Жаҳон | 17:16 / 14.06.2025
7960
2 дақиқада ўқилади

Эрон Исроилга ёрдам бераётган давлатларга зарбалар билан таҳдид қилди

Жумладан, Франция, Буюк Британия ва АҚШ бу ҳақда огоҳлантирилган.

Фото: EPA/ТАСС

Эрон ўз ҳудудига ҳужум қилишда Исроилга кўмаклашаётган давлатларга жавоб зарбалари билан таҳдид этди. Бу ҳақда Эрон нашрларига таяниб «Коммерсант» хабар берди.

Эроннинг Fars нашри хабарига кўра, Франция, Буюк Британия ва АҚШ бу ҳақда огоҳлантирилган.

Қайд қилинишича, Эроннинг нишонлари орасида Форс кўрфазидаги Исроил иттифоқчиларининг ҳарбий базалари ва кемалари бўлиши мумкин, жумладан Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базалари. Шунингдек, Теҳрон Қизил денгиздаги кемаларга зарба беришга тайёрлигини маълум қилган.

Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эрон ҳудудига ҳужум қила бошлади. Оқибатда Эроннинг бир қанча юқори мартабали ҳарбий офицерлари, шунингдек, ядровий тадқиқотлар билан шуғулланувчи олимлар ҳалок бўлди. Умуман олганда, Эрон ҳукумати маълумотларига кўра, Исроил ҳужумлари оқибатида 78 киши ҳалок бўлган, 320 нафардан ортиғи жароҳатланган, улар орасида тинч аҳоли ҳам бор.

Эрон бунга жавобан 13 июнь куни кечқурун Исроилга қарата ракеталарни отди. ОАВ хабар беришича, оқибатда 4 киши ҳалок бўлган, 70 нафардан ортиғи жароҳатланган.

Мавзуга оид