Жаҳон | 14:13
3336
10 дақиқада ўқилади

Эронликларни ғалаба билан табриклаган Хоминаий, АҚШ зарбасини шубҳага қўйган разведка ва сулҳга ишонмаётган Хитой – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Хоминаий Эрон халқини ғалаба билан табриклади

26 июнь куни Эрон олий раҳбари Али Хоминаий халққа мурожаат қилиб, сўнгги 12 кунлик урушда АҚШ ва Исроил мағлуб этилганини айтди.

«Сизларни Эроннинг Америка режими устидан қозонган буюк ғалабаси билан табриклайман. Америка режими урушга тўғридан-тўғри кирди, Чунки улар буни қилмаса, ционистик режим бутунлай йўқ бўлиб кетишини тушунди ва урушга кирди, лекин ҳеч нарсага эриша олмади», дея Хоминаийнинг сўзларини келтирмоқда Mehr News.

Хоминаий шунингдек, Эрон ҳеч қачон таслим бўлмаслигини таъкидлади ва агар кимдир яна мамлакатга ҳужум қилишга уринса, жиддий жавоб берилишини маълум қилди.

«Эрон томонидан берилган бу зарбалар душманлар тасаввурига ҳам келмаган эди, аммо улар ҳақиқатга айланди. Эроннинг жавоби уларга шуни кўрсатдики, бизга ҳар қандай тажовуз оғир нархга тушади», — деди у.

Шунингдек, АҚШнинг Эрон ядровий объектларига уюштирган ҳужумлари халқаро судларда алоҳида ҳуқуқий иш сифатида кўриб чиқилиши лозимлигини таъкидлади. Оятуллоҳ Хоминаий АҚШ президенти Доналд Трамп ҳолатни ноодатий тарзда ошириб кўрсатганини айтиб, бу унинг бунга эҳтиёжи борлигини кўрсатади, деди.

Унинг айтишича, Эрон Қатардаги АҚШнинг энг муҳим базаларидан бири — Ал-Удайд ҳарбий базасини нишонга олди ва зарар етказди. «Эрон истаган пайтда АҚШнинг асосий базасини нишонга олиш имкониятига эгалиги — оддий воқеа эмас. Бундай ҳужумлар яна такрорланиши мумкин ва душман учун бунинг нархи оғир бўлади», — деди у.

Трампнинг «бўйсуниш керак» деган сўзларига тўхталар экан, Оятуллоҳ Хоминаий шундай деди:

«Аммо бундай тўғридан-тўғри баёнот АҚШ президентининг оғзига «сиғмайди». Ҳар сафар янги баҳона бор: инсон ҳуқуқлари, демократия, аёллар ҳуқуқи, уранни бойитиш, ракеталар. Аммо бу баҳоналарнинг орқасида ягона мақсад бор — Эронни бўйсундириш.

Эрон қадимий цивилизацияга эга буюк бир мамлакат. Маданий мероси АҚШ ва унга ўхшаганлардан анча бой. Бундай улуғ миллатга нисбатан ‘бўйсунишʼ ҳақида гапириш мутлақо мантиқсиздир», — деди Хоминаий.

Разведка маълумотлари ва Трампнинг постлари

Хоминаий халқни ғалаба билан табриклаб турган шу кунларда АҚШнинг Эрон ядро объектларига берган зарбаси самарадорлигига шубҳа ортиб бормоқда.

Хусусан, Европа разведка маълумотлари Трампнинг бомбардимон Эроннинг ядровий дастурини «йўқ қилди» деган баёнотига қарамай, Эрон ядро бомбаларини яратиш учун яроқли бўлган бойитилган уран захираларини сақлаб қолишга муваффақ бўлганини кўрсатмоқда. Бу ҳақда Financial Times разведка маълумотларидан хабардор европалик икки амалдорга таяниб хабар берди.

Дастлабки баҳолашларга кўра, Теҳрон 60 фоизгача бойитилган уран захирасининг катта қисмини (408 килограмм атрофида) кўчириб, ҳужумдан олиб чиқишга улгурган. Материал Эроннинг Фордодаги асосий иккита бойитиш объектларининг бирида эмас, балки бошқа манзилларга тақсимланган бўлган.

Ҳафта бошида АҚШнинг ўз разведкаси ва Исроил разведкаси ҳам шунга ўхшаш хулосаси билан бўлишганди. Эроннинг ядровий дастури бор-йўғи бир неча ойга орқага сурилди, дея АҚШ разведкаси маълумотларини тарқатган нашрларни Трампнинг ўзи ҳақорат қилганди.

«Фордо ядровий мажмуасидан ҳеч нима олиб чиқилмади. Бу жуда кўп вақт талаб қилган бўларди, жуда хавфли ва ташиш жуда оғир!» — деб ёзди президент Трамп кейинроқ.

Трамп сиздирилган разведка маълумотларини тарқатган ОАВлардан жаҳли чиққач, Марказий разведка бошқармаси расмий баёнот билан чиқди.

«Марказий разведка бошқармаси Эроннинг бир қатор ядровий объектлари вайрон қилингани ва уларни қайта тиклаш бир неча йил давом этиши ҳақидаги хулосага келган ахборот ўз ичига «ишончли ва аниқ манба/усулдан олинган янги разведка маълумотлари»ни олади», — дейилади МРБ директори Жон Ретклиффнинг баёнотида.

