматининг собиқ ходими ва Атамбаевнинг собиқ тансоқчиси Канат Сагимбаев 5 йиллик, журналист ва Атамбаев тарафдори Қундуз Жолдубаева 5 йиллик пробацияга тортилган.

Апрель ойида Атамбаев Батукаев иши бўйича айбдор деб топилган, бироқ даъво муддати ўтгани сабабли жазодан озод этилганди.

Атамбаев 2011-2017 йилларда Қирғизистон президенти лавозимида ишлаган ва 2019 йил июнида президентнинг дахлсизлиги ҳуқуқидан маҳрум этилган. Ҳибсга олинганидан сўнг унга қарши бир нечта жиноий иш қўзғатилди.

2020 йил 23 июнда Бишкекнинг Первомайск туман суди Атамбаевни 2013 йилда жиноий авторитет Азиз Батукаевни ноқонуний озод қилиш иши бўйича мол-мулкини мусодара қилган ҳолда 11 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этган эди.

Қозоғистонда картошка нархлари 32,000 сўмгача қимматлади

Қозоғистонда картошка нархи ошди. Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангарин эса бунинг сабабини Ўзбекистондан излаган. Маҳаллий қозоқ нашри – Tengri.news'га кўра, вазир нархларнинг ошишини учта давлатда ҳосил яхши бўлмагани сабабли сабзавотлар экспорт қилингани билан боғлади.

Талаб ва таклиф қонуни мавжуд. Беларусда ҳам, Россияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам картошка ҳосили яхши бўлмагани сабабли картошка билан шундай ҳолат юзага келди. Қозоғистонда етарли даражада катта захиралар бор эди, биз ўтган йили уларни шакллантирган эдик. Бироқ фермерлар ҳам даромад кўриши керак эди, шу боис маълум вақт давомида картошка экспортига тўсқинлик қилмадик. Бизда картошка тақчиллиги йўқ, лекин нарх кўтарилди, деди Серик Жумангарин.

Вазир ҳукуматнинг икки йўли борлигини маълум қилди. Биринчиси — картошка нархини чеклаш, шунда “бу йил уни ҳеч ким экмайди ва келаси йили аниқ тақчиллик кузатилади”. Иккинчи йўл — картошка экспортини чеклаш, амалда шундай қилинган ҳам.

Аммо биз нархларни чекламадик. Чунки бу бозор тамойилларига зид бўлган чоралар бўларди. Ҳозир картошка 400-600 тенге атрофида турибди. Туркистонда янги картошка пайдо бўлди, унинг нархи 200-300 тенгедан бошланмоқда. Ўйлайманки, ҳозир нарх барқарорлашади. Бизда дўконларда картошка бўлмаган бирор ҳолат кузатилмади. Масала нархда, лекин шунга яраша талаб ҳам бўлади, деди амалдор.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, нархи 1300 тенге, яъни 32 минг сўм атрофида бўлган янги картошка Туркистон вилоятида плёнка остида етиштирилмоқда. Унинг нархи юқорилигига етиштириш технологияси ва «жозибадор» кўриниши сабаб бўляпти.

2025 йилда Қозоғистон атиги 15 минг тонна юқори сифатли картошка етиштирган. Оддий картошка 2,6 миллион тоннани ташкил этган. Қозоғистонда иккинчи нон тақчиллиги йўқ, дея қўшимча қилди вазирлик.

Қирғизистон парламенти депутатларга хорижга чиқишни тақиқлади

Қирғизистон парламенти депутатларга давлатма-давлат сафарда юришни тақиқлади. Маълум бўлишича, Жокоргу кенеш депутатлари меҳнат таътилига чиққунча хорижий ва ички хизмат сафарларидан тийилиши керак. Бу ҳақида маҳаллий қирғиз нашри – 24.kg хабар бермоқда. Парламентнинг навбатдаги сессияси бутунлай якунланиши учун ҳали 6 та мажлис ўтказилиши керак, 26 июнь куни сессия ёпилади. Ундан депутатлар 2 ой таътилга чиқишади, 1 ой давомида сайловчилар билан учрашишади ва 1 ой яна дам олишади. Парламент спикери Нурланбек Турғунбек бирор депутат хорижга чиқиш рухсатини ололмаслигини эълон қилди.

Айниқса, фракция ва депутатлар гуруҳлари раҳбарлари, қўмита раислари, барча хорижий ва ички хизмат сафарларини, ҳатто таклиф этаётган томон тўлайдиган хизмат сафарларини ҳам бекор қилинг.

