Жаҳон | 13:33
7155
9 дақиқада ўқилади

АҚШ базаларига зарба берган Эрон, уруш тугашини эълон қилган Трамп ва Путинга топширилган мактуб – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Эрон АҚШ ҳарбий базасига «заиф» зарба берди

23 июнь куни Эрон армияси АҚШнинг Қатардаги базаларига олтита ракета ёрдамида зарба берди. Бу зарбалар АҚШ томонидан Эроннинг ядро объектларига қилинган ҳужум ортидан берилмоқда.

Доҳа жануби-ғарбида Ал-Удейд ҳарбий-ҳаво базаси жойлашган. У ерга АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлигининг (CENTCOM) тезкор штаби жойлаштирилган.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси баёнотида айтилишича, Эрон Американинг Қатардаги Ал-Удейд ҳарбий-ҳаво базасига ракета зарбаларини берган. Бу АҚШ армиясининг минтақадаги «энг йирик стратегик активларидан бири» ҳисобланади.

Эрон Миллий хавфсизлик кенгаши зарба йўллашда АҚШ олдинроқ қанча бомбадан фойдаланган бўлса, шунча ракетани қўллаган. Эрон нишонига айланган Америка базалари Қатар аҳолиси яшайдиган шаҳар объектларидан узоқда жойлашган.

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон зарбалар беришдан олдин огоҳлантиргани туфайли инсоний талофатлар бўлмаганини айтиб, бунга миннатдорчилик билдирди.

«Эронликлар бизга қўнғироқ қилиб, «Қаранг, бизда бошқа илож йўқ. Сизга зарба беришимиз керак. Чунки биз ўзимизни ҳурмат қиламиз», деди. Мен уларни тушундим. Биз уларга зарба бердик — улар қандайдир жавоб қайтариши керак эди.

Эрон ядро объектларининг йўқ қилинишига жуда заиф тарзда жавоб берди, биз айнан шуни кутган эдик ва бу ҳужумни жуда самарали тарзда қайтардик», — деди Трамп. Сунъий йўлдош тасвирларида ҳам Қатардаги базада ҳужум олдидан ҳарбий техникалар яшириб қўйилгани ёки олиб кетилгани кўринади.

Ўз навбатида Қатар мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Эрон «ҳужумини муваффақиятли қайтаргани»ни маълум қилди. Қатар ТИВ ва унинг қўшнилари Эрон зарбасини қоралади.

Аввалроқ, Эрон ва Ироқ нашрлари Суриянинг Касрук ҳудудидаги Америка ҳарбий базасига ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берганди. Айтилишича, база миномётдан ўққа тутилган. Ким ўқ узгани номаълум. Ҳужум ортидан АҚШ базаларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. АҚШ расмийлари Суриядаги ўз базасига қилинган ҳужум ҳақида хабар бермади ва Эрон агентликларининг баёнотларини шарҳламади.

Трамп Эрон ва Исроил «тўлиқ оташкесимга» келишганини эълон қилди

Қатарга берилган зарбалар ортидан АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон ва Исроил «тўлиқ ва мутлақ» ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришгани, бу бир неча соат ичида кучга киришини ёзди.

«БАРЧАГА ТАБРИК! Исроил ва Эрон ўртасида тўлиқ ва мутлақ ЎТ ОЧИШНИ ТЎХТАТИШ бўйича келишувга эришилди. Бу келишув тахминан 6 соатдан сўнг кучга киради – айни пайтда ҳар икки томон якуний ҳарбий операцияларини тугатмоқда. Келишувга кўра:

  • Эрон биринчи бўлиб ўт очишни тўхтатади,
  • 12 соатдан сўнг Исроил ҳам ўт очишни тўхтатади,
  • 24-соатда эса «12 КУНЛИК УРУШ»нинг расман якунлангани бутун дунё томонидан эътироф этилади», деб ёзган АҚШ президенти Доналд Трамп.

Оқ уй мансабдорининг билдиришича, Президент Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ва Эрон расмийлари билан суҳбатдан сўнг ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни эълон қилган. Музокараларга Қатар воситачилик қилган.

New York Times нашрига кўра, келишув АҚШ шарқий соатига кўра 18:00 да эълон қилинган ва бу хабар Трамп маъмуриятининг айрим юқори лавозимли амалдорларини ҳам ҳайратга солган.

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Трампнинг гапларидан сўнг, расмий баёнот бериб урушни бошлаган Эрон эмас, Исроил эканлигини эслатди. Унинг айтишича, ҳозирча оташкесим ҳақида ҳеч қандай келишув бўлмаган, Исроил ҳужумларни тўхтатса, Эрон ҳам тўхтайди.

«Ҳозирча ҳеч қандай «ўт очишни тўхтатиш» ёки ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича расмий келишув мавжуд эмас. Бироқ, агар Исроил режими Теҳрон вақти билан соат 04:00 дан кечиктирмай ўз тажовузларини тўхтатса, биз ҳам кейинчалик жавоб ҳаракатларини давом эттириш ниятида эмасмиз», деди Эрон бош дипломати.

Трамп баёнотидан уч соат ўтиб, Исроил яна Эронга ҳужум бошлаган. Бу эса барча томонлар келишувга рози бўлганми, деган саволларни келтириб чиқармоқда. Шу пайтгача Исроил ҳам бу келишувни расмий тасдиқламаган.

