Жаҳон | 16:35
2541
2 дақиқада ўқилади

Покистонда худкуш-террорчи ҳужуми оқибатида 16 ҳарбий ҳалок бўлди

Террорчи портловчи моддаларга тўла автомобилни ҳарбийлар карвонига йўналтирган.

Фото: AFP

Покистон ва Афғонистон чегараси яқинидаги Шимолий Вазиристонда портловчи моддалар билан ўралган автомашина ҳарбийлар карвонига бориб урилди, деб хабар берди France Press агентлиги маҳаллий ҳукумат вакилига таяниб.

Агентлик манбасига кўра, 16 аскар ҳалок бўлган, 20 нафарга яқин киши, жумладан тинч аҳоли ҳам яраланган.

«Портлаш оқибатида икки уйнинг томи вайрон бўлди, олти нафар бола жароҳат олди», деди Покистон полицияси расмийси.

The Times of India нашрининг ёзишича, портлаш учун жавобгарликни покистоннинг «Толибон» ҳаракати бир қисми бўлган дала қўмондони Ҳофиз Гул Баҳодур гуруҳи ўз зиммасига олган.

Покистон расмийлари Афғонистонда бир неча йил аввал ҳокимиятни қўлга олган «Толибон»ни чегара ҳудудларида ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қарши ҳужумларда ёрдам беришда айблаб келади. «Толибон» айбловларни рад этади.

2025 йил бошидан буён Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудларида ҳукуматга қарши кураш эълон қилган гуруҳларнинг ҳужумлари оқибатида 290 нафарга яқин одам, асосан хавфсизлик кучлари вакиллари ҳалок бўлган.

Мавзуга оид