Чакана савдода чегирма бериш ва акция ўтказиш қоидалари белгиланиши мумкин
Рақобат қўмитаси ишлаб чиққан қарор лойиҳаси билан, сотувчиларнинг нархларни сунъий ошириб, кейин гўёки арзонлаштирилган нарх дея чегирма бериш орқали истеъмолчиларни чалғитишини тақиқлаш таклиф этилмоқда. Сотувчиларга акция ва чегирма ҳақидаги батафсил маълумотларни 10 кун олдин солиқ органига тақдим этиш мажбурияти юкланиши мумкин.

Фото: iStock
Ўзбекистон Рақобат қўмитаси чакана савдо қоидаларига акциялар ва чегирмалар ҳақида нормалар киритишни таклиф қилмоқда. Қўмита тегишли қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, сотувчи чегирма таклиф этганда, товарнинг аввалги нархини ҳам кўрсатиши керак бўлади. Чегирмада кўрсатилган аввалги нарх чегирма эълон қилингунга қадар охирги 30 кундаги энг паст нарх бўлиши лозим. Сотувчига буни исботлаш мажбуриятини юклаш таклиф этилмоқда.
Нархномада товарнинг акциядаги нархи одатий нарх ёзилган шрифтга қараганда каттароқ бўлиши мумкин эмас.
Сотувчи сунъий равишда нархларни ошириб, кейинчалик арзонлаштирилган нархларни чегирма сифатида кўрсатиш орқали истеъмолчиларни чалғитиши тақиқланади.
Ўтказиладиган акция ва чегирмалар ҳамда устамалар юзасидан батафсил ахборот, ушбу тадбирлар ўтказилишидан 10 кун олдин солиқ хизмати органларига тақдим этилиши шарт, деб белгиланиши мумкин.
Сотувчи ўз товарларига нисбатан чегирмаларни эълон қилишда товарлар ва нархлар ҳисобини юритишга, товарнинг охирги 30 кунда амалда бўлган нархларини қайд этиш ҳамда истеъмолчининг талабига кўра, мазкур маълумотларни тақдим этишга мажбур, деган қоида таклиф этилмоқда.
Акция ўтказмоқчи бўлган сотувчиларга қуйидаги талаблар қўйилиши мумкин:
- акцияни эълон қилишда унинг шартларини, шу жумладан акциянинг амал қилиш муддати, сотиб олиш шартлари, акцияга қўйиладиган товарлар номи (туркуми) ва бошқа муҳим маълумотларни истеъмолчиларга аниқ ва тушунарли қилиб етказиш;
- акция эълон қилингандан сўнг унинг шартларини ўзгартирмаслик, акцияга қўйиладиган товар нархи ҳақида тўғри ва етарли даражада тўлиқ маълумот бериш;
- акция давомида таклиф этилаётган чегирма, бонус ва бошқа имтиёзлар ҳақиқатда амал қилишини таъминлаш;
- акцияга қўйилган товарлар захирасини унинг амал қилиш муддати давомида етарли миқдорда бўлишини таъминлаш.
Бундан ташқари:
- чегирмани аниқ фоиз ёки сумма шаклида белгилаш ҳамда товар нархи осон аниқланиши ва аниқ ўқилишини таъминлаш;
- истеъмолчининг талабига кўра, ҳар бир товар учун чегирма нархгача бўлган нарх ҳақида аниқ маълумот тақдим этиш;
- товарнинг 30 кун олдинги нархини далилар билан асослаб бериш;
- агарда чегирма нархда сотилиши назарда тутилган товар сони чекланган ёки мавсумий ёхуд маҳсулотларининг ҳолатига боғлиқ бўлса (хизмат қилиш муддати ёки яроқлилик муддати яқинлашган, бут бўлмаган, мавсумий сотиш, эски захираларни тугатиш, қадоқлашнинг шикастланиши ва/ёки бошқа сабаблар), бу ҳақда чегирма тўғрисидаги маълумотда истеъмолчиларни хабардор қилиш;
- чегирма нархнинг амал қилиш муддати (бошланиш ва тугаш санаси)ни аниқ кўрсатиш, агар чегирма нарх фақатгина муайян шароитларда қўлланилса, бу шароитларни олдиндан маълум қилиш;
- агар чегирмани тақдим этиш истеъмолчидан шахсга доир маълумотларни бериш ёки рўйхатдан ўтказишни талаб қилса, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиш ва истеъмолчиларни уларнинг маълумотларини қайта ишлаш мақсадлари ва шартлари тўғрисида хабардор қилиш каби мажбуриятларни сотувчиларга юклаш таклиф этиляпти.
Акция ва чегирмалар қўллаган ҳолда чакана савдо қилиш бўйича талабларнинг бузилиши сотувчини жавобгарликка тортиш учун асос бўлишини белгилаш кўзда тутиляпти.
Жамоатчилик муҳокамаси 5 июлгача давом этади.
Ҳужжат лойиҳаси қабул қилиниши, ўзгартирилиши ёки рад этилиши мумкин.
Мавзуга оид

11:13 / 20.06.2025
Рақобат қўмитаси консалтинг фирмалардан огоҳ бўлишга чақирди

15:59 / 18.06.2025
Кўплаб автобус бекатлари талабга жавоб бермайди – Рақобат қўмитаси

14:00 / 18.06.2025
Айрим дорихоналар 2,6 млрд сўмдан ортиқ асоссиз даромад олгани аниқланди

09:14 / 18.06.2025