Имтиҳон яқин: бу йил абитуриентларни нималар кутяпти? – энг муҳим саволларга расмийлардан жавоблар
ОТМга кириш имтиҳони қачон бошланади? Минимал ўтиш балли ошириладими? Натижаларни ҳисоблашда мактаб баҳолари инобатга олинадими? Kun.uz шу каби саволлар билан Олий таълим вазирлиги ҳамда БМБА (собиқ ДТМ) расмийларига юзланди. Суҳбат давомида айни кунларда аксарият абитуриентларни қизиқтираётган энг муҳим масалаларда жавоб берилди.
5 июндан Ўзбекистон олийгоҳларига кириш имтиҳонларида иштирок этиш учун абитуриентларни рўйхатга олиш бошланди. Айни кунларда қабул давом этяпти. 25 июнда якунланади.
Kun.uz шу кунларда қабул жараёни қандай кетаётгани, имтиҳон қай тартибда ўтказилиши каби масалаларда расмийлар билан жонли эфир форматида интервю ўтказди.
Унда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг таълим сифатини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Абдусамат Маманазаров, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг тест синовларини ташкил этиш ва назорат қилиш бўлими бошлиғи Жамшид Одилов ҳамда тест технологияларини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Зафар Олимбеков иштирок этди. Қуйида суҳбатдан қисқа шарҳ келтирилади.
Қабулда “аввал тест, сўнг танлов” тамойили
2024 йилдан президентнинг 81-сонли фармони билан қабул “аввал тест, сўнг танлов” тамойили асосида ўтказилмоқда. Жамшид Одиловга кўра, бунинг натижасида рўйхатга олиш муддатлари ҳам ўзгарган.
“Айрим абитуриентларимизда саволлар бўляптики, “20 июндан 20 июлгача бир ой бўларди, ҳозир муддатини қисқартириб қўйгансизлар” деган мурожаатлар ҳам бўлади. Аслида ундай эмас, ҳозир рўйхатга олиш икки қисмга бўлинган. Биз биринчи босқич, иккинчи босқич деб айтамиз.
5 июндан 25 июнгача бўлган жараён бу – биринчи босқич. Бу – тест синови учун энг минимал маълумотларни киритиш керак бўлган босқич. Бунда абитуриентларимиз тест синови топширадиган фанлар мажмуасини, тест синовини қайси тилларда топширишини ва қайси ҳудудда тест синовида иштирок этишини танлашади. Агар улар алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига топширадиган бўлса, уларга касбий-ижодий имтиҳон ўтказиладиган йўналиш билан бирга касбий-ижодий имтиҳонни топшириш қулай бўлган олий таълим муассасасини ҳам танлаш имконияти берилди.
Энди иккинчи босқич бор, унда таълим йўналишларини танлаш учун 15 кун муддат берилади. Иккаласини қўшганимизда, ўзи олдинги, эски тартибга кўра, абитуриентларга кўпроқ муддат бериляпти”, – дейди Одилов.
24 июн соат 10:30 ҳолатига кўра, 615 мингдан зиёд абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтиб бўлишган. Одилов бу кўрсаткич ўтган йилгига қараганда камроқ эканини билдирди.
“Адашмасам, [ўтган йили] шу вақтда 670 минг атрофида абитуриент рўйхатдан ўтганди. Яъни ўтган йилгидан бироз камроқ, лекин жуда ҳам катта фарқ мавжуд эмас. Демак, ҳали рўйхатга олиш якунланмаган, яна икки кун бор, бугун ва эртага. Эртага 23:59 га қадар абитуриентларимиз онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин. Белгиланган тартибда агар тўловни амалга оширадиган бўлса, тўловни амалга оширишлари мумкин”, – деди расмий.
IELTS топшириб, сертификатини ололмаётганлар масаласи нима бўлади?
Тармоқларда инглиз тилини билиш даражаси бўйича халқаро сертификат – IELTS тестларининг саволлари сиздирилганига оид хабарлар тарқалди. Бунинг фонида 20 июн куни имтиҳон олувчи ташкилотлар: Британия кенгаши (British Council) ҳамда IDP (Edu-Action Centre) 7 июн санасида топширган барча номзодларнинг натижалари Cambridge English томонидан қоидаларга асосан қайта текширишга олиб қолиниши ҳақида эълон берди.
Қабул жараёнлари кетаётган вақтда бу ҳолат кўплаб абитуриентларнинг хавотирига сабаб бўлмоқда. БМБА вакили Одилов бу масалага ҳам тўхталиб ўтди.
“Бу жараён қачонгача давом этишини билмаймиз, яъни бир расмий ҳолат ҳам мавжуд эмас. [Cambridge Englishʼнинг текширув натижалари] 25 июнда чиқадими ёки 27 июнда ёки июл ойига ўтиб чиқадими, ҳали ҳеч қанақа расмий маълумот йўқ.
