Ҳафта давомида ҳарорат +43 даражагача кўтарилиши кутилмоқда
1–5 июл кунлари Ўзбекистонда иссиқ ҳарорат аста-секин кучаяди. Республиканинг катта қисмида ҳаво +40…+43 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +44…+46 даражагача исийди.

Фото: Kun.uz
1−5 июл кунлари иссиқ об-ҳаво аста-секин кучаяди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.
Душанба куни Ўзбекистон ҳудуди бўйича қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорат кундузи +34…+37 даражани, энг чекка жанубда +40, +41 даражани ташкил этади.
Энг иссиқ кунлар республика шимолида 2–3 июлда, чўл ҳудудларда 3–4 июлда, республиканинг қолган ҳудудларида 4 июл ва 5 июл кунлари кузатилади. Шу кунларда ҳудуднинг катта қисмида ҳаво ҳарорати +40…+43 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда +44…+46 даражагача кўтарилади.
Ўзбекистон бўйича шамол тезлиги 13–18 метр/сониягача, 2−4 июлда шимолда ва чўл ҳудудларда, 5 июлда республика бўйича айрим жойларда баъзида 20–25 метр/сониягача кучайиши, баъзи жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши кутилмоқда.
Тошкент шаҳрида ҳаво кам булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. 30 июн ва 1 июл кунлари ҳарорат асосан +35…+38 даража, 2–3 июлда +38…+40 даража, 4–5 июлда +40…+43 даража бўлади.