Сўм 5 кунда 2 фоизга мустаҳкамланди. Бунга нималар таъсир қиляпти?
АҚШ долларининг сўмга нисбатан Марказий банк белгилаган қиймати 15 ойлик минимумни қайд этди ва 12 500 сўмдан пастга тушди. Йил бошидан буён миллий валюта АҚШ валютасига нисбатан қарийб 3,2 фоизга мустаҳкамланди. Қандай қилиб?

Ўзбекистон Марказий банки 23 июндан хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматини белгилади. АҚШ доллари курси кунлик савдолар якунига кўра яна 62 сўмга ўз қийматини йўқотди.
Умуман олганда, доллар курси кетма-кет бешинчи савдо куни сўмга нисбатан пасайиб, 264 сўмга ёки 12 760 сўмдан 12 496 сўмга арзонлашди. Бу – 2024 йилнинг 29 февралидан бери қайд этилган энг паст кўрсаткич.
Йил бошидан буён миллий валюта АҚШ валютасига нисбатан қарийб 3,2 фоизга мустаҳкамланди. Таққослаш учун: 2024 йилнинг январ-июн ойларида сўм 2,2 фоизга қадрсизланганди.
Сўм нега мустаҳкамланяпти?
Биринчидан, долларнинг ўзи глобал валюта сифатида қадрсизлана бошлади. Хусусан, йиллик нисбатда доллар индекси 6,8 фоиздан кўпроққа қадрини йўқотди. Чунки Трампнинг президентликка келиши ва у томонидан жорий қилинган савдо тарифлари глобал иқтисодий барқарорлик бўйича ноаниқликларни кучайтирди. Натижада инвесторларнинг АҚШ иқтисодиёти бўйича кутилмалари ёмонлашди. Бу эса фонд ҳамда валюта бозорларига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади.
Иккинчидан, Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичлари ҳам сўмнинг мустаҳкамланишига ёрдам беряпти. Жумладан, глобал ноаниқликлар ва Яқин Шарқдаги сиёсий вазиятнинг ёмонлашиши фонида олтин нархининг кескин ўсиши давом этяпти. Хусусан, йил бошидан бери қимматбаҳо металл нархи 28 фоизга ошди. Ўзбекистон эса энг йирик олтин экспортёрларидан бири ҳисобланади. 2025 йилнинг дастлабки 4 ойида 26 тонна соф олтин сотуви амалга оширилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг халқаро захира активлари таркибида олтиннинг ўрни жудаям катта ҳисобланади. Мазкур қимматбаҳо металл нархининг ўсиб бораётгани фонида Ўзбекистон захиралар ҳажми йил бошига нисбатан 8,48 млрд долларга ошди ва 49,66 млрд долларга етди. Бу мамлакат тарихидаги рекорд кўрсаткичдир. Захираларнинг ўсиши ўз-ўзидан Марказий банкка валюта бозорига таъсир қилиш учун кўпроқ имконият яратади.
Учинчидан, экспортнинг кескин ўсиши ва ташқи савдода тақчилликнинг қисқариш тенденцияси юз беряпти. Жумладан, жорий йилнинг 4 ойида экспорт ҳажми 12 млрд долларни ташкил этиб, олдинги йилнинг мос даврига нисбатан 35 фоизга кўпайди. Олтин экспорти эса 62 фоизга ўсиб, 5,6 млрд долларга етди. Экспортнинг бундай юқори ўсиши фонида ташқи савдо дефицити 846 млн долларгача қисқарди. Феврал, март ва апрел ойларида ташқи савдода профицит кузатиляпти. Бу эса миллий валюта учун қулай шарт-шароитлар яратади.
Тўртинчидан, Ўзбекистон билан асосий иқтисодий ҳамкор давлатлар миллий валюталарида ҳам мустаҳкамланиш юз беряпти. Бу хориждан пул ўтказмаларининг ўсишига ҳисса қўшиши, шунингдек, сўм курсини қўллаб-қувватлаши мумкин. Биргина 2025 йилнинг бошидан бери рубл курсининг долларга нисбатан 23 фоиздан кўпроққа музтаҳкамланиши кузатилди. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистонга пул ўтказмаларининг ўсишини тезлаштирди. Жорий йилнинг биринчи чорагида пул ўтказмалари ҳажми 3,3 млрд долларни ташкил этиб, олдинги йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоизга ўсган.
Шунингдек, S&P ва Moody’s каби халқаро агентликлар Ўзбекистон кредит рейтинги прогнозини «барқарор»дан «ижобий»га ўзгартирди. Мазкур ҳодиса ҳам иқтисодиёт бўйича кутилмаларнинг яхшиланишига хизмат қилади. Бу ҳам валюта курсига ижобий таъсир ўтказиши мумкин.
Мавзуга оид

16:29 / 19.06.2025
Сўм долларга нисбатан 4 кунда қарийб 1,6 фоизга мустаҳкамланди

16:51 / 18.06.2025
Долларнинг расмий курси охирги 10 ойликдаги энг паст даражага тушди

18:57 / 10.06.2025
Сўм 2 ҳафтада 2 фоизга мустаҳкамланди. Қандай қилиб?

15:08 / 01.06.2025