Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тобора жиддий тус олаётган вазият, кулфатдаги навоийликлар ва ёлғончи Эковазирлик – Навоийда заҳар сақланиб қолмоқда
2025 йил 4 август – Эковазирлик “айбдор корхонани топдик, фаолиятини тўхтатдик” деганидан 4 кун ўтди. Аммо навоийликлар бу тонгни ҳам заҳар ютиб қарши олишди. Бу ҳолат кеча ҳам, ундан олдинги кун ҳам бўлган ва бўлишда давом этмоқда. Навоийликларни бу балодан ким қутқаради?
Навоий шаҳрида 20 кундан буён кузатилаётган ва сабаби ҳамон айтилмаётган смог одамларни заҳарлашда давом этмоқда. Экология вазирлигининг ўрганиш якунлари эса ёлғон бўлиб чиқди.

Вазият ҳамон жиддий
Шаҳарни заҳарли тутун қоплаш ҳолати бугун, 4 август куни тонгда ҳам кузатилган. Бу ҳақда Kun.uz’га шаҳар ва шаҳар атрофида яшовчи аҳолидан бир нечта мурожаатлар келиб тушди.
“Экология вазирлиги ўргандик, 20 дан ортиқ корхонани ёпдик, деганди. Бироқ бугун тонгда жуда кучли заҳарли моддалар атмосферага қўйиб юборилди. Буни одамлар ўз кўзи билан кўриб, бурни билан нафас олиб сезиб турибди. Масъуллар эса шунча одамни алдашга уриняпти ҳаммаси жойида деб. Шаҳар аҳолисида аллергик касалликлар кўпайиб бормоқда”, дейди мурожаатчилардан бири.
Яна бир мурожаатчи эса нафас олиш қийин бўлиб қолганини, атрофни аччиқ, кўмир ёнганда чиқадиганга ўхшаш ҳид қоплаб олганини маълум қилди.
“Одамлар одатда ҳар тонг уйга тоза ҳаво кирсин, дея хонадонининг деразаларини очади. Биз эса уйга заҳарли ҳаво кирмасин, дея деразаларни ёпиб юришга мажбур бўляпмиз. Ҳамманинг ҳам уйида кондиционер йўқ. Ҳаво иссиқ, қийин бўляпти. Айниқса, ёш болалар ва ёши катта нуронийлар соғлигига жиддий таъсир қилмоқда бу заҳарли тутун”, дейди у.
Эковазирлик алдади
Заҳарланаётган шаҳар ва шаҳар атрофи аҳолиси “ўпкаси билан бирга сабр косаси ҳам тўлганини” айтмоқда. Ҳолатни ўрганган Экология вазирлиги ҳудудда ҳавони ифлослантирган 20 дан ортиқ корхона фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинганини билдирганди. Рўйхатда ғишт, шифер, бетон плита, оҳак заводлари, кимёвий моддалар сақлаш омбори, сутни қайта ишлаш, фосфорли ўғит ишлаб чиқариш корхоналари бор. Ҳатто “Навоийазот” ҳам жарима ва компенсация тўловларига тортилган. Бироқ вазирлик шаҳарни қоплаб олаётган заҳарли тутун айнан қайси корхонадан чиқаётганини аниқ айтмади.
“Навоий шаҳрида умумий экологик вазиятни ўрганиш ва яхшилаш бўйича 3 та гуруҳ шакллантирилиб, шаҳар ва унга туташ ҳудудлардаги 168 та саноат корхонаси фаолияти ўрганилмоқда.
Бугунга қадар 42 та корхона ўрганилиб, экология соҳасидаги қонун талабларига риоя этмаган мансабдор шахсларга нисбатан жарима чораларини қўллаш учун суд органларига материаллар тайёрланди.
Шу билан бир қаторда ўрганиш давомида фаолияти экологик экспертизадан ўтказилмагани, атмосфера, ер ва сув муҳофазаси билан боғлиқ талаблар қўпол равишда бузилгани, бетартиб чиқиндихоналар яратилгани сабабли 22 корхона фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу корхоналарга 10 кунлик муддат берилди. Камчиликларини бартараф этмаган 19 та корхоналарнинг фаолиятини тўхтатиш бўйича судга даъво аризалари киритилди” дейилади вазирликнинг 31 июл кунидаги хабарида.
Шунингдек, вазирлик атроф-муҳитни экологик нормативдан ортиқ даражада ифлослантиргани ва белгиланган қонунчилик талабларини қўпол равишда бузгани учун собиқ “Электрокимё” заводи худудидаги “Sogda kimyo zavod”, “Ferrosplav” ва “Zarafshon industrial technology” МЧЖлар фаолиятини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинганини билдирганди. Мазкур корхоналарга экологик тадбирларни амалга ошириш учун 10 кун муддат берилган.
