Жамият | 15:35
6907
4 дақиқада ўқилади

“Ўрнимда бошқа одам бўлганда ҳам шу ишни қиларди” — болакайни қутқарган ЙПХ инспектори ҳақида

Фарғона вилояти Бувайда туманида йўл четига тўхтаган Nexia ҳайдовчиси Аҳлиддин Жумабоев машинасини ўчирмай дўконга киради. Олд ўриндиқда қолдирилган 5 яшар ўғил ойна кўтаргич тугмасини бехос босиб юборади. Натижада боланинг боши қисилиб қолади. Дўконга тўхтаган ЙПХ инспектори Азим Халифаев воқеа устидан чиқиб машина ойнасини синдириб болани қутқариб қолган. Kun.uz мухбири воқеа тафсилотини ўрганди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Болакайнинг отаси Аҳлиддин Жумабоев бўлган воқеани сўзлаб берди. Унинг айтишича, ҳайдовчи ўша куни 5 яшар ўғли Аслиддин Отақўзиев билан далага кетаётган бўлган.

Ўғлимни қайтиб берди...

 “24 июн куни соат 18:00 лар чамаси эди. Ўғлим билан бирга машинада далага кетаётган эдик. Сув олай деб дўконга тўхтадим. Машина ёниқ ҳолатда эди. Дўконга кирганимда тугмани бехос босворганидан ўғлимнинг боши ойнага қисилиб қолган экан. Ичкарида эътиборсиз қолибман. Раҳмат ЙПХ ходимига, орқамиздан келиб тўхтаган экан. Ойнани синдириб, ўғилчани қутқариб қолди.

Аҳлиддин Жумабоев ўғли Аслиддин Отақўзиев билан

Ҳозирда ўғлимнинг ҳолати яхши бироз руҳиятига таъсир қилганини ҳисобга олмаганда. Уйдагилар, ота-оналар бугун хабар топишди. Улар ҳам шок ҳолатида ҳозир.

Ходим ойнани синдирганда қўлларига ҳам шикаст етган. Ўғлимнинг ҳаётини сақлаб қолган ЙПХ ходимига раҳмат айтаман.

Ота-оналардан илтимос қилиб қоламанки, аввало болалар олди ўриндиқда ўтиришмасин. Фарзандларига эътиборли бўлишсин. Энди фарзандимни назоратсиз қолдирмайман. Бўлган воқеа ибрат бўлди. Ҳаётимда биринчи марта бу ҳолатга дуч келяпман, катта мактаб бўлди”, дейди болакайнинг отаси Аҳлиддин Жумабоев.

Кўзимга ҳеч нарса кўринмади...

“24 июн куни А-373 йўлида хизматда эдим. Хизмат давомида чамаси соат 18:00 ларда об-ҳаво иссиқлиги сабабли дўконга сув олгани тўхтагандим.

Азимжон Халифаев, ЙПХ инспектори

Не кўз билан кўрайки, ёш бола машина ойнасига қисилиб қолган экан. Болакай типирчилаётганди. Уни кўриб, ўзимнинг болам кўз олдимдан ўтди. Елкамдаги рациянинг орқаси билан бир-икки марта уриб ойнани очишга ҳаракат қилдим, очиб бўлмади. Кейин жон ҳолатда бир-икки тортдим, ойна синиб кетди. Бола ўзига келди, кейин дадаси югуриб чиқди. Болани кўтариб, шиша парчалари оёғига ботмасин деб, чеккага олдик, сув бериб, ўзига келтирдик.

Менинг ўрнимда ҳар қандай фуқаро бўлганда ҳам, болага ёрдам қилган бўларди. Ҳайдовчиларга айтадиган гапим, ёш болани транспорт воситасида ёлғиз қолдиришмасин. Махсус ўриндиқларсиз асло транспорт воситасининг олди ўриндиғига ўтказмаслик ва транспорт воситасини қаровсиз қолдирмасликни илтимос қиламан.

Ўша пайтда ойнани тортганимда ойна парчалари қўлларимга кирган экан. Қонади, озроқ жароҳат бор. Лекин у пайт кўзимга ҳеч нарса кўринмади. Бир боланинг ҳаётини сақлаб қолганим учун хурсанд бўлдим. Жароҳатлар эса ҳеч нарса эмас. Авваламбор халққа, ватанга қасамёд қилганмиз. Қасамёдимизга содиқ бўлиб, қўлимиздан келганча хизмат қиламиз”, дейди ЙПХ инспектори Азимжон Халифаев.

Ходимнинг отасига минг раҳмат...

“Йўл бўйида дўконимиз бор. Савдода турган пайтда бир харидор кирди. Кейин эса ташқаридан тўсатдан бола бақирди. ЙПХ ходими келиб деразани синдирди ва болачани қутқариб олди.

Муножат Омонова, дўкон эгаси

Ходимнинг қўлларига шиша синиқ парчалари кирган эди, кейин уни мен даволатишга олиб кетдим-да. Боланинг ҳолати ёмон эди. Ўта қўрқиб кетганди у. Ранги оқариб кетган. Нафаси чиқмай қолганди. Унга дарҳол сув бердик, ичирдик, ўтказдириб, ўзининг ҳолатига келтирдик. Ҳолат шу даражада тез содир бўлдики, ҳайратда қолдим. ЙПХ ходимига қойил қолдим. Баракалла! Отасига минг раҳмат ходимнинг”, дейди дўкон эгаси Муножат Омонова.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.

Мавзуга оид