Жаҳон | 14:20 / 10.06.2025
1894
10 дақиқада ўқилади

Сурияга ҳужум қилган Исроил, Лос-Анжелесга денгиз пиёда қўшинларини юборган Трамп ва Ғазода яна ўққа тутилган фаластинликлар – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ғазода фаластинликлар яна ўққа тутилди: бу сафар ўз ҳудудларидаги ёрдам маркази яқинида

Душанба куни Ғазода тинч аҳоли Исроил ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган Ғазо Ҳуманитар Жамғармаси (GHF) томонидан бошқариладиган ёрдам тарқатиш марказига кетаётган вақтда яна ўққа тутилгани айтилмоқда.

BBC нашрининг гувоҳларга таяниб ёзишича, Рафаҳнинг жанубий қисмида жойлашган марказ яқинида биринчи марта қуролланган шахслар ўқ узган. Ҳамас бошқарувидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар беришича, ушбу ҳудудларда олти киши ҳалок бўлган, яна 99 киши жароҳатланган.

Исроил армияси ушбу ҳолат юзасидан текширув олиб борилаётганини билдирди. GHF баёнотида юқоридаги марказ душанба куни очилмагани ва ёрдам тарқатилган бошқа икки марказда ҳеч қандай ҳодиса юз бермагани айтилган.

Бу воқеа Исроил бош вазирининг Ғазода Ҳамасга қарши бўлган фаластинликларни қуроллантираётганини тан олганидан бир неча кун ўтиб юз берди. Олдинги ҳодисаларда гувоҳлар Исроил ҳарбийлари одамлар тўпланган жойга ўқ узганини айтишган. Исроил армияси эса бу даъволарни рад этиб, фақат огоҳлантиришларга эътибор бермаган «гумонланувчиларга» қарата ўқ узилганини билдирган.

Душанба куни содир бўлган ҳолатда эса воқеа жойидаги одамлар бу сафар фаластинлик қуролланган кишилар ҳам уларга ўқ узганини айтишди. Гувоҳлар уларнинг бу жангарилар билан Исроил ҳарбий кучларига яқин жойда ҳаракатланаётгани, сўнгра Исроил ҳарбий зонасига чекинишганини кузатган.

BBC Arabic'нинг Яқин Шарқдаги кундалик дастурига берган интервьюсида гувоҳ Ҳишам Саид шундай деган:

«Ёрдам олиш учун ҳудудга борганимизда, фуқаро кийимидаги, юзлари бутунлай ёпилган йигитлар гуруҳини кўрдик. Дастлаб, уларни ёрдам тарқатишда кўмаклашаётган фаластинлик ёшлар деб ўйладик, аммо улар тўсатдан бизга қарата ўқ узишни бошлашди. Ёрдам қутисини олиб улгурганлар ҳам нишонга олинди. Ҳозиргача ким ҳужум қилганини билмаймиз. Улар биздан ҳамма нарсани тортиб олишди — ҳатто баъзилар оломон орасида ўғрилик қилишди».

Исроил Мудофаа Кучлари ушбу ҳодиса бўйича текширув олиб бораётганини тасдиқлади.

GHF — АҚШнинг хусусий хавфсизлик компаниялари ёрдамида БМТни четлаб ўтган ҳолда фаластинликларга ёрдам етказишни мақсад қилган. БМТ ва бошқа йирик ёрдам ташкилотлари эса бу тизимга қарши чиқмоқда, чунки у нейтраллик, холислик ва мустақиллик каби инсонпарварлик тамойилларини бузади.

Исроил қарийб уч ойга яқин бутунлай блокада ўрнатгани натижасида Ғазодаги 2,1 миллион аҳолининг очарчилик даражасидаги фалокат билан юзма-юз турибди.

Исроил армияси Ғазода бошланган босқинчилик уруши оқибатида 2023 йил октябрдан буён секторда камида 54 минг 927 киши ҳалок бўлди.