Қолаверса, ўрганишда “Навоийазот” корхонаси ҳам атмосфера ҳавосини ифлослантиргани аниқланган. Хусусан, 29 июл куни корхонанинг карбамид цехида олинган таҳлил натижасида аммиак белгиланган меъёридан 1,08 маротаба юқорилиги, 29 июлдан 30 июлга ўтар кечаси завод атрофида ўтказилган таҳлиллар натижасида аммиак миқдори 1,5 марта, водород сулфиди 36 марта юқори чиқиши ҳолати аниқланган.
Аммо Экология вазирлигининг хабаридан сўнг ҳам вазият ўнгланмади. Бу навоийликларнинг хавотирини ва эътирозини оширмоқда.
Эколог нима дейди?
Kun.uz журналисти билан суҳбатлашган Навоий вилояти Экология бошқармаси вакили ўрганиш ҳамон давом этаётганини билдирди.
Экологга кўра, айбдорни топиш улар учун қийин кечмоқда.
“Ташламаларнинг автоматик мониторинг станцияларини қўймагани учун биз экологлар жуда қийналяпмиз. Заводга тўғридан тўғри киролмаймиз, ҳаво ифлослигини унинг атрофидан ўлчак, заводлар кўплиги сабабли бир-бирига тўнкаяпти.
Станциялар қўйилса, биз компютерда қайси корхона қачон атмосферага меъёридан ортиқ кимёвий модда чиқарганини кўриб ўтирамиз. Бирдан сигнал келади. Кейин биз осонгина исботлаб берамиз сенинг корхонанг ҳавони ифлослантирди деб. Ва бирдан ўша муаммони ҳал қилмагунча фаолиятини тўхтатиш бўйича кўрсатма берамиз. Бирорта корхона автоматик станция қўймаяпти. Мажбурлаш керак буни юқоридан”, дейди у.
Ташламаларнинг автоматик мониторинг станцияси атмосфера ҳавосининг ифлосланишини кузатиш ва таҳлил қилиш учун ўрнатилади. Улар атмосферага чиқаётган зарарли моддаларнинг миқдорини аниқлаб, атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш имконини беради. Бундан кўзланган мақсад эса атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи манбаларни назорат қилишдир.
Навоий вилояти Экология бошқармаси вакилининг тушунтиришича, бу станциялар атмосферага чиқаётган турли зарарли газлар ва моддаларни аниқлаб, уларнинг миқдорини ўлчайди. Улар I ва II тоифага кирувчи хўжалик юритувчи субъектларга ўрнатилгач, вазирликка интеграция қилинади. Яъни экологлар қайсидир завод ҳавога белгиланган меъёрдан ортиқ миқдорда заҳарли газ ёки модда чиқарса, станция узатган маълумот ва сигналдан билиб олишади.
Бу турдаги автоматик мониторинг станцияларини ўрнатиш I тоифага кирувчи хўжалик юритувчи субъектлар учун 2026 йил 1 январга қадар, II тоифага кирувчи хўжалик юритувчи субъектлар учун 2026 йил 1 июлга қадар белгиланган.
Атроф-муҳитга таъсири бўйича I тоифага йирик заводлар киритилган. Рўйхатга кўра, Навоий вилоятида I тоифага кирувчи хўжалик юритувчи субъектлари сони 71 тани, II тоифага кирувчи хўжалик юритувчи субъектлари сони эса 218 тани ташкил этади. Ушбу рўйхат якуний эмас. Бу корхоналарнинг 122 таси Навоий шаҳри атрофида жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, 13, 19, 21 ва 22 июл кунлари Навоий шаҳрини ўткир ҳидли қалин тутун қоплаб, одамларда йўтал ва бошқа асоратларни келтириб чиқарган. “Навоийазот” бир неча бор баёнотлар бериб, бу тутунга заводнинг алоқаси йўқлигини маълум қилди. Заводда ўрнатилган камера тасвирларидан чангсимон тутун собиқ электрокимё заводи ўрнида қурилган корхоналардан чиқаётганини кўриш мумкин. Вилоят Экология бошқармаси аввалига ҳолат бўйича “Навоийазот”ни айблаётган эди, лекин компаниянинг қатъий раддияларидан кейин экология органи асл сабабчиларни қидиришга киришганди.
Мавзуга оид

21:55
Саксовулфурушларни таъқиб қилиб, ҳужумга учраган инспекторлар тақдирланди

07:02
Ҳукумат қарори билан «Sea Breeze Uzbekistan» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тасдиқланди

15:21 / 02.08.2025
Янги Ўзбекистонда дарахтлар сувсизликдан қуриб боряпти

21:26 / 31.07.2025