Спорт | 13:36
6896
10 дақиқада ўқилади

Йилнинг энг узун ўйини: «Челси» ва «Бенфика» баҳси бошланганидан 4,5 соат ўтиб якунланди

Америкада ўтаётган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида об-ҳаво туфайли муаммолар давом этмоқда. Узоқ тўхталишдан кейин давом эттирилган ўйинда ғолиб чиққан «Челси» энди чоракфиналда «Палмейрас» билан ўйнайди.

Фото: Getty Images

Бразиллар тўқнашуви

«Палмейрас» – «Ботафого» 1:0 (экстра-таймларда)
Гол:
Паулинио 100.
«Палмейрас»: Вевертон, Пикерес, Фукс, Гомес, Гиай, Мартинес (Морено, 91), Маурисио (Торрес, 84), Риос, Аллан (Майке, 81), Витор Роке (Паулинио, 63, Микаэл, 103), Эстевао (Луижи, 63).
«Ботафого»: Виктор Жон, Алекс Теллес (Куябано, 66), Барбоса, Жаир (Кайо, 83), Витинио, Барбоса (Невтон, 83), Фрейтас (Кабрал, 102), Аллан (Монторо, 66), Саварино (Корреа, 71), Игор Жезус, Артур.
Огоҳлантиришлар: Гомес, 40, Пикерес, 85, Морено, 120+3 – Барбоса, 3, Алекс Теллес, 35, Артур, 65, Монторо, 105+3.
Четлатиш: Гомес, 116.

Плей-офф Бразилиянинг «Палмейрас» ва «Ботафого» клублари ўйини билан бошланди, бу жамоалар ўтган мавсумда мамлакат чемпионлиги учун ўзаро қаттиқ кураш олиб борганди. Улар бир-бирини жуда яхши билишади, шунинг учун масъулиятли учрашувда томошабоплик кутиш қийин эди. Қолаверса, «Ботафого» турнир гуруҳ босқичида натижани устун қўйиб ўйнади ва иккинчи рақамда ҳаракатланишдан уялмади. Лекин «ПСЖ»га қарши бошқача ўйнаб ҳам бўлмасди. Учинчи турда «Атлетико» билан ҳал қилувчи ўйинда ҳам охирги дақиқаларга қадар дарвоза дахлсизлиги сақлаб турилди, гуруҳдан чиқиш учун эса муҳими йирик ҳисобда ютқазмаслик эди.

Ренату Пайва «Палмейрас»га қарши ўйинда услубни ўзгартириши тўғри бўлмасди. Шундай экан, ўйин қандай кечишини олдиндан тахмин қилиш осон эди. Майдонда яшил-оқлар устунлик қилишди, «Ботафого» эса қарши ҳужумларда имкон кутди. Ўйинни тезкор гол очиб юбориши мумкин эди, аммо танаффусга қадар дарвозалар қаршисида яққол голли вазиятлар юзага келмади.

Кейинги мавсумда «Челси» сафида ўйнаши аниқ бўлган Эстевао бу ўйинда ҳужум учлигида чап қанотдан ўрин олди. Абел Феррейра рақибни ажаблантирмоқчи бўлганди ва бу иккинчи бўлим бошида иш бериши ҳам мумкин эди. Аммо мунтазам равишда ўз дарвозасига хафвни бартараф этиб турган Жон Виктор Эстеваонинг иккита хавфли зарбасини қайтарди, кўп ўтмай ушбу вундеркинд ҳамда чалқанча услубдаги зарбаси билан ёдда қолган Витор Роке алмаштирилди. Захира ўриндиғи кенглиги — «Палмейрас»нинг устунликларидан бири. Қолаверса, гуруҳдаги тўрт гол (автогол ҳисобга олинмаганда)дан учтасини жокерлар уришган. Жумладан, «Интер Майами»га қарши 0:2 ҳисобидан чиқиб кетилган ўйинда ҳам, бу дуранг 1/8 финалда «ПСЖ»дан қочиб қолишга имкон берди.

