Сўм 2 ҳафтада 2 фоизга мустаҳкамланди. Қандай қилиб?
АҚШ долларининг сўмга нисбатан Марказий банк белгилаган қиймати 8 ойлик минимумни қайд этди. Иқтисодчи Миркомил Холбоевга кўра, ўзбек сўмининг қадри ошиши – асосий савдо ҳамкорларнинг валюталари ҳам долларга нисбатан мустаҳкамланаётгани фонида юз бермоқда. Пул ўтказмалари, олтин ва бошқа экспорт товарлар ҳамда капитал оқимларининг сўнгги ҳафталардаги динамикаси бўйича ҳали очиқ маълумотлар йўқ.

Фото: Kun.uz
Ўзбекистон Марказий банки АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курсини 11 июн учун 12 674,37 сўм деб белгилади. Бу – 2024 йил 5 сентябрдан кейинги давр учун минимум кўрсаткич бўлди.
Сўнгги 2 ҳафтада сўм долларга нисбатан 2 фоизга мустаҳкамланиб, 1 АҚШ доллари 265 сўмга арзонлашди. Йил бошига нисбатан долларнинг арзонлашиши 1,8 фоизни ташкил этмоқда.
Бугун, 10 июн куни Америка валютаси аксарият тижорат банкларида 12 750 сўмдан 12 780 сўмгача бўлган қийматда сотилди.

Сўмга нима бўляпти?
Иқтисодчи Миркомил Холбоев сўмнинг ўртача курси сўнгги 7 сессияда 0,8 фоизга мустаҳкамлангани сабабларини санаб ўтди.
Ҳамкор давлатлар валюталари. Сўнгги кунларда ҳамкорларимиз валюталарининг нисбатан мустаҳкамланиш тенденцияси кузатилмоқда. Хусусан, июн ойи бошидан буён рублнинг ўртача курси олдинги 6 сессиядаги ўртача курсга нисбатан 0,4 фоизга мустаҳкамланган. Май ойидаги ўртача курсга нисбатан эса 1,5 фоизга мустаҳкамланди.
Тенгенинг ўртача курси майга нисбатан 0,3 фоизга мустаҳкамланган (ой боши ва 10 сана ўртасидаги мустаҳкамланиш эса 0,5 фоиз атрофида). Ҳамкорларимиз валюталарининг мустаҳкамланиши улардан пул ўтказмаларининг ўсишига ва миллий валютамиз мустаҳкамланишига замин яратади.
Сўнгги ҳафтада доллар индекси нисбатан барқарор сақланаётган бўлса-да, ҳалигача нисбатан қадрсизланиш фазада қолмоқда. Хусусан, ой бошидан буён бироз 0,1 фоизга қадрсизланган бўлса-да, сўнгги бир ойда 2,5 фоиз атрофида қадрсизланганлигини кўриш мумкин. Долларнинг глобал қадрсизланиши эса сўмнинг нисбатан барқарор қолиши ва мустаҳкамланишига замин яратади.
Булардан ташқари, пул ўтказмалари (рубл мустаҳкамланиши фонида тезлашган бўлса керак), олтин ва бошқа экспорт товарларининг ўзгариши, капитал оқими каби омиллар сўм курсининг ўзгаришига таъсир ўтказаётган бўлиши мумкин, лекин бу омиллар бўйича маълумотлар ҳозирча мавжуд бўлмаганлиги учун уларнинг аниқ таъсири ҳақида хулоса бериш қийин.
Ой бошидан буён сўмнинг бошқа валюталарга нисбатан ўзгаришига эътибор қаратсак, кўрамизки (6 та сессия), сўм доллардан ташқари иена (0,37 фоизга), фунт (0,31 фоиз) каби захира валюталарига нисбатан мустаҳкамланган. Еврога нисбатан эса барқарор қолган (бироз қадрсизланган). Бу ҳолат глобал тенденцияларнинг сўмга таъсирини кўрсатади. Яъни глобал миқёсда евронинг долларга нисбатан мустаҳкамланиши кузатилмоқда (ой бошидан буён евро долларга нисбатан 0,8 фоизга мустаҳкамланган, ўртача курс эмас).
Бундан ташқари, сўм қўшниларимиз валюталаридан тенгега нисбатан 0,7 фоизга, сомга нисбатан 0,6 фоизга мустаҳкамланган бўлса, сомонига нисбатан 1,3 фоизга қадрсизланган. Рублга нисбатан эса 0,4 фоизга қадрсизланган. Бу ҳам минтақавий тенденцияларни ўзида намоён этади. Яъни рублнинг мустаҳкамланиши минтақадаги бошқа валюталарнинг ҳам долларга нисбатан мустаҳкамланишига замин яратмоқда, аммо улар рублга нисбатан қадрсизланмоқда.
Шунингдек, илк 4 ойдаги юқори даражадаги олтин экспорти (5,6 млрд доллар) натижасида йиғилиб қолган захиралар ҳам сўмнинг мустаҳкамланишида рол ўйнаётган бўлиши мумкин.
Мавзуга оид

16:34 / 29.05.2025
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 7 ойлик минимумга тушди

22:31 / 28.04.2025
BRICS янги валюта яратишни режалаштирмаяпти

10:11 / 20.03.2025
ДХХ 1,2 млн долларнинг ноқонуний олиб чиқилишига чек қўйди

10:09 / 11.03.2025