Ғазода сулҳ “шаббодаси”, F-16’сидан айрилган Украина, TikTok’ка харидорлар топган Трамп ва Россия билан “совуқлашаётган” Озарбойжон – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Ғазода ҳам сулҳ бўладими?
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Эрондаги ҳарбий операцияларидан сўнг «кўплаб имкониятлар очилганини», жумладан, Ғазода асирликда қолаётган гаровдагиларни уйга қайтариш имконияти ҳам юзага келганини айтди.
«Эҳтимол, биласиз, бу ғалабадан сўнг ҳозир кўплаб имкониятлар очилди. Аввало, гаровдагиларни қутқариш. Албатта, биз Ғазо муаммосини ҳам ҳал қилишимиз, ҲАМАСни енгишимиз керак, аммо мен ҳар иккала вазифани бажаришга ишонаман», — дея Нетаняҳунинг сўзларини келтирмоқда CNN.
Нетаняҳунинг бу изоҳи гаровдагиларни озод қилишни ҲАМАСни тор-мор этишдан устун қўйганини очиқ айтган илк ҳолатлардан биридир. Бир неча ойлар давомида Нетаняҳу Ғазодаги ҲАМАСни мағлуб этишни асосий мақсад сифатида кўрсатиб келган ва «тўлиқ ғалаба» ҳақида гапирган эди.
Нетаняҳунинг баёнотлари АҚШ президенти Доналд Трампнинг Исроилдан сулҳга эришишни талаб қилаётган бир пайтда янгради. Эрон билан уруш якунлангач, воситачилар ҲАМАС билан Ғазода музокараларни тиклашга уринмоқда.
Хусусан, якшанба оқшомида Нетаняҳу Ғазо бўйича юқори даражадаги учрашув ўтказди, дея хабар берди икки исроиллик манба. Унда у стратегик ишлар вазири Рон Дермер, мудофаа вазири Исраэл Кац ва бошқа энг яқин маслаҳатчилари билан Исроилнинг Фаластин анклавига нисбатан ҳарбий операцияси бўйича сўнгги вазиятни муҳокама қилди.
Душанба куни Дермер Вашингтонда Трамп маъмурияти вакиллари билан учрашувлар ўтказиши кутилмоқда. Трамп Ғазодаги урушни тугатиш ва ҲАМАС қўлида асирликда қолаётган, камида 20 нафари тирик бўлган 50 гаровдаги шахсни уйга қайтариш мақсадида сулҳ битимига эришишни истаётганини очиқ билдирган.
Якшанба куни эрталаб ижтимоий тармоқларда «ҒАЗОДА КEЛИШУВГА ЭРИШИНГ. ГАРОВДАГИЛАРНИ ҚАЙТАРИНГ!!!» деган пост қолдирди.
ҲАМАС доимий сулҳ бўйича қатъий кафолатлар талаб қилмоқда. Ҳозиргача Исроил бу каби шартларга рози бўлмай келган, чунки унинг мақсади ҲАМАСни ҳукуматдан четлатиш ва Ғазони қуролсизлантириш эди. Аммо Эрон билан уруш бу борадаги музокаралар учун янги имконият ойнасини очган бўлиши мумкин ва воситачилар айнан шу имкониятдан фойдаланишга уринмоқда.
Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, уруш бошланганидан бери Исроил зарбалари ва ҳарбий операциялари оқибатида 56 000 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг 17 000 дан ортиғи болалар экани айтилмоқда.
Бундан ташқари, Исроилнинг босиб олинган Ғарбий соҳилдаги қочқинлар лагерларига бир неча ой давомида уюштирган ҳужумлари оқибатида 47 мингдан ортиқ фаластинлик уйини тарк этишга мажбур бўлган.
Россия Украинага ҳужумларни кучайтирмоқда
Россиялик ҳарбийлар якшанбага ўтар кечаси Украина бўйлаб навбатдаги марта ракеталар ва дронлар иштирокида комбинацияланган ҳужум уюштирди. Украина ҳаво кучлари якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари турли хилдаги 477 та дрон, жумладан, 250 дан ортиқ «Shaheed» аппаратлари ёрдамида Украинага ҳужум қилганини билдирди.
