Жаҳон | 13:27
2540
10 дақиқада ўқилади

Хорижий журналистларни цензура қилаётган Исроил, ўзига «муҳлат берган» Трамп ва Зеленский билан учрашишга тайёр Путин – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Эрон-Исроил уруши: воқеалар ривожи

Бугун Исроил ва Эрон ўртасида уруш бошланганига бир ҳафта бўлди. Икки томон ҳам катта етарлича зарар кўрган. Эрон йирик ҳарбий амалдорлари ва олимларини йўқотган бўлса, Исроил ўзи ишонган «Темир гумбази»дан панд емоқда ва АҚШни урушга тортишга ҳаракат қилмоқда.

Хусусан, кеча тонгда Эрон ракеталари Тел-Авив ва унинг атрофидаги тўрт жойда нишонга етиб борган. Исроил ҳарбийлари дастлаб, зарбалардан бири Сорока касалхонасига берилганини айтиб чиқди. Бу касалхона — Исроилдаги энг йирик тиббиёт марказларидан бири бўлиб, Ғазодан келтирилган ярадор аскарларни қабул қилган.

Шунингдек, Эрон ракеталари Тел-Авив минтақасидаги Рамат Ган ҳудудига ва Фонд биржаси биносига ҳам зарар етказган. Эроннинг ушбу ракета ҳужумлари натижасида Исроилда кўплаб бинолар вайрон бўлган, жароҳат олганлар сони 50га яқинлашди.

Эрон расмий ахборот агентлиги — IRNA берган баёнотида, ракета ҳужумининг «асосий нишони» — Исроил армияси бош штаби ва разведка маркази бўлиб, у Гав-Ям технологик паркида маскировка қилингани айтилган. Бу объект Беъер-Шева шаҳридаги Сорока касалхонаси ёнида жойлашган.

IRNA'га кўра, касалхонага етган зарар фақат зарбанинг портлаш тўлқинлари оқибатида келиб чиққан, яъни тўғридан тўғри нишонга олинмаган. «Ҳарбий инфратузилма аниқ ва бевосита нишонга олинган», — дейилади хабарда. Кейинроқ, Исроил тиббий хизматлари вакили Сорока касалхонасига етган зарар ракетанинг бевосита урилиши эмас, портлаш тўлқинлари сабабли юзага келганини тасдиқлади.

Ўз навбатида Исроил армияси ўз қирувчи самолётлари Эрон бўйлаб ўнлаб нишонларга ҳужум уюштирганини, жумладан Аракдаги оғир сув ядровий реактори ҳам нишонга олинганини маълум қилди.

Муҳофизлар корпуси қўмондони Муҳсен Ризоий Исроилнинг зарбаларидан олдин «барча бойитилган ядро материаллари хавфсиз жойларга кўчирилгани»ни таъкидлади. Ризоийга кўра, Исроил томонидан Натанз, Исфаҳон, Хандоб ва Аракдаги ядро объектларига уюштирилган ҳужумлар муҳим материалларга зарар етказмаган.

Исроилда Темир гумбаз ўтказиб юбораётган ракета зарбаларининг ортиши ҳамда Al-Jazeera телеканали Ҳайфада жойлашган нефтни қайта ишлаш заводига берилган зарба ҳақида репортаж тайёрлагач, Исроил ҳукумати хорижий журналистларга нисбатан цензура қилишни бошлади.

Хусусан, Исроил хавфсизлик кучлари хорижий телеканалларнинг суратга олиш гуруҳлари яшаётган Ҳайфа шаҳридаги меҳмонхоналарда рейдлар ўтказди. Ракета келиб тушгани айтилган Сорока касалхонасига журналистлар келишини тақиқлаб қўйди.

Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир эса фуқароларни Al-Jazeera телеканалини томоша қилаётганлар ҳақида полицияга хабар беришга чақирди. У бу кўрсатувларни «давлат хавфсизлигига таҳдид» деб атаган.

