Ўзбекистон | 11:13
1958
3 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси консалтинг фирмалардан огоҳ бўлишга чақирди

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хорижда ишлаш ва ўқиш учун “осон” боришни ваъда қилаётган консалтинг фирмалардан огоҳ бўлишга чақирди.

2025 йилда фуқаролардан алдамчи консалтинг фирмалари бўйича 20 га яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг кўпчилиги хорижда ишга ёки ўқишга жойлаштириш ваъдаси билан фирмаларга пул тўлаган, аммо тўланган маблағлар қайтарилмаган ёки хизматлар бажарилмаганини билдирмоқда.

Хусусан:

  • Тошкент шаҳридаги МЧЖга 16 миллион сўмдан ортиқ тўлов қилган А.Б.нинг Латвияга ишга юбориш масаласи бўйича;
  • Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро Ш.М.нинг Латвияда иш топиш ва виза расмийлаштириб бериш учун Қўқондаги МЧЖга жами 2000 доллар эквиваленти миқдорида пул тўлагани тўғрисида;
  • Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги фуқаро О.Х. Германияга ишлашга бориш мақсадида Яккасарой туманидаги МЧЖга 36 миллион сўм тўлаган. Бироқ, фирма фаолиятини юритмаётгани, хизматлар бажарилмагани ҳамда пуллар қайтарилмагани тўғрисида ва бошқа мурожаатлар келиб тушган.

“Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, хорижда ишга жойлаштириш хизмати фақат лицензияга эга агентликлар томонидан амалга оширилиши мумкин. Аммо кўпгина фирмалар бу қоидага амал қилмайди. Жумладан, айрим консалтинг фирмалари ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларни ишончига кириб, уларга хорижга ишга ёки ўқишга юборишни ваъда қилиб, пул олган, аммо уларнинг хизматлари бажарилмаган.

Қайд этилишича, бундай фирмаларнинг кўпчилиги лицензияга эга эмас ва уларнинг фаолияти қонуний эмас.

Шунингдек, Европанинг Ирландия, Англия, Дания, Норвегия каби давлатларига ишга юбориш тўғрисида эълонлар бериб, фуқароларга консалтинг хизматлари эмас, айнан хорижга ишга жойлаштириш бўйича хизматларни кўрсатиш билан шуғулланиб келаётган МЧЖга Миграция агентлиги томонидан БҲМнинг 300 баравари (112,5 миллион сўм) миқдорида жарима қўлланган. Бошқа фирмаларга нисбатан ҳам ҳуқуқий чоралар кўрилган.

Хорижда ўқиш ва ишлаш ниятида бўлсангиз, ҳар қандай ўртакаш фирмалар алдовларига ишонманг, улар фаолияти қонунийлигини ва лицензияси мавжудлигини текширинг, дейилади қўмита хабарида. Уларнинг лицензиялари бор-йўқлигини Адлия вазирлиги сайтидаги реестрдан текшириш мумкин. 

Мавзуга оид