Ўзбекистон | 10:00 / 10.06.2025
1154
2 дақиқада ўқилади

Батарейкаларни хавфсиз йўқ қилиш бўйича эколойиҳа ишга туширилди

Тошкентда экологик йўналишдаги www.batareykalar.uz лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. 

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Ушбу ташаббус 2024 йилда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ташкил этилган «Ёшлар — келажак бунёдкори!» экологик ва туристик форумида «Энг яхши экологик лойиҳа» номинациясида ғолиб деб топилган. Лойиҳа муаллифи ва тақдимот ташаббускори экофаол Ферузбек Сайфуллаевдир.

Лойиҳа энг долзарб экологик муаммолардан бири — ишлатилган батарейкаларни хавфсиз йиғиш ва йўқ қилиш масаласига қаратилган. Ушбу чиқиндилар таркибида қўрғошин, кадмий, симоб, никел ва литий каби оғир металлар мавжуд бўлиб, уларнинг нотўғри утилизацияси атроф-муҳит ҳамда инсон саломатлиги учун жиддий таҳдид туғдиради.

Мазкур ташаббус доирасида бутун мамлакат бўйлаб 100 та махсус контейнер ўрнатилди. Йиғиш пунктларининг аниқ манзиллари www.batareykalar.uz платформасида жойлаштирилган бўлиб, ҳар бир фуқаро ўзига энг яқин контейнерни осонгина топиши мумкин.

Ҳозирда республика ҳудудларида 28 та чиқинди йиғиш пункти фаолият юритмоқда. Ҳар бир пункт Экология вазирлиги ҳамда Чиқиндиларни бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаларида ва супермаркетларда жойлаштирилган. Тошкент шаҳрида эса 72 та пункт ишга туширилган бўлиб, уларнинг ярми дўконларда, қолганлари давлат идоралари ва таълим муассасаларида жойлашган.

Мавзуга оид