Бундан ташқари, ҳарбий-ҳаво кучлари «Кинжал» русумли 4 та аэробаллистик ракета, «Искандер-М» мажмуасининг 7 та баллистик ракетаси, Х-101 русумли 41 ракета, «Калибр» русумли 5 та ракета (улар Қора денгиз ҳудудидан учирилган), шунингдек, S-300 тизимининг учта баллистик ракетаси билан зарба берилганини маълум қилган.
Россия мудофаа вазирлиги йирик зарба ҳақида қисқа хабар эълон қилди, бироқ унда Россия ракеталари ва дронлари айнан қайси нишонларга зарба беришга урингани ҳақида батафсил маълумот йўқ.
Хужумда дастлаб дронлар, кейин Қора денгиз ҳудудидан учирилган «Калибр» қанотли ракета гуруҳлари, сўнгра Ту-95MS бомбардимончи самолётларидан Х-101 қанотли ракеталари бир неча тўлқин бўлиб Украинага учиб кирди. Шунингдек, Россиянинг MiG-31K самолётлари «Кинжал» аэробаллистик ракеталарини учирган. Ракета ҳужуми деярли эрталаб соат 5 гача давом этган.
29 июнга ўтар кечаси Россиянинг ёпирилма ҳужумини қайтариш учун F-16 самолётлари жалб қилинди, уларнинг учувчилари ўнлаб дронларни йўқ қилган. Шунингдек, улардан бири ҳалок бўлган.
«Афсуски, ҳозир бизда яна бир оғриқли йўқотиш бор. Бугун тунда душманнинг ёпирилма ҳаво ҳужумини қайтаришда F-16 самолётида 1-даражали учувчи, 32 ёшли подполковник Максим Устименко ҳалок бўлди», – дейилади Украина қуролли кучлари хабарида.
Маълум қилинишича, учувчи борт қуролларининг бутун мажмуасини қўллаб, еттита ҳаво нишонини уриб туширган. Охиргисига қарши ишлаш пайтида унинг самолёти шикастланган ва баландликни йўқота бошлаган. Максим катапулта қилишга улгурмаган ва ҳалок бўлган.
Сўнгги ҳафталарда Россия Украинага ҳужумларини кучайтирди. Жума кунидан шанбага ўтар кечаси Одесса дронлар ҳужумига учраганди, 27 июн куни Днипропетровск областидаги шаҳарлар баллистик ракета ҳужумига учради.
Эрон бир неча ой ичида бойитилган уран ишлаб чиқаришга қайтиши мумкин
Эрон бойитилган уран ишлаб чиқаришни қайта тиклаш имкониятини сақлаб қолган ва «бир неча ой ичида» бунга қайтиши мумкин. Бу ҳақда Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) раҳбари Рафаэл Гросси CBS’га берган интервюсида маълум қилди.
«Уларда имкониятлар бор», — дейди Гросси. «Айтиш мумкинки, улар бир неча ой ичида ёки ундан ҳам олдинроқ яна бир неча центрифуга каскадларини ишга тушириб, бойитилган уран ишлаб чиқаришни бошлай олади. Аммо олдин айтганимдек, барчаси йўқ қилингани ва ҳеч нарса қолмаганини тасдиқлаб бўлмайди», — дея қўшимча қилади МАГАТЭ раҳбари.
Гроссининг сўзларига кўра, Эронда «ҳануз саноат ва технологик салоҳият мавжуд» ва «агар улар хоҳласа, ҳаммасини яна ишга тушира олади». Аввалига Исроил, сўнг АҚШ бомбардимончилари томонидан Эрон ядро объектларига зарбалар берилганидан кейин Доналд Трамп улар «бутунлай яксон қилингани»ни айтганди. ОАВлар эса разведкадаги манбаларига таяниб, Америка зарбалари Эрон ишланмаларини бир неча ой ортга сурганини таъкидлаган.
Озарбойжонда Россия билан боғлиқ барча маданий тадбирлар бекор қилинди
Озарбойжонда Россия давлат ва хусусий муассасалари томонидан ташкил этилган барча маданий тадбирлар бекор қилинди. Бу ҳақда мамлакат маданият вазирлиги маълум қилди.
Бекор қилинган тадбирлар орасида концертлар, фестиваллар, спектакл ва кўргазмалар бор. Фуқароларга чиптага сарфланган пулларини қайтариб олиш учун савдо пунктлари ва онлайн платформаларга мурожаат қилиш тавсия этилган.
