Жаҳон | 09:58
8652
3 дақиқада ўқилади

Теҳронда Исроил зарбалари қурбони бўлган генерал ва олимларнинг дафн маросими ўтказилди – фотолар

Эрон ҳукумати тадбирга миллион киши келганини айтмоқда.

Теҳронда 28 июн куни Исроил Эрон ядро қуроли яратишига тўсқинлик қилиш учун йўллаган зарбалар оқибатида ҳалок бўлган юқори мартабали ҳарбийлар ва атомчи олимлар билан видолашув маросими ўтказилди. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Ҳусайн Саломий, корпус аэрокосмик кучлари бошлиғи Амир Али Ҳожизода ва исроилликларнинг амалиёти натижасида ўлдирилган бошқаларнинг тобутлари Теҳрон кўчалари бўйлаб олиб ўтилган.

Тобутлар ортилган юк машиналари ортидан эргашган ўн минглаб кишилар «Исроилга ўлим!» ва «АҚШга ўлим!» шиорларини ҳайқиришди, дея ҳолатни тасвирлайди Associated Press. «Эроннинг миннатдор ва қаҳрамон халқи 60 шаҳид жасадлари қолдиқларини сўнгги йўлга кузатди», — дея ёзган Эрондаги IRNA агентлигининг рус бўлимида эълон қилинган хабарда, унда «маросимда ҳарбий ва фуқаролик соҳасидаги раҳбарлар, шунингдек, аҳолининг турли қатламлари вакиллари иштирок этгани» келтирилган.

Associated Press хабар беришича, Эрон расмийлари мотам маросимида миллион киши қатнашгани ҳақида хабар берган. Бу баёнотни оператив текшириш имкони йўқ, дея ёзади AP, шу билан бирга, узунлиги тахминан 4,5 километр чиқадиган Теҳроннинг асосий магистрал йўли бўйлаб кортежлар ҳаракатланган йўналиш бўйлаб одамлар зич ҳаракатлангани қайд этилган.

Дафн маросими 28 июн куни ўтказилган кўплаб юқори мартабали ҳарбийлар ва атомчи олимларнинг аксари Исроил 13 июн куни бошлаган амалиётнинг илк кунидаёқ ўлдирилганди. Исроил армияси амалиёт бошлагач, Эрон ҳам ушбу мамлакат ҳудудини ракеталар билан ўққа тутди. Эрон зарбалари оқибатида Исроилда 28 киши ҳалок бўлиб, 1300 дан ортиқ киши яраланган. 22 июн куни АҚШ ҳам Эрон ядровий объектлари бўйлаб зарбалар йўллади. Бир кун ўтиб АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон ва Исроил ўт очишни тўхтатишга келишганини маълум қилди.

Қуйида ўлдирилган эронлик ҳарбийлар ва олимлар билан видолашув маросимида олинган фотосуратлар.

Тобутлар солинган юк машиналари Теҳрон марказидаги Инқилоб майдонида ўлдирилган ҳарбийлар ва олимларнинг портретлари олдидан ўтмоқда
Atta Kenare / AFP / Scanpix / LETA
Эронлик аёллар 13 июн куни Исроил зарбаси оқибатида ҳалок бўлган Эрон қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Муҳаммад Бағирий портрети билан
Abedin Taherkenareh / EPA / Scanpix / LETA
Теҳрон марказидаги мотам маросими иштирокчилари
Vahid Salemi / AP / Scanpix / LETA
Abedin Taherkenareh / EPA / Scanpix / LETA
Эрон аҳолиси вакиллари Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Ҳусайн Саломийнинг жасади солинган тобутга қўл теккизишга уринмоқда.
Vahid Salemi / AP / Scanpix / LETA
Majid Asgaripour / West Asia News Agency / Reuters / Scanpix / LETA

Мавзуга оид