Жаҳон | 19:07
2693
3 дақиқада ўқилади

Sputnik агентлигининг Бокудаги офисида Россия махсус хизматининг икки ходими қўлга олинди

Озарбойжон ҳуқуқ-тартибот идоралари Sputnik ахборот агентлигининг Бокудаги офисида тинтув ўтказди. У ерда ФХХнинг икки ходими қўлга олинди. Маълумотларга кўра, улар таҳририятда яширин тарзда фаолият юритиб келган.

Фото: apa.az

Озарбойжон полицияси Sputnik ахборот агентлигининг Бокудаги офисида ўтказилган тинтувлар давомида икки нафар Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ходимини қўлга олди. Бу ҳақда республика ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига таяниб Vesti.az хабар берди.

Minval маълумотларига кўра, улар таҳририятда яширин тарзда ишлаган. Полиция 30 июн куни агентлик жойлашган бинони қуршаб олган, кейин эса иш жойида бўлмаган барча ходимларни офисга чақиртирган. Озарбойжон ИИВ буни «операция» деб атаб, кейинроқ батафсил маълумотлар тақдим этишга ваъда берди.

Ўз навбатида РФ Ташқи ишлар вазири агентлик журналистлари Россия фуқароси бўлса-да, россиялик дипломатлар уларнинг олдига қўйилмаётганини маълум қилди. Россия ташқи сиёсий идорасининг расмий вакили Мария Захаровага кўра, РФ элчихонаси содир бўлаётган воқеалар тўғрисида Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизматини хабардор қилган, аммо улардан жавоб ололмаган. Шунингдек, «Россия сегодня» раҳбари (Sputnik ушбу медиагуруҳ таркибига киради) Маргарита Симоняннинг сўзларига кўра, агентлик ходимлари 2 соатдан ошиқ вақтдан бери алоқага чиқмаяпти.

Жорий йилнинг феврал ойида Боку Москва билан муносабатлар ёмонлашгани фонида Sputnik ахборот агентлиги фаолиятини тўхтатишга қарор қилганди. Республика ТИВ матбуот котиби Ойхон Ҳожизода агентлик фақат бир нафар мухбир учун аккредитация олиши мумкинлигини айтган эди. Аммо Sputnik Озарбойжон ҳукуматининг қарорини бажармай, «мамлакат қонунчилиги ва манфаатларига» зид бўлган ахборотларни тарқатиш орқали фаолиятини давом эттирган. Minval маълумотларига кўра, Россия агентлигининг ходимлари ўтган вақт давомида офисга келишда давом этган, маош олган, тадбирларга ташриф буюрган ва тез орада фаолиятлари тўлиқ тикланишини кутаётганини маълум қилган.

Озарбойжондаги Sputnik офисида тинтувлар Екатеринбургда Озарбойжоннинг 50 дан ортиқ фуқароси қўлга олинганидан кейин бошланди. Россия Тергов қўмитаси уларни «этник жиноий гуруҳ» деб атаб, қатор қотилликларда айблади. Озарбойжон ТИВ қўлга олинлар орасида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар борлигини маълум қилди. Тергов қўмитасига кўра, улардан бири «юрак етишмовчилиги оқибатида вафот этган». Иккинчи фуқаронинг ўлими сабаби ҳозирда «аниқланмоқда».

Мазкур воқеалардан кейин Озарбойжон Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчукни қабул қилишдан бош тортди, мамлакат Мудофаа вазирлиги эса РФ билан ҳамкорликдаги барча тадбирларни бекор қилди.

Бунга жавобан Кремл ҳуқуқ-тартибот идораларининг хатти-ҳаракатлари дипломатик демаршлар учун сабаб бўла олмаслигини айтди. «Биз бундай қарорлар қабул қилинганидан чин юракдан афсусдамиз», - деди РФ президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков.

Мавзуга оид