Жаҳон | 18:22 / 01.07.2025
1078
2 дақиқада ўқилади

Жазирама сабаб Эйфел минорасининг юқори қисми туристлар учун ёпилди

Экстремал иссиқ туфайли 1350 та француз мактаби қисман ёки тўлиқ ёпилди, Ардеш ва Дром минтақаларида 5 мингдан ортиқ хонадон электр энергиясисиз қолди.

Фото: REUTERS

Эйфел минорасининг тепа қисми кейинги икки кун ташриф буюрувчилар учун ёпиқ бўлади, деб хабар бермоқда Bloomberg. Парижда бугун ҳаво ҳарорати 41 даража иссиқ бўлиши прогноз қилинмоқда.

Ҳаво ҳароратининг қизил даражали хавфи Париждан ташқари, Франциянинг яна 15 та департаментида эълон қилинган. Экстремал жазирама туфайли 1350 та француз мактаби қисман ёки тўлиқ ёпилган, Ардеш ва Дром минтақаларида 5 мингдан ортиқ хонадон электр энергиясисиз қолган. Париж ва бир нечта шаҳарлар ўртасида, жумладан, Тулуза ва Лимузенга поездлар ҳаракати тўхтатилган.

Европанинг катта қисмида жазирама иссиқ ҳаво кузатилмоқда. Испаниянинг айрим ҳудудларида ҳарорат 43 даражагача кўтарилиши кутиляпти. Португалияда ҳам шу каби максимал ҳарорат кузатилиши мумкин — 29 июн куни мамлакатда ҳаво ҳарорати 46,6 даражага чиққанди. Лондонда ҳарорат 34 даражани ташкил этади, аммо чоршанба кунидан бошлаб ҳаво совийди. Прогнозларга кўра, Италиянинг Флоренциясида эртага ҳарорат 40 даражада иссиқ бўлади. Германияда Кёлндан ғарбда жойлашган бешта округ ва жанубдаги учта минтақа учун иссиқ хавфидан огоҳлантириш эълон қилинди.

Энг иссиқ ҳаво эртага кузатилади, шундан кейин ёмғирлар бошланади. Версиялардан бирига кўра, кондиционерлардан фойдаланиш глобал исиш жараёнларини кучайтирмоқда.

Мавзуга оид