Шавкат Мирзиёев: Украина билан боғлиқ вазиятни фақат дипломатик йўллар билан ҳал этиш лозим
Ўзбекистон президенти Истанбулдаги Россия–Украина музокараларини олқишлади ва вазият фақат дипломатик йўллар билан ҳал этилиши кераклигини билдирди. Шунингдек, Мирзиёев яна бир бор Ғазодаги фожиалар ҳақида тўхталиб, бу муаммонинг ягона адолатли ечими – халқаро ҳуқуқ ва БМТ резолюяцияларига риоя қилиш эканини айтди.

Украинанинг Харкив шаҳри, 2025 йил 7 июн / Фото: Vitalii Hnidyi / Reuters
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқида халқаро майдондаги жорий вазият ҳақида сўз юритди.
“Бугунги дунё катта синовларни бошдан кечирмоқда. Глобал хавфсизлик ва барқарор ривожланишга жиддий таҳдидлар тобора кучаймоқда.
Геосиёсий жараёнлар кўз ўнгимизда шиддат билан ўзгармоқда. Жаҳонда қуролланиш пойгаси яна авж олмоқда. Йирик мамлакатларнинг ҳарбий харажатлари 2010 йилга нисбатан 1,5 баравар ортиб, 2,5 триллион долларга етди.
Иқтисодий инқироз асоратлари, молиявий ресурслар тақчиллиги ҳисобига жаҳон ялпи ички маҳсулоти ўсиш суръатлари кетма-кет 3 йил давомида пасаймоқда.
Минг афсуски, халқаро ҳуқуқ нормалари ва дипломатия кучи заифлашмоқда. Буни ҳаммамиз кўриб турибмиз, билиб турибмиз, сезиб турибмиз. Ҳар куни дунё миқёсида воқеалар бўляпти...
Энг ачинарлиси, инсоният учун энг долзарб муаммолар – озиқ-овқат хавфсизлиги, камбағаллик, иқлим ўзгариши каби масалаларга эътибор камаймоқда.
Дунёда тинчлик, адолат ва инсон қадрига бўлган умумий ишончни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Биз тинчлик, адолат ва инсон қадри тамойилларида ана шу умумий ишончни тиклашни ҳар қачонгидан ҳам муҳим деб ўйлаймиз.
Биз Украина билан боғлиқ вазиятни фақат дипломатик йўллар билан ҳал этиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Истанбулда бўлиб ўтаётган тўғридан тўғри музокараларни олқишлаймиз.
Шу билан бирга, кўпдан буён чўзилаётган Ғазо фожиасига эътиборингизни қаратмоқчиман. 21-асрда кўз ўнгимизда кўплаб бегуноҳ инсонларнинг нобуд бўлаётганини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Бу муаммонинг ягона ечими – низони халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва қабул қилинган резолюяциялар асосида адолатли ҳал қилишдир. Фаластин халқи ўз мустақил давлатига эга бўлишга ҳақлидир.
Глобал кун тартибидаги яна бир масала – қўшни Афғонистоннинг тинч ва барқарор ривожланишига кўмаклашишдан иборат. Бу давлатнинг амалдаги ҳукумати билан халқаро майдонда конструктив мулоқот олиб бориш, унинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ҳар қачонгидан ҳам муҳим, деб ўйлаймиз.
Зеро, мазкур мамлакатдаги осойишталик ва иқтисодий ривожланиш ён атрофдаги барча минтақаларнинг узоқ муддатли тараққиёти учун зарур омилдир.
Мен ҳозир таъкидлаб ўтган муаммолар бўйича барча шерик давлатларимизни очиқ ва кенг кўламли халқаро ҳамкорликка чақирамиз. Чунки форумнинг асосий мавзуси бўлган инвестициялар фақат иқтисодий тараққиёт эмас, балки тинчлик ва барқарорликнинг кафолатидир, деб биламиз.
Келинг, биргаликда шундай инвестиция муҳитини яратайликки, у даромад келтириш билан бирга, инсон қадрини улуғлайдиган, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлайдиган ва жамият равнақига хизмат қиладиган мустаҳкам пойдеворга айлансин!” – дея таъкидлади давлат раҳбари.
Мавзуга оид

16:05
Россия: Ҳалок бўлган украиналик аскарлар жасадини топшириш тез орада бошланади

15:15
Ғазода 10 мингдан ортиқ жангчисини йўқотган Исроил армияси чуқурлашиб бораётган инқирозга юз тутяпти

14:44
“Ортга қайтмас ислоҳотларимизни изчил давом эттирамиз” — Шавкат Мирзиёев инвесторлар билан учрашди

11:30