Жаҳон | 18:02 / 13.06.2025
22740
8 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Эронга ҳужуми. Сўнгги маълумотлар

Ядро соҳасидаги олти нафар олим ва 20 генерал, жумладан, ҳаво кучлари қўмондони Амир Али Ҳожизода ҳам ўлдирилган. Эрон бунга жавобан юзлаб дронлар учирди – уларнинг барчаси тўхтатиб қолинган.

Фото: AFP / Scanpix / LETA

Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эрон бўйлаб зарба беришни бошлади. Ҳаво ҳужумлари нишонлари уранни бойитиш бўйича корхоналар, ракета базалари, шунингдек Ислом инқилоби муҳофизлари раҳбарияти ҳамда ядро соҳасидаги олимлар бўлмоқда. Ҳужум давом этмоқда.

Ҳужумлар оқибатида ядро соҳаси олимлари ҳамда Эрон ҳарбий қўмондонлиги вакиллари ҳалок бўлган. Теҳрондагилар олти нафар олим – Абдулҳамид Манучеҳр, Аҳмадризо Зулфиқорий, Амир Ҳусайн Феки, Муталлаб Близода, Муҳаммад Маҳди Теҳрончи ва Фариддун Аббосийнинг ўлимини тасдиқлаган. Исроил мудофаа армияси аввалига Эрон қуролли кучлари бирлашган штаб бош қўмондони Муҳаммад Бағирий, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Ҳусайн Саломий, Эрон қуролли кучлари қўмондони ўринбосари – фавқулодда вазиятлар бўйича штаб бошлиғи Ғулом Али Рашид ўлдирилгани ҳақида баёнот берди.

Кейинроқ Reuters агентлиги Исроилнинг Эронга зарбалари оқибатида камида 20 нафар эронлик юқори мартабали қўмондон ҳалок бўлганини хабар қилди. Исроил ҳарбийлари маълум қилишича, қирувчи самолётлар Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳаво-космик кучлари қўмондони Амир Али Ҳожизода ва бошқа юқори мартабали мулозимлар йиғилган объектга зарба берган. Ҳожизода билан бирга ҳаво кучлари дрон бўлинмаси қўмондони Тоҳир Пур ва ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари қўмондони Довуд Шайхиён ҳам ҳалок бўлган.

Генерал Амир Али Ҳожизода

Натанздаги уранни бойитиш корхонаси зарбага учраган – Исроил махсус хизматлари маълумотларига кўра, объект яксон этилган. Халқаро атом энергетикаси агентлиги Бушердаги атом электр станцияси, Фордодаги уранни бойитиш корхонаси ва Исфаҳондаги ядро объектига зарар етмаганини маълум қилган.

Исроил ҳужуми чоғида Теҳроннинг баъзи ҳудудлари ҳам зарба остида қолди, турар жой биноларига зарар етказилди. Tasnim агентлиги маълумотига кўра, пойтахтда 50 киши жароҳатланган, улардан 35 нафари аёллар ва болалардир.

Қизил Ярим ой вакилининг айтишича, Эроннинг 12 вилоятида 100 нафарга яқин одам жароҳатланган, улардан 95 нафари шифохонага ётқизилган. Бир қутқарувчи ҳалок бўлган, яна бири яраланган.

«Юқори аниқликдаги ва синхронлаштирилган операция»ни ўтказиш учун 200 та қирувчи самолёт жалб қилингани, жами 330 та турли ўқ-дорилар қўллангани, 100 дан ортиқ нишонлар йўқ қилингани маълум қилинган.

Эрон Исроил ҳужумига жавобан юзлаб дрон учирди. Дронлар бир неча соат давомида ҳавода бўлди, Исроил ҳарбийлари эса АҚШ ва Буюк Британия кўмагида уларни Ироқ ва Сурия осмонида тўхтатишни бошлади. Иордания ҳам ўз ҳудудидан ўтаётган дронларни уриб туширган. Натижада барча дронлар тутиб қолинди, деб ёзди «Едиот Ахронот» (Исроил мудофаа армияси ҳозирча буни расман тасдиқламади). Ҳозирга келиб Исроил ҳукумати аҳолининг бошпаналар яқинида бўлиши тўғрисидаги буйруқни бекор қилган.

Эрон Исроилга баллистик ракеталар учириши мумкинлиги – улар Исроил ҳаво ҳудудига дронлар билан бир вақтда етиб бориши ҳам тахмин қилинганди. Ҳозирча бундай бўлгани йўқ.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳужумларни «жуда муваффақиятли» деб атади, аммо «ҳар бир урушнинг ўз баҳоси борлиги»ни таъкидлади. «Сиз бошпаналарда одатдагидан кўра кўпроқ вақт қолишингизга тўғри келиши мумкин. Албатта, барча зарур нарсаларни ғамлаб қўйинг, ишончим комилки, буни аллақачон амалга оширгансиз. Лекин энг муҳими – руҳингиз мустаҳкам бўлсин, йўлимиз тўғрилигига, ғалабамизга ишончни сақланг», – деди у.

