Жаҳон | 15:26
2842
3 дақиқада ўқилади

Эроннинг Исроилга берган зарбаларидан кўрилган зарар 3 млрд долларни ташкил қилди

Исроил Эрон билан можаро пайтида етказилган зарарни 10 миллиард шекел деб баҳолаган. Ушбу ҳисоб-китобда фойдаланилган қурол ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини алмаштириш харажатлари ҳисобга олинмайди.

Фото: JOHN WESSELS/AFP/Getty Images

Исроил Эрон билан 12 кунлик можаро давомида етказилган зарарни 10 миллиард шекел (тахминан 3 миллиард доллар) деб баҳолади. Бу маблағ ракеталардан зарар кўрган биноларни тиклаш ва маҳаллий корхоналарга товон тўлаш учун керак бўлади, деб хабар берди Bloomberg 26 июн, пайшанба куни Исроил молия вазирлиги ва солиқ идорасига таяниб.

«Бу биз дуч келган энг жиддий муаммодир. Исроил тарихида бундай вайронагарчилик ҳеч қачон бўлмаган», — деди товон тўлаш учун масъул бўлган Солиқ бошқармаси раҳбари Шай Ааронович.

Ҳисоб-китоблар ишлатилган қурол ва ҳаво мудофаа тизимларини алмаштириш харажатларини ўз ичига олмайди, шунинг учун зарарнинг якуний миқдори сезиларли даражада юқори бўлиши мумкин. Молия вазири Безалел Смотрич урушнинг умумий харажатлари 12 миллиард долларга етиши мумкинлигини тан олди. Исроил Марказий банки раҳбари Амир Ярон Bloomberg TV телеканалига берган интервюсида анча ўртачароқ – тахминан 6 млрд долларлик рақамни келтирди.

ҲАМАС ҳаракати томонидан содир этилган ҳужумдан кейин минтақада 20 ойдан бери давом этаётган қуролли можаролар фонида босим остида қолган Исроил иқтисодиёти янги муаммоларга дуч келиши мумкин. Илгари Марказий банк жорий йилда ЯИМ ўсишини 3,5 фоиз даражасида прогноз қилган эди, бироқ ҳозир бу прогнозлар қайта кўриб чиқилмоқда.

Исроилнинг ҳисоб-китобларига кўра, Эрон билан уруш, асосан, отишмалар хусусияти туфайли, аввалги можароларга қараганда анча қимматга тушди. Аввалги зарбаларда қишлоқ ҳудудлари ва аҳоли кам бўлган туманлар нишонга олган бўлса, бу сафар нишон Исроил марказидаги аҳоли зич жойлашган шаҳарлар, жумладан, мамлакат аҳолисининг ярмига яқини истиқомат қилувчи Тел-Авив агломерацияси бўлди.

Бундан ташқари, Эрон ракеталари анча кучли эди. Кўпида камида 500 кг оғирликдаги жанговар каллаклар бор эди ва уларда парчаланиб кетувчи ўқ-дорилар бўлган. Исроил маълумотларига кўра, можаро бошланишидан олдин Эронда 2000-2500 та шундай ракета бўлган ва уларнинг ярмига яқини сақланиб қолган. Исроилда вайрон қилинган объектлар орасида мамлакатнинг энг йирик илмий марказларидан бири Вейцман институти, Ҳайфадаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводи ва Исроил жанубидаги шифохона бор.

Мавзуга оид