Жамият | 14:12
2054
3 дақиқада ўқилади

Хоразмда фуқаро оқланганидан сўнг ҳам 207 кун қамоқда ўтирди. Хатоликка йўл қўйган судяларга “ҳайфсан” берилди 

Ўғриликда айбланган фуқарога оид жиноят иши тафтиш инстанциясида кўриб чиқилган ҳамда у оқланган. Бироқ хатолик туфайли фуқарога нисбатан қўлланган қамоқ эҳтиёт чорасини бекор қилиш ҳамда уни жазони ижро этиш муассасасидан озод этиш ажримда ёзилмай қолган. Оқланганини фуқаронинг на ўзи, на яқинлари билмаган. Бу иш ортидан Хоразм вилоят суди раисининг ўринбосари Улуғбек Бакдурдиев ишдан кетди.  

Фото: СИ

Хоразм вилоятида фуқаро судянинг қўпол хатоси туфайли 8 ой жазони ижро этиш муассасасида асоссиз сақлангани аниқланди. Kun.uz бунга сабаб бўлган тафтиш инстанцияси ажримини ўрганди.

Маълум бўлишича, фуқаро Рустам Хўжаниёзов ва бошқалар (жами 4 киши) бир нечта эпизодда савдо дўкони олдида турган ёғ маҳсулотларини ўғирлаганликда айбланган. Уларнинг барчаси 2023 йил октябр ойида ушланиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Иш судга чиққан. Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг 2024 йил 29 мартдаги ҳукми билан Рустам Хўжаниёзов Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (ўғрилик такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилиши) билан айбли деб топилган. Унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.  

Хоразм вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2024 йил 3 майдаги ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Жиноят иши Хоразм вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясида кўриб чиқилган. Тафтиш инстанциясининг 2024 йил 22 июлдаги ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукмининг Рустам Хўжаниёзовга оид қисми ўзгартирилган. Яъни Рустам Хўжаниёзов Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан қўйилган айблов эпизодларида қайд этилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилган. Ушбу айблов эпизодлари юзасидан Рустам Хўжаниёзовнинг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги муносабати билан у оқланган ҳамда жиноят ишининг шу қисми тугатилган.

Ажримда Рустам Хўжаниёзовни МЖтКнинг 61-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортиш масаласи бўйича тегишли ҳужжатлар ИИБга юборилиши белгиланган. Бироқ тафтиш инстанцияси ажримида Рустам Хўжаниёзовга нисбатан қўлланган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини бекор қилиб, уни жазони ижро этиш муассасасидан дарҳол озод қилиш ёзилмай қолган. Бунинг оқибатида Рустам Хўжаниёзов асоссиз равишда жазони ижро этиш муассасасида 207 кун сақланган.

Оқланганини Рустам Хўжаниёзовнинг на ўзи, на яқинлари билмаган. Чунки ажримда судлов ҳайъати унинг шикоятидаги озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш ҳақидаги важлари билан келишмаслиги келтирилган ҳамда шикоятни қаноатлантириш рад этилган.

Судялар Олий кенгаши матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилган ҳамда судянинг ушбу хатоси ўз тасдиғини топган. Ишни тафтиш инстанциясида кўрган 3 нафар судяга нисбатан хайфсан интизомий жазо чораси қўлланган. Ишни кўришда раислик қилган Улуғбек Бакдурдиев президентнинг 2025 йил 23 июндаги фармойиши билан ёзма аризасига асосан Хоразм вилоят суди раисининг ўринбосари – жиноят ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимидан озод этилганди.

Мавзуга оид