Алмаштиришлар бу сафар ҳам иш берди. Анча ёшлигида «Байер»га йўл олган, «Атлетико Минейро»да юлдузга айланган Паулинио овертаймларда тўпни бурчакка йўллади ҳамда декабр ойида Либертадорес кубоги финалидаги мағлубият учун «Ботафого»дан ўч олди. Ўйин қаҳрамони дарҳол қўшимча ҳимоячига алмаштирилди ва қолган дақиқаларда жамоалар амалда ролларини алмашиб олишди. «Ботафого» ҳам ҳужумкор ўйин кўрсата олишини намойиш этди, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати олдидан таркибга қўшиб олинган Артур Кабрал («Бенфика») ва Хоакин Корреа («Интер») жамоани мағлубиятдан қутқариб қолиш учун қаттиқ ҳаракат қилишди.

Аммо поезд аллақачон ўтиб кетганди. «Палмейрас» фаворит мақомига мос тарзда чоракфиналга йўл олди. Лекин кейинги ўйинда жамоа Бразилия лигасидаги энг яхши ҳимоячи Гомессиз ўйнашига тўғри келади. Парагвайлик сардор иккинчи сариқ карточка ишлаб олди ва энди яшил-оқлар учун кейинги ўйингача Мурило сафга қайтиши муҳим.

Тўққиз сариқ ва бир қизил карточка

КЖЧ. Нимчоракфинал.
«Бенфика» – «Челси» 1:4
Голлар:
Жеймс (64), Ди Мария (пен, 90+5), Нкунку (108), Нету (114), Дюзбери-Ҳолл (117).
«Бенфика»: Трубин, Дал, Отаменди, Силва, Эурснес (Гувейя, 86), Гўкчи (Велозу, 85), Флорентину (Престианни, 70), Баррейро, Ди Мария, Скелерап (Оқтуркўғли, 46), Павлидис (Белотти, 70).
«Челси»: Санчес, Кукуреля, Бадяшил (Адарабийоё, 64), Колуилл (Ансенмино, 118), Жеймс (Гюсто, 80), Кайседо, Лавия, Палмер, Фернандес (Дюзбери-Ҳолл, 81), Нету, Делап (Нкунку, 81).
Огоҳлантиришлар: Павлидис (50), Кайседо (61), Флорентину (63), Гўкчи (83), Палмер (92), Колуилл (102), Силва (90+2), Престианни (90+6), Гувейя (120+1).
Четлатиш: Престианни (92).

Бразилиянинг икки клубидан фарқли ўлароқ «Бенфика» ва «Челси» ўн икки йилдан буён расмий ўйинларда тўқнашмаганди — ўшанда кўклар «бургутлар»ни Европа Лигаси финалида мағлуб этган. Лиссабонликлар сафида ўшанда Луизао, Гарай, Матич кабилар тўп сурган, лондонликларга ғалаба келтирган голни эса Иванович урганди (2:1). Ўшанда Рори Делап фаолиятидаги сўнгги мавсумни ўтказган, унинг 10 ёшли ўғли Лиам эса эндигина «Дерби» академиясида футбол сирларини ўрганишни бошлаган, қачондир «Челси» ҳужумида биринчи рақам бўлишини фақат орзу қиларди.

Ушбу ёш футболчи икки ўйинга дисквалификация қилинган Жексон йўқлиги учун эмас, мураббийнинг танлови сифатида бу сафар ҳам лондонликларнинг бошланғич таркибидан ўрин олди. Лекин биринчи бўлимда лиссабонликлар дарвозаси олдидаги энг хавфли вазиятлар латерал Кукуреля томондан келди. Биринчи ҳолатда унинг юқори бурчак томон йўллаган ва қайтариб бўлмасдек кўринган зарбасини ҳимоячи Антониу Силва бош билан тўсиб қолди. Иккинчи ҳолатда эса Трубин ажойиб реакция кўрсатди. «Бенфика» умуман Санчес дарвозаси томон хавф сололмади ва Бруну Лаже чап қанотни жонлантириш учун танаффусдан кейиноқ Карим Оқтуркўғлини майдонга ташлашга қарор қилди.