Исроил армияси зарбалари натижасида Ғазода 21 киши ҳалок бўлди

Al Jazeera нашрининг хабар беришича, Исроил Мудофаа армияси томонидан Ғазо секторида 26 июнга ўтар кечаси амалга оширилган ҳужумлар натижасида камида 21 киши ҳалок бўлган.

Исроил ҳарбийлари Ғазо шаҳри шимолидаги кўчирилган фуқаролар учун мўлжалланган чодирли лагерга ҳамда Фаластин анклавининг марказий ҳудудларига авиазарбалар берган.

Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлар 18 мартдан кейин Исроил сулҳни бузгач қайта бошланган. Ўшанда Исроил армияси анклав ҳудудига кенг кўламли ҳужумларни бошлаган ва шу тариқа январдан буён амал қилаётган оташкесимни бекор қилган эди.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняхунинг офиси берган баёнотда айтилишича, ҳарбий операциянинг қайта бошланишига сабаб — ҲАМАСнинг халқаро воситачилар ва АҚШ президенти махсус вакили Стивен Уиткофф иштирокидаги музокараларда илгари сурилган таклифларни рад этгани бўлган. Баёнотда, шунингдек, ҳарбий кампаниянинг асосий мақсади – барча гаровда ушлаб турилган фуқароларни озод этиш экани таъкидланган. Ўз навбатида, ҲАМАС вакиллари зиддиятнинг кучайиши учун жавобгарликни Исроил ва АҚШ зиммасига юклади.

Яқин Шарқдаги уруш Россия-Хитой газ қувури ғоясини жонлантирди

Хитой Россияга ҳаддан ташқари энергетик қарамлик бўйича хавотирларга қарамай, Россия табиий газини тўғридан-тўғри етказиб бериш учун «Сила Сибири – 2» газ қувурини қуриш бўйича музокараларни қайта бошлашга тайёр. Бу ҳақда Хитой ҳукуматидаги манбаларига таяниб The Wall Street Journal (WSJ) хабар берди.

«Сила Сибири - 2» газ қувури лойиҳаси нарх ва мулкчилик шартлари бўйича баҳсларда қолиб кетганди», — деб ёзади газета. Бироқ Исроил ва Эрон ўртасидаги уруш Хитой расмийларига Яқин Шарқдан нефт ва газ етказиб бериш ишончлилигини қайта кўриб чиқишга сабаб бўлди, чунки улар бу давлатлар ўртасидаги «мўрт сулҳ»га ишонмайди, дейилади мақолада.

WSJ томонидан келтирилган Rystad Energy консалтинг компанияси маълумотларига кўра, Хитой Қатар ва БААдан суюлтирилган газ (СТГ)нинг тахминан 30 фоизини Эрон уруш пайтида ёпиш билан таҳдид қилган Ҳўрмуз бўғози орқали импорт қилади. «Ҳарбий вазиятнинг беқарорлиги ва олдиндан айтиб бўлмаслиги Хитой раҳбариятига қуруқлик қувурлари орқали барқарор етказиб бериш геосиёсий афзалликларга эга эканини кўрсатди», — деган Хитой-Россия муносабатлари бўйича эксперт Александр Габуев. «Россия бундан фойда кўриши мумкин», — дейди эксперт.

КХДРда жаҳон даражасидаги курорт очилди

Бутун дунё Яқин Шарқ билан овора, ОАВда тилга олинмай қолган Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин бу сафар ракета билан эмас, балки курорт билан “келди”. Ким Вонсан порт шаҳрида жаҳон даражасидаги соҳилбўйи курортини очиб берди.

Янги мажмуада юзлаб объектлар — 20 минг ўринли меҳмонхона ва қатор кичикроқ меҳмонхоналар, аквапарк, спорт майдончалари, маданият марказлари, савдо ва кўнгилочар объектлар, ҳаттоки ўз аэропорти ҳам бор.

«КХДРда миллий туризм модели» деб ном олган курорт мавсумдан қатъи назар меҳмонларни 1 июлдан бошлаб қабул қила бошлайди. Мажмуа бир вақтнинг ўзида 100 минг туристни қабул қила олади. Бу ерда сузиш мавсуми июн ойининг ўрталаридан сентябр ойининг ўрталарига қадар давом этади.

Қурилиш КХДР раҳбарининг шахсий назорати остида амалга оширилган. Лекин Шимолий Кореяга чет элдан кимдир бориб бу курортда дам олиши мумкинми ёки бу жанубликлар учун “саҳна кўринишими”, буниси номаълум.

Трамп Россия ҳеч қачон НАТОга ҳужум қилмаслигига ваъда берди – The Washington Post

Ҳаагадаги НАТО саммитининг асосий сессияси чоғида Доналд Трамп «Россия у президент бўлганида НАТОга ҳеч қачон ҳужум қилмаслигига ваъда берди», деб ёзади The Washington Post Европанинг уч расмий вакилига таяниб.

Саммитнинг асосий мавзуси НАТО давлатларининг мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизигача ошириш бўлиб, бу борада иттифоқ аъзолари келишиб олди. Бундан ташқари, Трамп саммитда Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди.

Трамп мулоқот пайтида ўт очишни тўхтатиш масаласини муҳокама қилмаганини айтди — у Зеленскийнинг «ишлари қандай кетаётганини кўрмоқчи бўлган». Кейинроқ Украина президенти «жанг майдонидаги вазият ҳақида гаплашганини» маълум қилди ва Трампга «ҳақиқатан ҳам жойларда нима бўлаётганини» айтган. Саммитнинг якуний декларациясида Украинадаги уруш ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Мавзуга оид