Трамп ўзига 2 ҳафта «муҳлат берди»

Оқ уй матбуот котиби Керолин Ливитнинг айтишича, АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан музокаралар эҳтимоли юқори бўлгани сабабли, унга ҳужум қилиш ёки қилмаслик ҳақида икки ҳафта ичида қарор қабул қилади.

Ливитнинг сўзларига кўра, Трамп яна бир бор дипломатияга имкон бермоқчи ва Эрон билан ядро музокараларида нима содир бўлишини кузатмоқчи.

«Президент бу борада қарорни бевосита ўзи эълон қилади. У айтдики, Эрон билан музокаралар яқин кунларда бошланиши мумкин. Шу сабабли, икки ҳафта ичида ҳужум қилиш ёки қилмаслик ҳақида қарор қабул қилади. Президент, агар имкон бўлса, ҳар доим дипломатик ечимларни афзал кўради. У глобал можароларда тинчлик тарафдори — у бош дипломатчи, аммо зарурат туғилса куч ишлатишдан ҳам чўчимайди», деган Оқ уй сўзчиси.

Трампнинг ушбу баёноти фонида Reuters нашри Германия, Франция ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари жума куни Женевада Эрон ташқи ишлар вазири билан учрашмоқчи экани ҳақида хабар тарқатди. Музокаралар мавзуси Теҳроннинг ядровий дастури бўлади. Reutersʼнинг Европадаги дипломатик манбаларига кўра, учрашув АҚШ билан келишилган ҳолда ўтказилмоқда.

Шунингдек, АҚШ Сенатининг разведка бўйича махсус қўмитаси раиси ўринбосари Марк Уорнер Миллий разведка хизмати Эроннинг ядровий қурол яратиш устида ишлаётгани ҳақида ҳалигача ҳеч қандай далилга эга эмаслигини айтган.

Уорнер — Миллий разведка директори Тулси Габбард 25 март куни махсус қўмита учун ёзма баёнотида: «Эрон бомба ясаш бўйича ҳеч қандай чора кўрмади», деб айтганини ҳам қўшимча қилди. «Шу ҳафтанинг душанба куни биз разведка маълумоти ўзгармагани ҳақидаги тасдиқни олдик. Твитлар орқали ташқи сиёсат юритиш — аҳмоқона иш. Лекин бу одам шундай қиляпти», дея қўшимча қилди сенатор-демократ.

Аввалроқ, таҳлилчилар, Исроилнинг ўзбошимчалик билан бошлаган ҳужуми Эроннинг фикри ўзгаришига олиб келган бўлиши мумкинлигини айтганди.

Путин Зеленский билан учрашишга тайёрлигини айтди

Россия президенти Владимир Путин «ҳамма билан, шу жумладан» украиналик ҳамкасби Володимир Зеленский билан ҳам учрашишга тайёрлигини айтди. У бу ҳақда Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида халқаро ахборот агентликлари раҳбарлари билан учрашувда айтиб ўтди.

«Муаммо бунда эмас. Агар Украина давлати кимгадир музокаралар олиб боришни ишонса – майли, бу Зеленский бўла қолсин. Гап бунда эмас, гап ҳужжатни ким имзолашида. Менга қаранг, мен ҳеч нарса ўйлаб топганим йўқ-ку. Пропаганда нуқтайи назаридан амалдаги ҳокимиятнинг легитимлиги ҳақида исталган нарсани айтиш мумкин, аммо биз учун жиддий масалаларни ҳал қилишда пропаганда эмас, балки ҳуқуқий таркибий қисм муҳим», – дея қўшимча қилди Путин. Украина Конституциясига кўра, президент беш йилга сайланади, «ҳукумат ваколатларини узайтириш усуллари йўқ, ҳатто ҳарбий ҳолат шароитида ҳам», дея давом этди Путин. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий ҳолатда фақат Олий Раданинг ваколатлари узайтирилади.