Фақатгина “бу хавфсизлик жиҳатидан махсус текширувга олинган” деган маълумот бор холос. Ўз-ўзидан муддат узайтириб бериш масаласи, қандайдир расмий сана бўлганда ҳам балки кўриб чиқиш мумкиндир. Лекин амалдаги ҳолатдан ва қонунчилик ҳужжатларидан келиб чиқсак, рўйхатга олишни 5 июндан 25 июнгача амалга ошириш белгиланган ва ҳозирча рўйхатга олиш муддатларини узайтириш режалаштирилмаган”, – деди Одилов.
У сертификати йўқлар имтиҳон топшириши зарурлигини ҳам таъкидлади.
“Ўз-ўзидан бу ерда иккита ҳолат бор. Биринчиси, сертификатни [қабул тугаганидан кейин] юклагани билан фанларни ўзгартира олмайди. Уларнинг асосий хоҳиши чет тилини биринчи фан сифатида танлаш. У ўзи юклай оладими, деган саволга, юклай олмайди. Чунки рўйхатга олиш якунланиши билан биз ўша абитуриентлар базасини олиб, таҳлил қилишни бошлаймиз, тест синовларига тайёргарлик кетади”, – деди расмий.
Мазкур суҳбат эълон қилинганидан сўнг, куннинг 2-ярмида Британия кенгаши муаммо ҳал қилингани юзасидан маълумот бериб чиқди. Унга кўра, 7 июн куни имтиҳон топширганларнинг натижаси эълон қилинган.
Ўрта махсус таълим битирувчиларига диплом ва аттестатлари берилиши кечикяптими?
Kun.uzʼга келган мурожаатларга кўра, мактаб ва профессионал таълим муассасалари битирувчилари ўқишни тугатганликка оид ҳужжатини олиши кечиктирилмоқда. Кўплаб абитуриентлар бу сабаб рўйхатдан ўтмай қолишдан хавотирда.
Олий таълим вазирлиги вакили Абдусамат Маманазаров бундан ҳеч ҳам қўрқмаслик кераклигини, айни қабул жараёнларида диплом ва аттестат зарурмаслигини билдирди.
“Умуман, биздаги маълумотларга кўра, ўша таълим муассасасини тугатганлик тўғрисидаги ҳужжатлар бериляпти. Лекин ўйлайманки, бунда ҳеч қанақа рўйхатдан ўтишда муаммо йўқ. Бундай ҳолат бирор марта ҳали кузатилмаган.
Сабаби ўрта махсус таълим муассасасини тугатганлик тўғрисидаги ҳужжатнинг асли қачонки абитуриент рўйхатдан ўтиб, тест синовларида иштирок этиб, рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида ҳам иштирок этиб ва талабаликка тавсия этилгандан сўнггина талаб этилади. Шунинг учун бу муаммога ундай чуқур эътибор қаратиш шарт эмас. Ундан кўра, абитуриентларимиз тест синовларига тайёргарликка эътибор қаратса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу уларда муаммо келтириб чиқармаса керак деб ўйлайман”, – деди Маманазаров
БМБА мутасаддиси эса бундай ҳолатлар кузатилаётган бўлиши мумкинлигини, ўта индивидуал вазият бўлгани сабаб абитуриентлар ўзи ўқиган таълим муассасаси раҳбариятига мурожаат қилгани тўғри эканини айтди.
10-синфлар ҳам имтиҳонда қатнаша оладими?
Жамшид Одилов бу саволга “йўқ” деб жавоб берди. Қайд этилишича, “Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ қўлида аттестати йўқлар синов тариқасида имтиҳонда қатнаша олмайди.
“Улар тегишли ахборот тизимларида ҳам битирувчи сифатида келмайди. Рўйхатдан ўтаётганда, агар абитуриент жорий йил битирувчиси бўладиган бўлса, маълумотлар автоматик келади. Жорий йил битирувчиси бўлмаса, маълумотларни ўзи тўлдириши керак.
Ўзи тўлдираётганда тугатилган таълим муассасаси маълумотларида: қайси ҳудудда жойлашган, таълим муассасаси номи, у ердан берилган аттестат ёки дипломни киритиши керак. Абитуриент у ерга нима деб киритади? Тўғри, айрим абитуриентлар шунга ҳаракат қиляпти: “Мен 2024 йилда ёки 2023 йилда тугатганман, қўлимда шунақа аттестат бор”, деб киритяпти. Лекин мантиқан ўйлаб қарасак, бу қанчалик тўғри? Унинг қўлида маълумот йўқ. Бу, қўпол қилиб айтганда, ҳужжатларни сохталаштириш десак ҳам бўлади-да”, – деди Одилов.
