Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фермерлар яна синов қаршисида: мораторийлар нима бўлади?
Бизнесга янги мажбуриятлар юклашни тақиқловчи устма-уст иккинчи мораторий кучга кирган куни, Қонунчилик палатаси фермерларни дала четларига экин экишга мажбурлаш, акс ҳолда жаримага тортиш ва бутун ер майдонига солиқни 3 карра ошириш ҳақида қонун қабул қилди. Kun.uz иқтисодчи Отабек Бакиров ва фермерлар ҳуқуқлари фаоли Камолиддин Икромовдан оқибатлар ҳақида сўради.
Дала четларига экин экмаган фермерларни жаримага тортиш ва бутун ер майдонига ер солиғини 3 карра ошириш ҳақидаги қонун парламентда биринчи ўқишдан ўтди. Kun.uz иқтисодчи Отабек Бакиров ва фермерлар ҳуқуқлари фаоли Камолиддин Икромовдан бундай янгиликнинг оқибатлари ҳақида сўради.

Шокир Шарипов, журналист: Қандай салбий оқибатлари бор бу қонуннинг?
Отабек Бакиров, иқтисодчи: Биринчи навбатда, қонундан мақсад нима? Менинг назаримда, охирги йилларда ўзбек бюрократияси ўзбек иқтисодиётининг турли секторлари устидан назоратни кучайтириш йўлига ўтган. Яъни ҳар битта бюрократиянинг янги назорати улар учун янги ваколатлар беради, янги коррупцион имкониятлар беради. Бу қонун бўйича ўша дала четларини назорат қиладиган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги номи узун агентлик белгиланяпти. Улар 1 апрелгача ким дала четида маҳсулот экмади, ким маҳсулотини етиштирмади, лозим даражада – солиқ органларига бу тўғрисида ахборот беради. Шундан кейин қўшимча солиқ мажбурияти ва жарима пайдо бўлади. Яъни бутун бошли янги орган пайдо бўляпти. “Дала четлари вазирлиги” десак ҳам бўлади...
Яъни бизда бюрократия ўзини ўзи кенгайтириш, ўзига ўзи ваколат туғдириш хусусиятига эга. Энг асосий оқибат шу билан боғлиқ бўлади. Яъни биз йўқ жойдан, осмондан тушгандек яна битта бюрократик орган оляпмиз фермерлар устидан, деҳқон хўжаликлари устидан. Бу биринчи оқибат.
Иккинчи оқибат, янги даврда ҳам тўхтамаган бир дард – фермер хўжаликларининг мулкчилик ҳуқуқи ҳимоя қилинмаслиги, улар ўзларини ҳимоя қилишдаги имкониятлар ва ресурслар мўртлиги ва заифлиги билан боғлиқ. Уларга ҳар қандай важ билан, ҳар қандай баҳона билан босим ўтказилади, ерини, ҳосилини тортиб олиш, худди болшевикларча реквизиция қилиб олиш мумкин. Бу қонун қабул қилинадиган бўлса, фермерларнинг ерларини тортиб олиш, нима маҳсулот етиштирган бўлса, ўша маҳсулот билан боғлиқ бўлган босим ўтказиш масаласида яна битта қўшимча босимчи пайдо бўлади: “Агар сен менинг айтганимни қилмайдиган бўлсанг, ҳозир агентлик боради, дала четларингни текширади. Мен биламан, дала четларингга экмагансан. Табиийки, сенга нисбатан мана шунча солиқ, мана шунча жарима пайдо бўлади” деган важ пайдо бўлади, тушуняпсизми? Бошланган бўлса ҳам керак.
Учинчи масала — коррупцион масала. Билсангиз, Каримов пайтида таксистларнинг устидан Дарётранс деган битта номи узун бир махлуқ ташкилот бўлар эди. Таксистларни легаллаштирмас эдик-да, изидан қувиб юриб жарима солар эдик, бу ғирт коррупцион институтга айланиб қолган эди: пулини бериб, давом эттираверарди ишини таксистлар. Муаммо эса ечилмас эди. Коррупция ишлайверарди. Бу ерда ҳам худди шундай жараён пайдо бўлиб қолади. Яъни фаолиятини давом эттиришни истаган, уларга қонуний, тизимли чора кўришни истамаган фермерлар, деҳқонлар “келишиш” йўлига, коррупцион муносабатларга киришади. Ҳозирги мавжуд бўлган, ўзи шундоқ ҳам кенг бўлган коррупцион натижалар яна ҳам кенгаяди.
Аммо дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилиши орқали маҳсулот кўпайиб қолмайди, самарадорлик ошиб қолмайди, назорат ҳам ошиб қолмайди. Лекин улкан бюрократияга эришамиз.
Камолиддин Икромов, Агробизнес ассоциацияси раҳбари: Аслини олганда, пахта-ғалла йўналишидаги фермерлар учун бу янги йўналиш: дала четида қўшимча экинлар экилиши аслида бу имконият. Лекин бу стимуллаш, рағбатлантириш, қизиқтириш шаклида бўлиши керак, мажбурлаш ва жарималар қўллаш йўли билан эмас. Шундоқ ҳам икки йилдан бери зарарда чиқаётган фермерлар учун бу “янгилик” тушкунлик кайфиятини келтириб чиқаряпти.
