Ўзбекистон | 21:42 / 24.06.2025
2102
3 дақиқада ўқилади

Метродаги профилактика ишларида қатор камчиликлар аниқланди – Транспорт прокуратураси

Тошкент метросининг “Дўстлик” бекатидан Сергелигача олиб борувчи линиясидаги 14 та бекатдан 9 таси вақтинча ёпилмоқда. Профилактика ишлари доирасида ҳозиргача “Қипчоқ” ва “Турон” бекатлари оралиғида релслар ва шпаллар олиб ташланган. Транспорт прокурори бошлиқ ишчи гуруҳ 8 июндан бошланган бу ишларни ўрганиб, “қатор камчиликлар” аниқланганини маълум қилди.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Тошкент ерусти метросида бошланган профилактик ишлар жараёнида “қатор камчиликлар” аниқланди, дея маълум қилди Транспорт прокуратураси.

Режали профилактика ишлари “Қипчоқ” бекатидан “Технопарк” бекатигача олиб борилади ва 3 ой давом этиши хабар қилинган. 8 июндан бошлаб “Қипчоқ” ва Турон” бекатлари оралиғида поездлар ҳаракати тўхтатилди. 28 июндан бошлаб “Қурувчилар” бекатидан “Янгиобод” бекатигача бўлган масофада ҳам поездлар қатнамайди.

Шу тариқа, “Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги” йўлидаги 14 та бекатдан 9 таси маълум вақт фаолият юритмайди. Бу даврда худди шу йўналишда бепул автобуслар қатнайди.

Ҳозирда дастлабки икки бекат – “Қипчоқ” ва “Турон” оралиғида темирйўл релслари ва шпаллари олиб ташланган.

Олиб борилаётган ишларга транспорт прокуратураси эътибор қаратди. 24 июн куни Бош прокуратура транспорт прокурори Икром Наримов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш ўтказилганини маълум қилди.

“Ўрганиш жараёнида қатор камчилик ва хато ҳолатлар аниқланиб, уларни қисқа муддатларда бартараф этиш, амалга оширилаётган ишлар лойиҳа талабларига тўлиқ мувофиқ ҳолда қайта кўриб чиқилиши ва белгиланган муддатларда сифатли якунланиши бўйича масъул ташкилотларга аниқ топшириқлар берилди.

Қурилиш ишларининг шаффофлиги, йўловчилар хавфсизлиги ва транспорт инфратузилмасининг барқарорлигини таъминлаш мазкур йўналишдаги фаолиятнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди”, – дейилади Бош прокуратура хабарида.

Қайд этилишича, бу жараёнда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ буюртмачи, “Кўприкқурилиш” АЖ эса пудратчи ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Қўйлиқдан Сергелигача бўлган ерусти йўлидаги 7 та бекатдан 5 таси 2023 йил апрелида, сўнгги 2 таси (“Турон” ва “Қипчоқ” бекатлари) 2024 йил март ойида ишга туширилган.

Бу линиянинг биринчи босқичи – “Дўстлик” бекатидан “Қўйлиқ” бекатигача бўлган қисми эса 2020 йил август ойида ишга туширилган.

Қайд этиш лозим, Юнусобод йўлидаги “Юнусобод” ва “Туркистон” ерости метро бекатлари ҳам очилганидан 3 йил ўтиб, 2023 йилда профилактик мақсадда 4 ойга ёпилган эди.

2020 йил декабр ойида Чилонзор линиясининг давоми бўлган Сергели йўли ҳам очилган. Бу йўл иккинчи ерусти линияси (“Қипчоқ”–“Технопарк”)дан аввалроқ ишга туширилган бўлса-да, ҳозирча профилактик мақсадларда ёпилган эмас.

Мавзуга оид