Жамият | 08:48
2443
2 дақиқада ўқилади

Истанбулда ўгай отаси томонидан жинсий зўравонликка учраб, қаровсиз қолган ўзбекистонлик қиз ватанга қайтарилди

Туркияда қаровсиз қолган вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди. У Истанбулда ўгай отаси томонидан жинсий зўравонликка учраган ва болалар уйига жойлаштирилган. У ердан озод этилгач, опаси билан яшаган. Бироқ опаси полицияга куч ишлатгани учун қамоққа олингани сабаб қиз қаровсиз қолган.

Фото: Истанбулдаги бош консулхона

Туркияда оғир шароитда қолган вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси Истанбулдаги бош консулхона ва фуқаролик жамиятлари кўмагида ватанга қайтарилди. Бу ҳақда консулхона ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаро Т.О.нинг онаси 2015 йилда Туркияга иш излаб келган ва Истанбулга жойлашган. У ерда Туркия фуқароси билан шаръий никоҳ асосида турмуш қурган. Қизининг айтишича, ўгай отаси унга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган.

2017 йилда ҳолат аниқлангач, вояга етмаган фуқаро Истанбулдаги болалар уйига жойлаштирилган. 2024 йил февраль ойида Т.О.нинг опаси судга қилган мурожаат асосида у болалар уйидан озод этилган. Бироқ, опасининг Туркия полициясига куч ишлатгани учун қамоққа тушгани боис, Т.О. яна қаровсиз қолган.

Бош консулхона Елкадош ва Ўзбек хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари билан ҳамкорликда унинг Ўзбекистонга қайтарилиши ва қонуний вакилларига топширилишини ташкил этди.

Дипломатик ваколатхона ота-оналарни фарзандлари тақдирига бефарқ бўлмасликка, уларнинг хавфсизлиги ва ҳуқуқий ҳимоясига эътиборли бўлишга чақирди.

Мавзуга оид