Ўзбекистон | 17:49 / 01.07.2025
4877
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги «Строй город» қурилиш бозори вақтинча ёпилди

Учтепа туманидаги «Строй город» қурилиш бозори ёнғинга қарши камчиликлар ва қонунбузилишлар сабаб суд қарори билан вақтинча ёпилди. ФВВ тегишли камчиликлар бартараф этилгандан сўнг бозор фаолиятини давом эттиришини маълум қилди.

Фото: Telegram / Tashkent_Land

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги Тошкент катта ҳалқа автомобил йўлида жойлашган «Строй город» қурилиш бозори электр энергиясидан ўзбошимчалик билан узилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси расмий изоҳ берди.

Изоҳда бозордаги воқеа электр таъминотига боғлиқ эмаслиги қайд этилган. Маълум қилинишича, Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан 2025 йил 13 июнда чиқарилган ҳал қилув қарорига мувофиқ, «ОЗИҚ-ОВҚАТ СТАНДАРТ КАРТОН» МЧЖга тегишли савдо бинолари ва хоналарида аниқланган ёнғинга қарши камчиликлар ва қонунбузилишлар тўлиқ бартараф этилгунга қадар, мазкур бозорда иш фаолиятини вақтинча тўхтатиш белгиланган.

Шунга кўра, 2025 йилнинг 27 июн кунидан бошлаб «ОЗИҚ-ОВҚАТ СТАНДАРТ КАРТОН» МЧЖга қарашли қурилиш маҳсулотлари бозори Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан вақтинча ёпилди. Бу чора кўрилганча бозордаги ёнғинга қарши қоидаларга риоя этилиши ва камчиликлар тўлиқ бартараф этилиши таъминланиши зарур.

Фуқаролардан асоссиз ва тасдиқланмаган маълумотларга ишонмаслик сўралган. Агар Тошкент шаҳар ФВБ ходимларининг фаолиятида ноқонуний ёки коррупцион ҳолатларга гувоҳ бўлинса, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 1101 ишонч телефонига қўнғироқ қилиб хабар бериш мумкин. Хабар берган фуқароларнинг шахсий маълумотлари сир сақланишига кафолат берилади.

Мавзуга оид