Лос-Анжелесдаги намойишлар: Трамп шаҳарга денгиз пиёда аскарларини юборди. Зиддият кучаймоқда

Душанба куни асосан тинч ўтган намойишлардан сўнг Трампнинг депортацияга қарши рейдларига норозилик билдириб ўтказилган акцияларда зиддият кучайди. Оқ уй маъмурияти қўшимча ҳарбий куч юборилишини буюргач, вазият кескинлашди.

Бошида бу нотинчлик шаҳарнинг марказий қисмида, федерал бино ва шаҳар ҳокимлиги атрофида тўпланган намойишчиларни тарқатиш учун ҳуқуқ-тартибот ходимлари ёруғлик-шовқин гранаталари ва юмшоқ ўқ (кўпикли резина)лардан фойдаланди. Кеч тушган сари, федерал бино атрофини тўлиқ зирҳли кийимдаги полиция ва Миллий гвардия кучлари қуршаб олди. Кейинчалик намойишчилар бошқа ҳудудларга ҳам тарқала бошлади.

Ерда юз бераётган қарама-қаршиликлар Калифорния ва Вашингтон расмийлари ўртасидаги кескин сиёсий зиддиятни ҳам акс эттирди. Трамп маъмуриятининг янги юборилган кучлари билан федерал кучлар сони 4 000 Миллий гвардиячи ва 700 фаол хизматдаги денгиз пиёдаларигача етди. Бу кескинлик, намойишлар кичик кўламда ва чекланган жойларда ўтаётганига қарамай, Трампнинг «вазият назорат остида» деган баёнотига зид равишда рўй берди.

Лос Анжелес шаҳри ва Калифорния штати раҳбарлари федерал қўшинлар керак эмаслигини ва улар фақат провокация келтириб чиқаришини айтди. Калифорния губернатори Гавин Нюсом маъмурияти Трампнинг Миллий гвардиячиларни юбориш буйруғини тўхтатиш учун судга мурожаат қилган.

Лос-Анжелес округининг вакили Линдси Ҳорват Трампнинг 700 нафар денгиз пиёдаси юбориш қарорини шундай изоҳлади: «Бу бутунлай ортиқча. Денгиз пиёдалари сингари фидокор инсонларни бундай ҳолатда ишлатиш нотўғри. Бизга вазиятни кучайтириш керак эмас — Калифорния Миллий гвардиясини ўз халқимизга қарши қўйиш, устига-устак денгиз пиёдаларини юбориш... нимага, айнан нима қилишлари учун — бу номаълум», деган Ҳорват.

New York Times нашрининг ёзишича, Twentynine Palms базасидан денгиз пиёдаларининг АҚШ кўчаларига юборилиши қандай ҳуқуқий асосда амалга оширилгани аниқ эмас. Одатда, федерал қонунлар фаол ҳарбийларнинг ички хавфсизлик ишларида иштирок этишини тақиқлайди — фақат президент Қўзғолон тўғрисидаги қонунни ишга солса, бундан мустасно.

Намойишларда Мексика байроқлари ҳам кўп учраган, Трамп маъмурияти бу байроқ кўтарувчиларни «қўзғолончилар» деб атаб, уларни АҚШ фуқароси эмас деб тахмин қилмоқда. Аммо ОАВга кўра, аслида бу байроқларни кўтараётганларнинг кўпчилиги АҚШ фуқаролари бўлиб, улар бу орқали ўз илдизлари билан фахрланишларини ифода этмоқда.

Россия ҳарбий базаларда самолётлар учун усти ёпиқ махсус жойлар қурмоқда

Россия Қуролли кучлари ўндан ортиқ Ту-95 ва Ту-22М стратегик бомбардимончи самолётларини йўқотишига олиб келган «Паутина» операциясидан сўнг ўзининг ҳарбий базаларида самолётлар учун усти ёпиқ махсус жойлар қуришни бошлади. Бу ҳақда OSINT таҳлилчилари маълум қилган.