Озарбойжон маданият вазирлиги ушбу қарорни Россия ҳуқуқ-тартибот органларининг Екатеринбургдаги ҳаракатларига жавобан қабул қилди. У ерда озарбойжонликларнинг яшаш ва иш жойларида кенг кўламли рейдлар ўтказилиб, Озарбойжоннинг 50 дан ортиқ фуқароси қўлга олинганди. Рейд давомида икки киши – ака-ука Зиёддин ва Ҳусайн Сафаров ҳалок бўлган.
Ҳолат юзасидан расмий муносабат берган Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги Россия хавфсизлик кучларининг ҳаракатларини «қабул қилиб бўлмас зўравонлик» деб атади. Шунингдек, Россиядан тергов ўтказишни талаб қилди.
Расмий версияга кўра, рейд аввалги йилларда содир этилган бир қатор оғир жиноятлар тергови доирасида ўтказилган. Уни Россия Тергов қўмитасининг Свердловск вилояти бўйича бўлими олиб борган. ИИВ «тергов манфаати учун» рейд тўғрисидаги тафсилотларни ошкор этмади.
Туркияда ўрмон ёнғинлари сабаб ўнлаб аҳоли пунктлари эвакуация қилинди
Туркия шимоли-ғарбида бир неча кундан бери кенг кўламли ўрмон ёнғинлари давом этмоқда. Ҳозирга қадар юзлаб одам эвакуация қилинди, деб хабар беради Казинформ. Мамлакат қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Иброҳим Юмаклининг сўзларига кўра, 153 та ёнғин ўчоғи қайд этилган, уларнинг 83 таси кеча аниқланган. Айни вақтда 8 та фаол ёнғин ўчоғини ўчириш ишлари давом этмоқда, уларнинг тўрттаси қисман ўчирилган.
Кенг кўламли ёнғинларнинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш бўйича тергов бошланган, дастлабки тергов ҳаракатлари давомида 17 киши қўлга олинган.
Трамп TikTok учун харидорлар топганини айтди
АҚШ президенти Доналд Трамп TikTok учун «жуда бой инсонлар гуруҳи»дан иборат харидорлар топгани ва сотув амалга оширилиши учун ХХР раиси Си Жинпингнинг розилиги талаб этилишини маълум қилди.
«Айтганча, бизда TikTok учун харидор бор. Ўйлашимча, менга Хитойнинг розилиги керак ва раис Си афтидан, буни амалга оширади», — дейди Трамп Fox News бошловчисига.
Трамп бошқа ҳеч қандай тафсилотларни ошкор этмади. Шунингдек, у харидорлар исмини ҳам айтмай, бу ҳақда «тахминан икки ҳафтадан кейин» маълумот беришини билдирган.
2024 йил баҳорда АҚШ вакиллар палатаси TikTok Хитойнинг ByteDance компаниясидан ажратилмаса, мамлакатда ушбу ижтимоий тармоқни тақиқлаш имконини берадиган қонунни маъқуллаган эди. Конгрессменларнинг ҳисоблашича, TikTok миллий хавфсизликка таҳдид уйғотади, чунки Хитой ҳукумати ByteDanceʼдан илованинг америкалик фойдаланувчиларига оид маълумотларни беришга мажбурлаши мумкин.
Трамп бу қонун кучга киришини узайтириб келмоқда. Трампнинг сўзларига кўра, унинг маъмурияти «TikTokʼни қутқариш бўйича битим устида тинмай ишлаяпти».
Мавзуга оид

14:23 / 28.06.2025
Эронга имтиёзлар тайёрлаётган АҚШ, Эрдўғаннинг орзуси ва 12 кунлик урушнинг «нархи» – кун дайжести

14:13 / 27.06.2025
Эронликларни ғалаба билан табриклаган Хоминаий, АҚШ зарбасини шубҳага қўйган разведка ва сулҳга ишонмаётган Хитой – кун дайжести

14:00 / 26.06.2025
Киевга “Patriot” бермоқчи бўлган Трамп, НАТОнинг тарихий келишуви ва Эрон ядро дастури атрофидаги баҳслар – кун дайжести

14:00 / 25.06.2025