Жаҳон | 18:27 / 04.07.2025
1616
3 дақиқада ўқилади

Тожикистонда чорва орасида куйдирги касаллиги тарқалди

1 июл ҳолатига кўра, мамлакатда ўта хавфли куйдирги касаллиги билан боғлиқ 41 та ҳолат аниқланди.

Фото: Asia-Plus

Тожикистонда 1 июл ҳолатига кўра, ўта хавфли куйдирги касаллиги тарқалиши билан боғлиқ 41 та ҳолат аниқланди. Бу ҳақда Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат санитария-эпидемиология назорати хизмати раҳбари ўринбосари Наврўз Жафаров маълум қилди.

Тожикистонда куйдирги билан касалланишнинг энг юқори даражаси анъанага кўра ёз ойларида, айниқса, ўт қуриганидан кейин содир бўлади. Ҳайвонлар қуруқ ўтни илдизи билан истеъмол қилганда, зарарланган тупроқдан касалликни юқтиради. Кейин инфекция тери, жун ёки хом гўштни қайта ишлайдиган одамларга юқади, деб тушунтирди Жафаров.

Унинг қайд этишича, куйдирги споралари тупроқда 80 йилгача яшаши мумкин. Аммо инфекциянинг аниқ манбаларини аниқлаш жуда қийин - қорамоллар кўпинча бир жойдан иккинчи жойга кўчирилади.

Муаммо шундаки, қассоблар ҳар доим ҳам хавфни ҳисобга олмайди. Қорамолларни сўйишдан олдин текшириш ветеринария шифокорларининг бевосита вазифасидир. Бундай текширувлар, айниқса, сўйишдан олдин мунтазам равишда ўтказилиши керак, деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили.

Унинг сўзларига кўра, чорва молларининг барча турлари касалликка мойил: қорамол, қўй, эчки. Ва одамга ҳам гўшт ёки бошқа ҳайвон маҳсулотлари орқали юқиши мумкин.

Касал ҳайвонни санитария меъёрларига мувофиқ қатъий равишда йўқ қилиш керак. Агар у чуқур кўмилган бўлса ҳам, кемирувчилар ёки бошқа ҳайвонлар томонидан патогенлар яна юзага чиқарилиши мумкин, деб қўшимча қилди Жафаров.

Яхши хабар шуки, касаллик даволанади. Сўнгги икки йил ичида мамлакатда бирорта ҳам ўлим ҳолати қайд этилмаган.

Вазият масъул идоралар, жумладан, Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси томонидан назоратга олинган. Асосийси, ҳайвонларни мажбурий текшириш ва йиллик эмлаш, - деб хулоса қилди мутахассис.

Куйдирги – Bacillus anthracis бактериялари келтириб чиқарадиган оғир юқумли касаллик. Бу бактериялар одатда тупроқда яшайди ва ҳайвонларга таъсир қилади - ҳам уй, ҳам ёввойи. Одамларда касаллик ҳайвон ёки унинг ахлати билан алоқада бўлиш, яхши пиширилмаган гўштни истеъмол қилиш орқали учта шаклда пайдо бўлиши мумкин: тери, ошқозон-ичак ва ўпка. Касаллик одамдан одамга юқмайди.

Касалликдан ҳимояланиш учун гўштни фақат ишончли жойларда, ветеринария назорати остидаги дўконлар ва бозорларда сотиб олиш тавсия қилинади.

Мавзуга оид