Хусусан, Def Mon тахаллуси остидаги OSINT таҳлилчиси сунъий йўлдош тасвирларига асосланиб, самолётлар учун бошпана яратиш бўйича ишлар Россия бўйлаб 14 та стратегик базаларда олиб борилмоқда, деган хулосага келди. Бундан ташқари, Қрим ҳудудидаги базаларда ҳам самолётлар учун бошпана қурилмоқда, дейилади унинг постларида.

Россия ҳарбий аэродромларига Украина учувчисиз учоқларининг ҳужуми натижасида шикастланган стратегик жанговар самолётларни алмаштириш учун Россияга йиллар керак бўлади, демоқда Reuters агентлигига ушбу соҳадаги экспертлар. Бу йўқотишлар «Россия армиясининг ўз имкониятлари чегарасида ишлаётган асосий кучларига жиддий босим ўтказади», деди агентликка Қироллик бирлашган мудофаа тадқиқотлари институти эксперти Жастин Бронк.

Лекин бомбардимончиларнинг йўқотилиши Россиянинг ядровий салоҳиятига жиддий таъсир кўрсатиши даргумон. Чунки Россиянинг ядровий кучлари асосини қуруқликдан ва сувости кемаларидан учириладиган ракеталар ташкил этади.

Маскнинг отаси Москвада: Илон хатога йўл қўйди

«Царьград институти» иштирокида ташкил этилган «Келажак форуми 2050»да маърузачилар қаторида Илон Маскнинг отаси Эррол Маск ҳам қатнашади. «Известия» газетасининг хабар беришича, 79 ёшли Маск аллақачон Россия Федерациясига етиб борган.

«Трамп ғалаба қозонади, у президент, у президент этиб сайланди. Демак, биласизми, Илон хато қилди, менимча у чарчади, стрессда. Беш ойлик тинимсиз стресс», — деди Эррол Маск. Унинг сўзларига кўра, кичик Маск Оқ уй туфайли посттравматик стресс бузилишига эга. Шу билан бирга, Эррол можаро тез орада тугайди, деган фикрни билдирди.

Эррол Маск келган форумда «кўп қутбли дунё», «анъанавий қадриятлар», сунъий интеллект ва Россия космоси муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Исроил ҳаво кучлари Сурияга ҳужум қилди

Исроил ҳаво кучлари Сурия жанубидаги Мазраат Байт Жин ҳудудига ҳаво ҳужуми уюштирди. Бу ҳақда Исроил армияси матбуот хизмати баёнотида айтилган.

Сурия инсон ҳуқуқлари ташкилотининг хабар беришича, БМТ назорат қиладиган буфер зона яқинидаги шаҳарчада Исроил ҳужуми натижасида бир киши ҳалок бўлди, икки киши яраланди.

Ҳужум нишони автомобиль бўлган. Ҳалок бўлган шахс Ҳамас аъзоси экани айтилмоқда, аммо ташкилот ҳозирча бу борада изоҳ бергани йўқ.

Маълумотларга кўра, Исроил жорий йил давомида Сурияда жами 61 марта ҳужум уюштирган — улардан 51 таси ҳаво ҳужумлари, 10 таси қуруқликдан амалга оширилган.

Бу ҳафтанинг бошида Суриядан Исроилга икки ракета отилган эди. Бу ҳолат Асад қулаганидан бери биринчи марта содир бўлмоқда. Шундан сўнг Исроил Сурия жанубига қарши зарба берди. Исроил мудофаа вазири Исраел Кац бу ҳаракат учун Сурияни «тўғридан тўғри жавобгар» деб атади.

Сурия ташқи ишлар вазири Асаад ал-Шайбоний эса Исроил ҳужумларини қоралаб, уларни «Суриянинг тараққиёти ва барқарорлигини издан чиқаришга қаратилган мувофиқлаштирилган провокациялар» деб баҳолади. 

Мавзуга оид