Ўзбекистон | 22:42 / 09.06.2025
856
5 дақиқада ўқилади

9 июн янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси қошида мактаб очилади, Словакия билан стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилди ва Россиядан депортация бўлган фуқароларга сохта паспортлар тайёрлаб бериш билан шуғулланган гуруҳ фош этилди — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўзбекистон ва Словакия ўртасида стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилди

Бугун, 9 июн куни Кўксарой қароргоҳида мамлакатга расмий ташриф билан келган Словакия бош вазири Роберт Фицони расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Қароргоҳ олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни қарши олиб, шоҳсупага таклиф этди. Ҳарбий оркестр ижросида Ўзбекистон ва Словакия давлат мадҳиялари янгради. Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутлади.

Музокаралар давомида товар айирбошлашни кўпайтириш, энг аввало, ўзаро етказиб берилаётган маҳсулот турларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Словакиянинг етакчи компаниялари билан саноат кооперацияси бўйича кенг кўламли дастурни тайёрлаш лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.

Шунингдек, қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун мавжуд молиявий воситалардан кенг фойдаланиш таклиф этилди. Халқаро аҳамиятга молик масалалар, жумладан, кўп томонлама майдонларда ўзаро қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Словакия бош вазири Роберт Фицо Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади.

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси қошида мактаб очилади

Тошкент шаҳар ҳокими «Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига Туркия элчихонаси қошидаги мактаб биноси қурилиши учун ер майдони ажратиб бериш ҳақида«ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Туркия элчихонаси қошида мактаб биноси қурилиши учун Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани, «Кўҳота» МФЙ ҳудудида жойлашган аҳоли пунктлари ерларидан майдони 31 сотихли ер участкаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига доимий фойдаланишга ажратиб берилади.

Архитектура-режалаштириш топшириқларини тузиб чиқиш ҳамда ажратилган ер майдонини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўрнатилган тартибда Давлат хизматлари маркази орқали буюртма берилади.

Лойиҳалаш учун ерости муҳандислик иншоотларининг ижро сурати туширилган 1:500 нисбатдаги топографик харита ва геологик хулоса ишлаб чиқиш учун «Қурилишда муҳандислик қидирувлари, геоахборот ва шаҳарсозлик кадастри лойиҳа илмий-текшириш давлат институти» давлат унитар корхонасининг Тошкент шаҳар филиалига буюртма берилади.

Лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш учун лойиҳалаш ташкилоти билан ўрнатилган тартибда шартнома тузилади ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатлари мутасадди ташкилотларга тақдим этилади.

Мазкур ҳудудда жойлашган муҳандислик тармоқларини кўчириш ёки муҳофаза ҳудудини сақлаб қолиш ишлари, ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши инобатга олинади.

Хоразмда сохта паспорт тайёрлаш билан шуғулланган гуруҳ аниқланди

Урганч тумани Ички ишлар бўлими миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи паспортчиси узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди. У фуқароларга сохта ID-карта ва хорижга чиқиш паспорти тайёрлаб бериш билан шуғулланиб келган.

Kun.uz ўрганган суд ҳукмида келтирилишича, ушбу фуқаро моддий даромад орттириш мақсадида бир қатор шахслар билан бир гуруҳга бирлашиб, жиноий режа тузган. Унга кўра, гуруҳ аъзолари Россиядан депортация қилинган ва ушбу давлатга қайтиб кетиш мақсадида юрган фуқароларни топиб, пул эвазига уларга шахсий маълумотларини ўзгартирган ҳолда ID-карта ва хорижга чиқиш паспорти тайёрлаб берган. Бу ишни «паспортстол» ходими ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг «Манзил» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширган.

Жумладан, ушбу шахс 1988 йил 25 июл куни туғилган фуқарога пул эвазига исми, фамилияси, отасининг исми, туғилган йили ва санаси ҳамда шахсий идентификацион рақамини ўзгартирган ҳолда ID-карта, хорижга чиқиш паспорти расмийлаштирган. У айни шу йўл билан 20 нафардан ортиқ фуқарога сохта маълумотлар киритилган ҳужжатлар тайёрлаб берган. Бунинг учун 3 млн сўмдан 1 500 АҚШ долларигача «хизмат ҳақи» олган.

У ҳатто Самарқанд, Фарғона вилоятида яшовчи, Россиядан депортация бўлган шахсларга ҳам Урганч туманида рўйхатга олингани ҳақида сохта маълумотлар киритиб, шахсий маълумотларини ўзгартирган ҳолда паспорт расмийлаштириб берган. «Паспортстол» ходими ўзининг бу жиноий ҳаракатларини фош қилмаслик ва жавобгарликдан қутулиш мақсадида фуқароларга тегишли бўлган ҳақиқий паспортларни йиртиб, ёқиб юборган.

Суд ҳукми билан мазкур шахс туҳмат, мансаб сохтакорлиги, пора олиш каби жиноятларни содир қилишда айбли деб топилди. Унга 3 йил ички ишлар органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 10 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Гуруҳнинг бошқа аъзолари ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.

Мавзуга оид