Ўзбекистон | 23:36 / 03.07.2025
2688
6 дақиқада ўқилади

Бухорода шифокор пичоқ билан ўзини жароҳатламоқчи бўлган шахсни зарарсизлантирди, банкдан 90 минг доллар талон-торож қилганлар ушланди — маҳаллий дайжест

Хусусий олий таълим муассасаси очиш учун янги талаблар белгиланди. Июлда энг иссиқ ҳарорат кузатиладиган кунлар маълум қилинди. Пул эвазига машиналарни Тожикистонга ўтказиб берган шахсларни фош этилди. 90 минг доллар талон-тарож қилган шахслар қўлга олинди. Шифокор пичоқ кўтарган фуқарони зарарсизлантирди. Кун давомида Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Хусусий олий таълим муассасаси очиш учун янги талаблар белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада нодавлат таълим хизматлари сифатини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Лицензиялашнинг қўшимча шартларига кўра, энди талабгор томонидан нодавлат олий таълим ташкилотининг таълим жараёни билан бевосита боғлиқ бўлган моддий-техник база, дастурий таъминотни ўз ичига олган дастлабки устав фонди 2 млн АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилади. Кейинчалик талабалар сонининг кўпайиб боришига мутаносиб равишда устав фонди ошириб борилади.

Талабгор томонидан 350 минг АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар тижорат банкларидаги депозитларга захирага жойлаштирилади.

Ташкил этилаётган олий таълим ташкилотининг таълим жараёнига мўлжалланган бино ва иншоотлари майдони 5 минг метр квадратдан кам бўлмаслиги лозим. Бунда бино университетнинг ўз мулки бўлиши шарт эмас, камида 5 йил муддатга тузилган ижара шартномаси асосида иш бошлаш ҳам мумкин.

Олий таълим ташкилоти ташкил этилган вақтдан бошлаб дастлабки 5 йил давомида унинг йиллик соф фойдасининг камида 80 фоизи, кейинги йилларда эса камида 50 фоизи мазкур таълим ташкилотининг асосий фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилади.

Қарор кучга киргунга қадар лицензия олган тадбиркорлик субъектлари 2026 йил 1 январгача ўз фаолиятини янги лицензия талаблари ва шартлари асосида ташкил этиши лозим.

Июлда энг иссиқ ҳарорат кузатиладиган кунлар маълум қилинди

Республика шимолида 2 ва 3 июл кунлари, чўл ҳудудларда 3 ва 4 июл кунлари, қолган ҳудудларда 4 июлда ва баъзи жойларда 5 июлда энг иссиқ кунлар кузатилади.

Ушбу кунларда ҳудуднинг катта қисмида ҳаво ҳарорати 40-43 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда 44-46 даражагача кўтарилади.

Аҳолидан Соғлиқни сақлаш ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тақдим этиб борилаётган жазирама кунлари амал қилиниши керак бўлган ҳамда иссиқ уришидан сақланиш бўйича тавсияларга амал қилиш сўралади.

Божхона қўмитаси пул эвазига машиналарни Тожикистонга ўтказиб берган шахсларни фош қилди

Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси томонидан Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган машиналарни Тожикистонга олиб ўтиш ва ноқонуний сотиб юбориш ҳолати билан шуғулланувчи шахслар фош этилди.

Маълум қилинишича, Бухоро, Тошкент, Наманган вилоятларида туғилган шахслар Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган жами 59 та машинани «Ойбек», «Ховособод», «Андархон» ва «Поп» чегара божхона постлари орқали олиб чиқиб кетган. Уларнинг барчаси BYD, Volkswagen, Kaiyi Х3, Honda, Geometry, Faw ID4 русумидаги машиналар бўлган.

Шу тариқа, 8 нафар шахс жами 59 та машинанинг ҳар бири учун 100-200 АҚШ доллари ҳақ олган ҳолда Тожикистонга ўтказиб берган. Аниқланишича, мазкур автотранспорт воситаларининг барчаси Тожикистонда ноқонуний тарзда сотиб юборилган.

Ҳолат юзасидан Божхона қўмитасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов органига топширилган.

90 минг долларни талон-торож қилган шахслар қўлга олинди

Тошкент шаҳридаги банкдан 90 минг АҚШ долларини ноқонуний равишда олиб чиқиб кетган жиноий гуруҳ ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 18 июн куни Яшнобод тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига Тенге Банк чакана хизматлар кўрсатиш бўлими бошлиғи ариза билан мурожаат қилган.

У ўз аризасида номаълум шахслар томонидан 90 минг доллар миқдорида пул маблағлари талон-торож қилинганини билдирган. Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида шу куннинг ўзида бир неча шахс банк кассасига мижоз сифатида ташриф буюриб, банк картасида мавжуд пулларни нақдлаштириш мақсадида посттерминалга ёлғон ахборот киритиш йўли билан 90 минг доллар миқдордаги пулни олиб кетгани аниқланган.

Тезкор-техник тадбирлар натижасида ушбу хатти-ҳаракатларни содир этган жиноий гуруҳнинг барча аъзолари қўлга олинган.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида 12 дона телефон аппарати, посттерминал, 9 дона банк картаси, 1 670 000 сўм ва 36 495 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олинган. Жами 9 нафар шахс Жиноий-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Шифокор пичоқ кўтарган фуқарони зарарсизлантирди

Бухорода шифокор пичоқ билан ўзига жароҳат етказмоқчи бўлган фуқарони зарарсизлантиришга муваффақ бўлди.

Ҳолат 2 июл куни Бухоро шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказидаги мастлик ҳолатини аниқлаш хонасида содир бўлган.

Маълум қилинишича, профилактика инспектори Бухоро шаҳрида яшовчи 46 ёшли эркакнинг мастлигини аниқлаш учун олиб келган. Хонада эркак ўзини пичоқ билан жароҳатламоқчи бўлиб, профилактика инспекторига таҳдид қилган.

Шунда марказда навбатчи бўлган нарколог Элбек Дилов хонага кириб, эркакни зарарсизлантирган. Унга ҳеч қандай жароҳат етмаган. Кейин эса тиббий кўрик ўтказилган.

Мавзуга оид