Фақат бу билан ўйинда амалда принципиал ўзгариш юз бермади. Ауршнес узатма бермоқчи бўлганида тўп кутилмаган йўналиш олди ва дарвозабон доғда қолдирилиши мумкин эди, аммо Санчес позицияни тўғри танлади ва тўпни чизиқ устида тўхтатиб қолди, Трубин эса Жеймснинг қанот томондан йўллаган жарима зарбаси «жонли девор»ни айланиб ўтиб, яқин бурчакка бориб тушишига қаршилик кўрсата олмади.

Бу вақтда ўйиннинг 64-дақиқаси ўтиб бораётганди. Беш дақиқа ўтиб инглизлар клуби жароҳат туфайли Бенуа Бадяшилдан айрилди. Кўп ўтмай Лиам Делап дарвозабон билан яккама-якка вазиятни аниқ ижро этди. Аммо офсайд ҳолати туфайли гол бекор қилинди. Шундан кейин эса ўйинга яна Америка об-ҳавоси аралашди. Ўйин 85-дақиқада, стадион устини қора булутлар қоплаганида тўхтатилди. «Челси»нинг норози қиёфадаги футболчилари мажбурий паузага қандай муносабатда эканини кўрсатиб турарди.

Шу тариқа, турнирда олтинчи марта ўйин ноқулай об-ҳаво шароити туфайли тўхтаб қолди. АҚШда барча даражадаги спорт тадбирларига тааллуқли бўлган қоидалар мавжуд. Аренадан 10 мил радиусда (16,09 км) чақмоқ қайд этилганида, ўйин тўхтатилади ва мухлислар трибуналарни тарк этади. 30 дақиқалик танаффус эълон қилинади, аммо бу вақт ичида яна бир бор чақмоқ рўй берса, ҳисоблаш қайтадан бошланади. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида «Бенфика» ва «Окленд» иккинчи бўлимни биринчи бўлим якунидан кейин қарийб икки соат кейин бошлаган клублар сифатида рекорд қўйишган.

Бу сафар ҳам худди шундай узоқ танаффус юзага келди, аммо футболчилар ҳеч қаёққа кета олмаган бўлса, мухлислар уйларига тарқалишди. Уларни тушуниш мумкин эди — рефери томонидан қўшиб бериладиган вақт ҳам қўшилганда ўйнаш учун 10 дақиқа атрофида вақт қолганди. Амалда эса футболчилар кўпроқ ўйнашига тўғри келди. Ўйин давом эттирилганида стандарт вазиятдан кейин тўп Гюстонинг қўлига тегди ва 37 ёшли Ди Мария совуққонлик билан тўпни дарвоза марказига йўллади ва қўшимча ярим соатни таъминлади. Бу Анхел турнирда аниқ ижро этган тўртинчи 11 метрлик жарима зарбаси бўлди. 

Биринчи экстра-таймнинг иккинчи дақиқасида португаллар клуби ўн киши бўлиб қолди. Жанлука Престианни Ливая Колуиллнинг оёғига зарба берди ва қаршисида иккинчи сариқ карточкани кўрди. «Бенфика» ҳимояга ётмасдан, тўлиқ куч билан қарши ҳужумга ўтди. Аммо Карим Оқтуркўғлининг зарбасини Санчес бартараф этди.

108-дақиқада эса «Челси» барибир ҳисобда олдинга чиқиб олди. Трубин Мойсес Кайседонинг зарбасидан кейин тўпни рақиб томон қайтарди ва Кристофер Нкунку тўпни яқин масофадан тўққизликка михлади. Бироз ўтиб Педру Нету «Бенфика» ҳимоячиларидан қочиб кетди ва дарвозабонни осонлик билан доғда қолдирди — 1:3. Икки дақиқа ўтиб Кирман Дюсбери-Ҳолл Палмернинг узатмасидан кейин тўпни Трубиннинг устидан ошириб ташлади — 1:4.

«Челси» энди чоракфиналда «Палмейрас»га рақиб бўлади. «Бенфика» сафидаги сўнгги ўйинини ўтказган Ди Мария эса майдонни кўзда ёш билан тарк этди. 37 ёшли футболчи кейинги мавсумни Аргентинанинг «Росарио Сентрал» клубида ўтказади.

Мавзуга оид