«У ерда ёзилишича, ҳарбий ҳолат шароитида сайловлар ўтказилмайди, бу ҳақиқат. Лекин ҳеч қаерда президентнинг ҳуқуқлари узайтирилиши ҳақида ёзилмаган. Йўқ, тамом! Конституциявий тузилишига кўра, Украина парламент ёки президентлик республикаси эмас, балки президентлик-парламент республикасидир. Бу нимани англатади: бу барча ҳокимият органлари президент томонидан шакллантирилишини англатади», – деди Путин ва агар давлат раҳбари қонуний бўлмаса, «бутун ҳокимият тизими қонуний бўлмай қолиши»ни қўшимча қилди.

Экспертлар: Исроилнинг Ғазога ёрдам олиб кетаётган кемага қарши ҳаракатлари халқаро қонунларга зиддир

Исроил ҳарбийларининг Ғазо секторига гуманитар ёрдам олиб кетаётган Madleen кемасини тўхтатиши халқаро ҳуқуқнинг бузилиши ва уруш жинояти ҳисобланади. Бу ҳақда Йорк университети ҳуқуқ факултети ўқитувчиси Ҳейди Метюс ва Абу-Даби Ню-Йорк университетидан Жинан Бастаки «Анадолу» билан суҳбатда айтиб ўтди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, кема халқаро сувларда сузиб кетаётганда қўлга олинган. «Исроил Ғазонинг қонуний денгиз блокадаси бир қисми сифатида кемани тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга эканини даъво қилмоқда. Агар блокада қонуний бўлса, Исроил назарий жиҳатдан уни халқаро сувларда қўллаш ҳуқуқига эга бўларди. Бироқ, бу фақат маълум шароитларда мумкин бўлади, масалан, кема ҳақиқий хавф туғдирса ёки бу транспорт воситасида ҳарбий ҳаракатларга самарали ҳисса қўшиши мумкин бўлган ҳолатлар бўлса», — дея тушунтирди Ҳейди Метюс.

Бундан ташқари, агентлик суҳбатдоши Исроилнинг Ғазо блокадаси мутлақ ноқонунийлигини таъкидлади. «Ушбу блокададан мақсад тинч аҳоли ўртасида қасддан очарчиликни келтириб чиқаришдир, бу эса жамоавий жазо ва ҳарбий жиноят ҳисобланади». Метюс Халқаро жиноий суд (ХЖC) Исроилнинг очликдан қурол сифатида фойдалангани ва бу билан уруш жинояти содир этгани ҳақида асосли даъво қилганини эслатди.

«Тўртинчи Женева конвенцияси инсонпарварлик ёрдамининг эркин ўтишига рухсат бериш мажбуриятини кўзда тутади. Ҳуманитар қонунчилик инсонпарвар ёрдам операцияларига аралашишни тақиқлайди. Бундан ташқари, ХЖС тинч аҳолининг очликдан ўлиши учун жиноий жавобгарликка тортади», — деди у.

Каллас Ғарбни Россияга қарши бирлашишга чақирди

Украинадаги уруш юзасидан АҚШ ва НАТОнинг аксарият бошқа давлатлари ўртасида давом этаётган келишмовчиликлар фонида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Ғарб иттифоқчиларини бирдам бўлишга чақирди. Страсбургда Европарламентда қилган чиқишида у: «Россиянинг НАТО ва ЕИга қарши ҳеч қандай имконияти йўқ», деди ва шундай таъкидлади: «Аммо биз бирга бўлишимиз керак!»

24—25 июн кунлари Ҳаагада бўлиб ўтадиган НАТО саммити олдидан Европа дипломатияси раҳбари «алянсда бирликни сақлаш мудофаа харажатларини ошириш каби устувор вазифа бўлишини» айтди. «Мен НАТОдаги иттифоқчиларимиз билан биргаликда ҳаракат қилиш орқали енгиб бўлмайдиган таҳдид борлигига ишонмайман», — дея қўшимча қилди Каллас.

The Times'нинг Украина президенти маъмуриятидаги манбасига таяниб ёзишича, Ҳаагадаги саммитга Украина президенти Володимир Зеленский ҳам таклиф қилинган, бироқ бу борадаги қарор «саммит арафасида» қабул қилинади.

Мавзуга оид