Ҳеч кимга рухсат берилмайди. Хафа бўлманг. Бизда жуда муҳим қонун лойиҳалари бор, кворум бўлиши керак, деган спикер.

Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, Қирғизистон парламентида депутатларнинг хизмат сафарларида юриши тез-тез тақиқланиб туради. Ўтган йилнинг июнь ойида ҳам муҳим қонун лойиҳалари борлиги сабаб депутатларнинг сафарга кетиши чекланганди.

Пахта даласидагиларни расмга олган фуқаро қўлга олиниб, сўроқ қилинди

Туркманистон пахта далаларида ишлаётган бюджет ходимлари, боғча опаларни расмга олган фуқаро қўлга олиниб, тергов қилинди. Давлат бундан буён далада ишлаётганларни расмга олмасликни таъминлаш топшириғини берган. Мажбурий меҳнатда ишлаётганларни расмга олган фуқаронинг эса телефони олиб қўйилиб, ундан бу расмларни кимга, нима мақсадда жўнатиши сўралиб, жиддий сўроқ қилинган. Бу ҳақида мухолиф туркман нашри – Turkman.news хабар берган. Ёдингизда бўлса, бундан 2 та сон олдинги дастуримизда Туркманистондаги мажбурий меҳнат ва бу қайд этилган халқаро ҳужжатлар ҳақида гаплашгандик. Май ойи охирида инсон ҳуқуқлари бўйича туркман ташаббуси «Прогресс» жамияти ва Соtton campaign эълон қилган хулосада, Туркманистон ҳали-ҳануз ёш болаларни ҳам, давлат ходимларини ҳам далага ҳайдаётгани ёзилганди.

Туркман полицияси май ойининг охирида далада меҳнат қилаётган давлат ходимларини видео ва расмга олаётган фуқарони қўлга туширган. Ҳолат Марй вилояти, Векилбазар этрапи, Гара-оба қишлоғида содир бўлган. Бюджет соҳаси ходимлари 20 гектар далани бегона ўтлардан тозалаш учун мажбуран шаҳардан олиб келинган. Нашрга кўра, ер ёки ҳокимликда ўтирганларники ёки прокурорники.

Телефонида расм ва видеога олган фуқаро 47 ёшда, у ушланиб Векилбазар полициясига олиб кетилган. Сўроқ охирида у тушунтириш хати ёзиб, бундай ҳолат такрорланмаслигига ваъда берган. Раҳбарият бригадир ва агрономларга энди дала атрофида бундай расм ва видеога олувчиларни яқинлаштирмаслик топшириғини берди. Turkmen.news'га кўра, ўшандан бери бу далага бюджет ходимлари олиб келинмаяпти, далани эса бегона ўт босиб кетди.

200 нафар наркотик моддаларни доимий истеъмол қилувчилар даволаниб чиқди

Афғонистонда 200 нафар наркоманлар даволаниб, ўз уйига қайтди. Пойтахт Кобулда уларнинг даволаниши якунлаши муносабати билан тантанали тадбир ташкиллаштирилган, бу ҳақида маҳаллий афғон нашри – Tolo.news хабар берди. Тадбирда "Толибон”нинг соғлиқни сақлаш вазирлигидан вакил – Абдул Вали Ҳаққоний қатнашиб, сўзга чиққан. 200 киши эришган ютуқни олқишлаган. Аммо бу даволанишнинг охири эмас, оила аъзолари бу шахсларни қўллаб-қувватлашда давом этиши керак, деган вазирликдан келган меҳмон.

Маълум қилинишича, Афғонистонда бугун 67 та гиёҳвандликка муккасидан кетганларни даволаш марказлари фаолияти кўрсатмоқда. Шундан 46 таси катталар, 14 таси аёллар ва 2 таси болалар учун ишламоқда. Марказда 45 кун даволанган Фаводиллоҳ исмли шахсга кўра, психологларнинг тинимсиз мулоқоти, вақтида дори-дармон ва овқатлар бериши уларни тузатган.

Эслатиб ўтамиз, «Толибон» наркотик моддалар етиштириш ва сотишни, унинг истеъмолини тақиқлаган бўлса-да, Афғонистон ҳали-ҳануз бу борада етакчи мамлакатлардан бўлиб келмоқда.

Мавзуга оид