Жаҳон | 21:25 / 30.06.2025
8865
9 дақиқада ўқилади

Екатеринбургдаги рейд ва Бокунинг жавоби. Воқеалар ривожи

Екатеринбургда йигирма йил олдинги қотиллик туфайли Озарбойжон диаспораси вакилларини қўлга олиш учун рейд ўтказилди. Икки киши қўлга олиш чоғида жон берган, етти киши ҳибсга олинган. Боку аввалига Россия билан боғлиқ маданий тадбирларни бекор қилди, кейин «Sputnik Озарбойжон» офисида тинтув ўтказилиб, икки киши қўлга олинди.

Екатеринбург суди тергов 2001-2011 йилларда озарбойжон диаспораси вакилларини ўлдириш ва суиқасд қилишда гумон қилган етти кишини тергов изоляторига ташлаш ҳақида ҳукм чиқарди. Маҳаллий нашрлар хабар беришича, шу кунларда шаҳарда келиб чиқишига кўра озарбойжонлик бўлган гуруҳ вакилларини қўлга олиш бўйича рейд ўтказилган, бу хавфсизлик кучлари томонидан куч ишлатилиши билан кечган. Гумонланувчиларнинг икки нафари қўлга олиш вақтида вафот этган, қолганлари калтаклаш излари билан судга олиб кетилган. Озарбойжон Россиядан хавфсизлик кучларининг рейд пайтидаги ҳаракатларини текширишни талаб қилмоқда ва аллақачон мамлакатда Россия томонидан режалаштирилган барча маданий тадбирларни бекор қилмоқда ва «ФХХ жосуслари»ни қўлга олмоқда. Қуйида ака-ука Сафаровлар иши бўйича асосий маълумотлар келтирилади.

Екатеринбургдаги рейд

2025 йил 27 июн куни Екатеринбургда келиб чиқишига кўра Озарбойжондан бўлганлар оммавий тарзда қўлга олиниши кузатилди: 2001–2011 йилларда содир этилган қотилликлар ва суиқасдларга алоқадорлиги текширилиши учун 50 га яқин киши Тергов қўмитасига етказилган.

Икки асосий гумонланувчи, ака-ука Гусейн ва Зияддин Сафаров қўлга олиш ҳаракатлари вақтида вафот этган, уларнинг юрагидаги муаммолари бўлгани айтилган. E1 нашри хабарига кўра, улар қўлга олиш чоғида ўзини ёмон ҳис қила бошлаган. Яна уч киши шифохонага тушиб қолган, улардан бири – Камол Сафаров – жонлантириш бўлимида қолмоқда. Нашрнинг таъкидлашича, бу иш жами 15 кишини қамраб олган, улар орасида Сафаровлар оиласининг тўққиз вакили, шунингдек Аҳлиман Ганжиев ва Азиз Аббосов ҳам бор.

Кейинги куни Тергов қўмитасининг Свердловск области бўйича бошқармаси «этник жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилгани»ни эълон қилди. Унинг аъзоларига нисбатан бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, буюртма асосида одам ўлдириш ва суиқасд қилиш ҳолатлари бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Тергов версиясига кўра, қўлга олинганлар 2001 йил май ойида «Каспий» кафеси (ака-ука Сафаровларга тегишли) ёнида пичоқланиши оқибатида шифохонада вафот этган, келиб чиқишига кўра Озарбойжондан бўлган екатеринбурглик Юнис Пашаев ўлдирилишига алоқадорликда гумонланмоқда. Шаҳардаги E1 нашри ёзишича, ўшанда терговчилар ака-ука Сафаровларга айблов эълон қила олмаган, лекин Пашаев жон беришидан олдин уларни кўрсатишга улгурганди.

E1 хабарига кўра, қўлга олинганлар Екатеринбургда яшовчи яна бир асли озарбойжонлик Феҳруз Ш.га 2011 йил май ойида уюштирилган суиқасдда ҳам гумонланмоқда. Ўшанда тергов ижрочини қўлга олишга муваффақ бўлганди (у ҳозирда қамоқ муддатини ўтамоқда), аммо буюртмачиларга етиб бора олмаганди. Нашрнинг ёзишича, ишдаги учинчи эпизод 2011 йил ёзида шаҳардаги сабзавот базаларидан бирининг эгаси Икром Гаджиев ўлдирилиши билан боғлиқ.

РИА Новости эса Екатеринбургда қўлга олинган озарбойжонликлар 2021 йилда рўй берган, алкоголдан оммавий заҳарланиш ҳолати билан боғлиқлиги ҳақида хабар тарқатди.

Ўшанда Екатеринбургдаги савдо павилёнларида сотилган алкогол маҳсулотлари партиясида нормадан ошиқ концентрацияда метанол аниқланган. Бу маҳсулотларни истеъмол қилиш оқибатида 51 киши заҳарланиб, шундан 44 киши ҳалок бўлган. Иш бўйича етти киши қамалганди (6,5 йилгача).

Бундан ташқари, қўлга олинган шахслар шаҳарда қалбаки сигареталар сотиладиган киоскаларга эгалик қилган. РИА Новости манбаси айтишича, улар 1990-йиллардан бошлаб жиноий фаолият (гиёҳванд моддалар сотиш, қимор ўйинларини ноқонуний ташкил этиш, фоҳишабозлик ва порнографик материаллар тарқатиш) билан шуғулланиб келишган.