Исроил ҳукумати фуқаро авиацияси учун ҳаво ҳудудини ёпди, Исроил авиакомпаниялари ўз лайнерларини Бен-Гурион аэропортидан Европа аэропортларига кўчиришни бошлади. Исроилнинг бош раввинлари яқинлашиб келаётган шаббатда синагогларда ибодат маросимлари ўтказмасликка кўрсатма берди. Исроилнинг дипломатик ваколатхоналари ва бутун дунё бўйлаб яҳудий жамоаларида хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Исроил Миллий хавфсизлик штаби мамлакатнинг хориждаги барча фуқароларига яҳудий ёки Исроил рамзларини ошкора намойиш қилмасликни ва Исроил ёки яҳудий жамоаси билан боғлиқ оммавий тадбирларга бормасликни тавсия қилди.

АҚШ Исроил ҳужумида иштирок этмаганини айтмоқда. «Биз Эронга зарба беришда иштирок этмаймиз ва бизнинг асосий устувор вазифамиз минтақадаги Америка кучларини ҳимоя қилишдир», - деди давлат котиби Марко Рубио зарбалар бошланганидан сўнг дарҳол. Шу билан бирга, у Исроил ҳужум ҳақида АҚШни хабардор қилганини таъкидлаб, унинг ҳаракатлари «ўзини ҳимоя қилиш учун зарур бўлгани»ни таъкидлади.

АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам ўзи учун «ҳеч қандай сюрприз бўлмагани»ни айтди ва АҚШ операцияга жалб қилинмаганини таъкидлади. «Эрон ядровий бомбага эга бўлишига йўл қўйиб бўлмайди», – деди Трамп ва Теҳрон музокаралар столига қайтишига умид билдирди. У Эроннинг йўқотишларини назарда тутган ҳолда «уларнинг раҳбариятида қайтиб келмайдиган бир неча одамлар борлиги»ни қўшимча қилди. Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ Исроилга, агар унинг ёрдами керак бўлса, албатта ёрдам беради.

Эрон расмийлари Исроилнинг ҳужуми мамлакат ракета-ядро дастурини ривожлантириши зарурлигини исботлашини таъкидлади. «Бундай йиртқич режим билан фақат куч тилида гаплашиш мумкин. Энди дунё Эроннинг [уранни] бойитиш ҳуқуқи, ядровий технологиялар ва ракета қуввати борасидаги қатъиятини яхшироқ тушунмоқда», – дейилади расмий Теҳрон баёнотида. Шунингдек, Эрон ТИВ раҳбари Аббос Арақчи Исроил АҚШнинг рухсатисиз ҳужумни амалга ошира олмаслигига ишонч билдирди. «Шундай қилиб, АҚШ ҳукумати ушбу режимнинг асосий ҳомийси сифатида сионистик режим авантюризмининг хавфли оқибатлари учун ҳам масъулдир», – дея таъкидлади у. Эрон олий раҳбари Али Хоминаий Исроил «қаттиқ жазони кутиши кераклиги»ни таъкидлади. Эрон телевидениеси Теҳрон Исроил ҳужумидан кейин музокараларни давом эттирмаслигини маълум қилган.

Дунёдагилар Исроил ва Эронни вазминликка чақиришмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш «жиддий хавотирдалиги»ни айтди ва ҳар икки томонни «ҳар қандай ҳолатда ҳам можаронинг янада кучайишига йўл қўймасликка чақирди – минтақа бунга дош бера олмайди». Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков «Россия вазият кескинлашувидан хавотирдалиги ва ҳужумни қоралаши»ни билдирган.

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер «барча томонларни ортга қадам ташлаш ва кескинликни зудлик билан камайтириш»га чақирди. Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро Париж «Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаши»ни айтди; Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам худди шундай баёнот билан чиқди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Пекин «вазиятни юмшатишда ёрдам беришда конструктив рол ўйнаш»га тайёрлигини, шу билан бирга Эрон суверенитети ва хавфсизлиги бузилишига қарши эканини алоҳида таъкидлади.

Исроилнинг ҳаракатларини Туркия, Саудия Арабистони, шунингдек, Эрон ва АҚШ ўртасидаги музокараларда воситачи бўлган Ўмон тўғридан тўғри қоралади.

Мавзуга оид