Яқин Шарқ бўйича таҳлилчи Умар Раҳмон Al-Jazeera'гa берган изоҳида, Трампни Исроил фойдасига алдовлар қилишда айблади. Трамп биринчи Исроил ҳужумидан бир неча соат олдин АҚШ дипломатияга содиқлигини билдирган эди. Ўтган ҳафта эса Трамп АҚШ урушга қўшиладими-йўқми деган қарорни икки ҳафта ичида билдиришини айтганди, аммо орадан икки кун ўтиб Эронни нишонга олди.

ЮНИCЕФ: Ғазода можаро бошланганидан бери 50 минг бола ҳалок бўлган ёки яраланган

ЮНИСЕФ ижрочи директори ўринбосари Китти ван дер Хейден Япониянинг NHK телеканалига берган интервюсида Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги жанглар бошланганидан бери Ғазо секторида 50 мингга яқин бола ҳалок бўлган ёки яраланганини билдирди.

У Ғазода одамлар, айниқса болаларнинг тўйиб овқатланмаслик ҳолатлари кучайиб бораётганини ва соғлиқни сақлаш тизими таназзул ёқасида эканлигини таъкидлаш баробарида, март ойида Исроил тўлиқ блокада ўрнатганидан бери, БМТ бошчилигидаги ёрдамчи кучлар "бизга муҳтож бўлган болаларга этиб боролмаганини" қўшимча қилди.

ЮНИCЕФ вакили можаронинг барча томонларини зўравонликни тўхтатишга ва БМТ ходимларига "болалар ниҳоят озгина умид топиши учун" Ғазога ёрдам етказишни давом эттиришга рухсат беришга чақирди. Китти ван дер Хейден, шунингдек, ҳозирги глобал вазиятни "болалик учун энг ёмон вақт" деб таърифлади.

Шунингдек, куни-кеча Исроил армиясининг Ғазо сектори турли ҳудудларига берган зарбалари натижасида камида 6 нафар фаластинлик, жумладан, уч бола ҳалок бўлди.

Фаластиннинг Wafa расмий ахборот агентлиги хабарига кўра, зарбалардан бири Ғазонинг марказий қисмидаги тарқатиш пунктида гуманитар ёрдам олишни кутаётган бир гуруҳ фаластинликларга берилган.

27 майдан бери Исроил БМТ ва халқаро гуманитар ташкилотларни четлаб ўтиб, Исроил ва АҚШ кўмагида яратилган Ғазо гуманитар ёрдам жамғармаси номли тузилма орқали инсонпарварлик ёрдамини тарқатмоқда. Бироқ, бу тузилма БМТ томонидан тан олинмаган ва Фаластин гуруҳлари томонидан рад этилган. ҲАМАС уни «ўлим тузоғи» деб атайди.

Путинга Эрон олий раҳнамоси Али Хоминаийнинг мактуби топширилди

23 июнь куни Россия президенти Владимир Путин Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчини қабул қилди. У учрашувда Эронга берилган зарбалар асоссиз тажовуз эканлигини ва уларни умуман оқлаб бўлмаслигини айтган.

«Сиз Россияга минтақадаги ва мамлакатингиз атрофидаги вазият кескинлашиб бораётган оғир вақтда ташриф буюрдингиз. Ҳозирги воқеалар бўйича бизнинг позициямиз ҳаммага маълум, буни Россия номидан ТИВ билдирган. БМТ Хавфсизлик Кенгашида қандай позицияни эгаллаганимиз ҳам сизларга маълум», деди Путин Ароқчига юзланиб.

Путиннинг фикрича, Россия Эронга ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, Путин минтақадаги мавжуд вазиятдан чиқишнинг эҳтимолий йўллари ҳақида биргаликда ўйлаб кўришни таклиф қилди.

Reutersʼнинг ёзишича, Эрон ташқи ишлар вазири Путинга олий раҳнамо Али Хоминаийнинг мактубини топширган. Унда Теҳрон АҚШ зарбаларидан кейин Россиядан ёрдам сўраган.

Дунё бўйлаб АҚШ фуқароларига эҳтиёт бўлиш тавсия қилинди

АҚШ Давлат департаменти хорижда яшовчи ёки саёҳат қилаётган америкалик фуқароларга огоҳлантириш бериб, Яқин Шарқдаги вазият туфайли эҳтиёткорликни кучайтиришни тавсия қилди.

«Исроил ва Эрон ўртасидаги можаро Яқин Шарқда транспорт ҳаракатида узилиш ва ҳаво ҳудудининг вақти-вақти билан ёпилишига олиб келди. Хорижда АҚШ фуқаролари ва манфаатларига қарши намойишлар ўтказилиши мумкин. Давлат департаменти бутун дунё бўйлаб АҚШ фуқароларига эҳтиёткорликни кучайтиришни тавсия қилади», — дейилади Давлат департаменти сайтида.

Унда АҚШнинг Эрондаги ядровий иншоотларга ҳужумлари ҳақида ҳеч қандай гап йўқ, деб ёзади AFP. Огоҳлантириш бутун дунё бўйлаб амал қилади.

Мавзуга оид