Мазаҳир Сафаров

2025 йил 29 июн куни Екатеринбургнинг Ленин район суди ишдаги етти фигурантни тергов изоляторига юборди. Улардан бири – Мазаҳир Сафаровнинг адвокати журналистларга қўлга олиш чоғида мижозининг қовурғалари синганини айтди. Яна бир гумонланувчи Аёз Сафаров эса судда юзида калтак излари билан кўриниш берган. У «қўлга олинишидан олдин йиқилгани»ни айтган.

Аёз Сафаров

Озарбойжондаги Oxu.Az нашри иш доирасида гувоҳ мақомида қўлга олинган Рамил ва Муҳаммад Сафаровнинг ҳам танасида кўкаришлар акс этган фотосуратларни тарқатган.

Бокунинг жавоби

Озарбойжон ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Екатеринбургдаги озарбойжонликларнинг уйларига уюштирган рейдларини «йўл қўйиб бўлмас зўравонлик» деб атади. «Биз Россия томонидан ушбу иш бўйича зудлик билан тергов ўтказилишини ва ушбу номақбул зўравонлик ҳаракатида айбдорлар имкон қадар тезроқ жавобгарликка тортилишини кутмоқдамиз», – дейилади ТИВ хабарида.

28 июн куни вазирлик Россия элчихонасининг муваққат ишлар вакили Пётр Волоковични чақиртириб, унга «қатъий протест» билдирди.

Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова ҳибсга олинганлар Россия фуқаролари эканини айтиб чиқди. Ўша куни Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин вазирликнинг Свердловск бўлимига озарбойжонликларнинг оммавий ҳибсга олиниши ва икки гумонланувчининг ўлими ҳақида ҳисобот тайёрлашни топширди.

Бу воқеалар ортидан мамлакат Миллий мажлиси депутатлари делегацияси Озарбойжон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг 23-йиғилишида иштирок этишдан бош тортди. Озарбойжон маданият вазирлиги эса Россия иштирокидаги барча маданий тадбирлар, жумладан, концертлар, фестиваллар, спектакллар, кўргазмаларни бекор қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Вазирликнинг ОАВга маълум қилишича, бу «Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Россия Федерациясининг Екатеринбург области ҳудудида этник келиб чиқишига кўра озарбойжон бўлганларга нисбатан содир этилган қасддан ва суддан ташқари қотилликлар ва зўравонлик ҳаракатлари»ни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилган. Хабарда Россияда бундай ҳолатлар тизимли тус олгани таъкидланган.

30 июн куни тушдан кейин Озарбойжон Ички ишлар вазирлиги «Sputnik Озарбойжон» ахборот агентлиги офисида тинтув ўтказди.

Қайд этилишича, бино ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан назоратга олинган. Полиция тинтув тафсилотларини кейинроқ ошкор қилишга ваъда берди.

Qafqazinfo нашри ёзишича, «Россия сегодня» тарғибот медиа гуруҳи таркибига кирувчи «Sputnik Озарбойжон» агентлиги фаолияти Озарбойжонда феврал ойидаёқ расман тўхтатилган эди. Бироқ таҳририят бу қарорни бажармаган, офис ўз фаолиятини давом эттирган ва агентлик ходимлари ишга чиқишда давом этган.

Маҳаллий APA ва Vesti.Az нашрлари ёзишича, тинтув вақтида озарбойжонлик терговчилар Россия Федерал хавфсизлик хизматининг (ФСБ) ушбу агентликда ишловчи икки ходимини қўлга олган. Улар бош муҳаррир Игор Картавих ва муҳаррир Евгений Белоусовдир. Бу маълумот ҳозирча мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.

Бузилган муносабатлар

Икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўтган йилнинг декабр ойида Россия ҳаво ҳудудида Озарбойжоннинг AZAL авиаташувчисига тегишли йўловчи самолёти уриб туширилгандан сўнг ёмонлаша бошлади. Самолёт Бокудан Грознийга парвоз қилган ва Қозоғистоннинг Оқтов аэропортига фавқулодда қўниш чоғида ҳалокатга учраган.

Ўшанда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев бир нечта кескин баёнотлар бериб, ҳалокатда айбни Россия вакилларига юклаганди, у самолётга ердан зарба берилиши натижасида шикаст етказилгани ва радиоэлектрон кураш воситалари ёрдамида бошқариб бўлмайдиган ҳолатга келтирилганини айтганди.

«Ишонч билан айтишим мумкинки, ушбу фалокатда Озарбойжон фуқаролари ҳалок бўлишида Россия Федерацияси вакилларининг айби бор», деганди Алиев.

Россия президенти Владимир Путин Алиев билан телефон орқали суҳбатда содир бўлган воқеа учун узр сўради, бироқ айбни тан олиш ҳақида ҳам (гарчи у ҳаво ҳужумидан мудофаа ишини тилга олган бўлса-да), товон пули ҳақида ҳам гап бўлмади.

Шундан сўнг, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Россия фуқароларига мамлакатда бўлиш рухсатномасини икки бараварга - бир йил давомида 90 кунгача қисқартирди.

Феврал ойида Озарбайжон ҳукумати Европа Иттифоқи санкциялари остида бўлган Евгений Примаков бошчилигидаги Россотрудничество лойиҳаси - «Рус уйи»ни ёпди. Маҳаллий матбуот ўша пайтда ёзганидек, Озарбойжон расмийлари «ташқи аралашувга ортиқ тоқат қилишни истамайди». Расмий равишда Озарбойжон расмийлари буни «Рус уйи»нинг рўйхатдан ўтмагани билан изоҳлади.

Мавзуга оид