Унинг қўшимча қилишича, билимини синаб кўришни истовчилар йил давомида агентлик томонидан диагностик тест синовларида иштирок этиши мумкин.
Сиртқи таълим ёпилди, унинг муқобиллари ва унга қабул ҳақида
Янги ўқув йилидан бошлаб ОТМда сиртқи таълимга қабул тўхтатилади. Бу президентнинг тегишли фармонида назарда тутилди. Унинг ўрнида кечки, масофавий ҳамда part-time шакллар жорий этиладиган бўлди.
Айни вақт амалда кечки ва масофавий таълим шакллари мавжуд. Масофавий таълим шаклида 21 та ОТМ ишлаб келмоқда. Бу йил унга қабул жуда кенг миқёсда амалга оширилиши кутиляпти. Олий таълим вазирлиги вакилига кўра, бу йилдан асосий устуворлик масофавий таълимга берилади.
Унинг айтишича, ҳозирда part-time таълим шакли қандай кўринишда бўлиши юзасидан тегишли ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, ваколатли органларга тасдиқлатиш учун тақдим қилинган. Шундан келиб чиқилса, бу ўқув йилидан парт-тиме таълим шакллари жорий этилмаслиги мумкин.
Магистратура ва иккинчи мутахассислик
Суҳбатдошларга кўра, бакалавриат учун қабул тугагач, 1 июлдан 30 июлгача магистратура учун рўйхатдан ўтилади. Бу Олий таълим вазирлигининг расмий сайти орқали амалга оширилади. Жараёнда фақатгина хорижий тилни билиш тўғрисидаги сертификатни юклаш талаб этилади.
Иккинчи мутахассисликда ҳам худди шундай рўйхатдан ўтилади. Бунда имтиҳон шакли бўйича мустақиллик барча ОТМга берилган. Яъни улар топшираётган абитуриентлар сони ҳамда таълим йўналишининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда имтиҳоннинг шаклини белгилайди. Бу суҳбат, тест, ёзма шаклда бўлиши мумкин.
Имтиҳон қачон бошланади? Бу борада тахминий сана борми?
Ўтган йили кириш имтиҳонлари 14 июлдан 25 июлгача ўтказилганди. Бу йил бу саналар ўзгаришсиз қоладими? Жамшид Одилов катта эҳтимол шундай бўлиши мумкинлигини айтди.
“Биз амалиётдан келиб чиқамиз, жуда ҳам кескин фарқ бўлмайди, 15 кунлар фарқ қилиб кетмайди. Бу ё август ойи бошланиши, августга ёки июлнинг бошига кўчиб қолмайди. Чунки тайёргарлик билан боғлиқ масала ҳам бор. Бизда барибир тайёргарлик учун камида 20 кунлар керак. Тахминан ўша 14-15 июлларда бошланиши мумкин деб айта оламиз”, – дейди расмий.
Одилов имтиҳондан бир ҳафта олдин рухсатномалар эълон қилинишини, шахсий кабинет орқали ундаги маълумотларни олиш мумкинлигини айтди. У бу вақтда абитуриентлар сергакроқ бўлиши кераклигини билдирди.
Имтиҳон қаерда ўтказилади, бунинг учун қанча бино ажратилди?
Имтиҳонлар ҳар йили катта сиғимли биноларда ўтказиб келинади. Ўтган йили 73 та бинода ўтказилган. Маълумотларга кўра, жорий йилда дастлабки рўйхат шакллантирилганида 90 та бино қайд этилган.
“Бу, албатта, захираси билан бирга. Ўша рўйхатга олиш якунлангандан сўнг, абитуриентлар сонидан келиб чиққан ҳолда якуний бинолар рўйхати тасдиқланади. Албатта ҳозир шакллантирилгани ўша форс-мажор ҳолатларни ҳам ҳисобга олиб, энг максимум ҳолатда бўлиши мумкин бўлган ҳолат деб шакллантирилган”, – деди Жамшид Одилов.
Абитуриентлар бино манзилини рухсатномаси орқали билиб олишади. Унда имтиҳонга кириш санаси ва сменаси ҳам ёзилади. Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Мавзуга оид

19:47 / 24.06.2025
Нодавлат ОТМларда қабул йилда икки марта ўтказилиши мумкин

10:25 / 24.06.2025
🔴 LIVE: ОТМга кириш имтиҳонлари қандай ўтади? – Kun.uz'да қабулга оид энг муҳим саволлар юзасидан жонли эфир

10:55 / 20.06.2025
7 та ОТМ дунёнинг энг яхши университетлари рўйхатидан ўрин олди

11:14 / 17.06.2025