Кўчмас мулк савдосини нақдсиз шаклга ўтказиш режалаштириляпти
Ўзбекистонда уй-жой олди-сотдисини амалга оширишда нақд пулдан воз кечиш режалаштириляпти. Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевга кўра, бу яширин иқтисодиётга қарши курашишга қаратилган.

Фото: Kun.uz
Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида Солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев уй-жой олди-сотдиси бўйича барча операцияларни фақат банклар орқали нақд пулсиз шаклга ўтказиш режалаштирилаётганини маълум қилди.
«Кўплаб давлатлар 2030 йилгача нақд пулсиз ҳисоб-китобларга тўлиқ ўтишни мақсад қилиб қўйган. Шунингдек, кўчмас мулк билан боғлиқ операциялардан бошлаб йирик тўловларни нақд пулсиз шаклга ўтказишни режалаштирганмиз. Ҳозирда уй-жой олди-сотдиси асосан нақд пулда амалга оширилмоқда. Янги қоидаларга кўра, тўловлар фақат банклар орқали, қонуний шаклда амалга оширилади», - деди Мирзаев.
Унинг таъкидлашича, бу чора яширин иқтисодиётга қарши курашишга қаратилган. Қарор лойиҳаси аллақачон барча вазирлик ва идоралар билан келишиб олинган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг декабридаги Сенат ялпи мажлисида иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт ҳажми ЯИМга нисбатан 25 фоиздан 45 фоизгача етиши мумкинлигини айтиб ўтганди.
«Қайси тармоқларда яширин иқтисодиёт энг юқори деб айтадиган бўлсак, булар: қурилиш, савдо, хизмат кўрсатиш соҳалари» деганди вазир.
2024 йилнинг бошида президент Шавкат Мирзиёев ҳам Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт муаммоси энг долзарб масала эканини таъкидлаганди.
Давлат раҳбарига кўра, хизматларда 140 трлн сўм, қурилишда 50 трлн сўм, саноатда 40 трлн сўм маҳсулот «сояда» қолмоқда. Агар улар жойида бўлса, бу орқали ЯИМга 135 трлн сўм, давлат бюджетига эса 30 триллион сўм миқдорида тушум қилиш мумкин.
Мавзуга оид

11:39 / 20.06.2025
Латвия Россия ва Беларус фуқароларига кўчмас мулк сотиб олишни тақиқлади

16:00 / 19.06.2025
Малайзия кўчмас мулк компанияси Ўзбекистонга инвестиция киритмоқчи

10:50 / 12.06.2025
Кўчмас мулк объектлари савдоси тартиби ўзгарди

12:42 / 23.05.2025