Дала четига In vitro усулида етиштирилган кўчатларни экинглар, деб айтишяпти. Битта кўчат камида 50 минг сўм туради. Субсидия бериларкан. Чет элдан олиб келса, 100 минг-150 минг сўм битта кўчатнинг ўзи. Энди 100 гектарлик контурга тахминан 10 мингта, 15 мингта камида кўчат экилиши керак, бир қатор экилса агар. Бунинг нимаси ёмон? Шартномасиз қилиняпти-да бу. Пахта-ғаллачилик йўналишида шартномамиз бор, ичида кўчат экиш тўғрисида ҳеч қанақа шартнома йўқ. Фақат ғалла, пахта, сабзавот экиш бўйича шартномамиз бор. Эртага уч йил, беш йилдан кейин, мисол учун, бирорта ҳоким, бу қонун балки эсдан чиқиб қолиб, “бузасан” деб юборса, фалон пулли инвестицияга куяди фермер.
“Дала чети” деган тушунчанинг ўзига йўқ, қанча у дала чети? “Зовурдан мана шунча метр, дренаждан шунча метр” деб белгиланиши керак-да. Мисол учун, агар 100 гектарлик контурдан 5 метрини “дала чети” деб оладиган бўлсак, бу 2 гектар чиқиб кетади дегани. 10 метр деб оладиган бўлсак, ундан ҳам кўп. Анча-мунча ер чиқиб кетади.
Учинчи масала. Дейлик, ариқ ва каналлар четига чиройли қилиб экиб қўйдик қиммат кўчатларни икки-уч қатор қилиб. Эртага, уч-беш йилдан кейин у ариқ тўлиб қолади. Тўлгандан кейин уни ковлаш керак. Кўчат билан қўшиб ковлаш керакми?
Тўртинчи масала, дейлик, дала четидаги зовурлар ковланмай қолди. Захкаш ерларда чуқур қилиб ковланади зовурлар. Ковланмагандан кейин 100-200 гектарлик дала майдонимиз шўрланиб кетиши эҳтимоли катта. Дала четидан фойда қиламиз деб, юзлаб гектар ерни йўқотишимиз мумкин. Қайта тиклашга 10 йиллаб вақт кетиши мумкин.
Бешинчи масала – сув масаласи, асосий масала. Ўзи ҳозир пахта-ғаллага ҳам сув етмай турибди, техник экинларга, сабзавотларга. Фермерлар гуруҳларига кирсангиз, ҳар куни – сув, сув, сув, сув. Бу йил айниқса оғир бўляпти. Мана, кўрсатувлар қиляпмиз, сув омборларида сув кам, тоғларимизда қор кам, деяпмиз. Кейинги йиллар ҳали қандай келиши номаълум, лекин тенденция борки, буни ҳамма билади, 2050 йилгача, мисол учун, қанчадир камайиб кетади. Бу ёқда афғонларнинг канали... Хуллас, сув муаммомиз бор. Ғалладан кейин экишга ҳам ҳаттоки сув етмаяпти. Энди дала четига қиммат экинларни экиб қўйсак, эртага сув етмай қолса, бир йил, икки йилдан кейин бу қуриб қоладиган бўлса, унинг инвестициясини ким жавобгарликка олади? Яна фермернинг бўйнига ўтадими бу?
Отабек Бакиров: Яна битта ҳолат бор. “Дала чети” деган тушунча йўқлиги учун бюрократ буни ўзича тушунади, фермер – ўзича. Сиз асосий майдонда экиладиган майдонларга техника киришини ҳам чеклаб қўясиз, техника ҳаракатланишини ҳам чеклайсиз. Бунақа фантазиялар ўзи умуман далага бормаган, зовурни кўрмаган, қайси жойга сув қанақа кўринишда чиқарилишининг оғирликларини, қийинчиликларини кўрмаган одамлар тарафидан чиқади! Кабинетдан чиқмаганларнинг.
Қобилбек (@davletovuz Telegram-канали асосчиси – таҳр.) тўғри ёзди. Салқин кондиционер тагида ўтириб, далада 45 градусда ишлаётган деҳқон-фермернинг устидан ҳукм чиқаришяпти.
Мени жуда қаттиқ ташвишга солаётган нарса – мавжуд қонун-қоидаларни четлаб ўтиб, шундоқ ахлат қутисига ирғитгандек қонун-қоидаларни ташлаб ўтиб туриб, ҳуқуқий процедураларга амал қилинмаётгани. Давлат раҳбарининг иккита ҳужжати турибди, бир эмас, иккита ҳужжати. Мораторий эълон қилинган. Кичик, ўрта бизнес вакилларининг фаолиятига тўсқинлик қилувчи, уларнинг иш фаолиятини оғирлаштирувчи норматив-меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига 2028 йил 1 январгача мораторий эълон қилинган. Мораторий кучига кирган куни булар бу қонунни муҳокама қиляпти. Ўзи Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бир юрист борми? Наҳотки улар “Тўхта, бугун мораторий кучга кирди, мен борсам, иккита-учта ақлли депутат мени шарманда қилмасмикин?” деб ўйламадимикан? Бир эмас, иккита мораторий турибди, тушуняпсизми?
Учинчи ҳолат, етти йил, саккиз йил давомида шунақа бир оғир тенденцияни кузатяпмизки, йилдан йилга фермернинг ҳимояси кучсизланиб боряпти. Сиз кўрганмисиз бирор жойда алоқачини ҳоким ҳақорат қилганини, урганини? Ёки бирорта қурувчининг кимдир ҳуқуқини бузиб, мажлисда тепганини ёки ҳақорат қилганини ёки бошқа бир ноқонуний ишини кўрганмисиз? Кўрмагансиз, чунки тизимда эгалари уларни ҳимоя қилади. Лекин бизда қишлоқ хўжалигида, фермерлар билан боғлиқ ҳолатда, тизимда эгалари уларни ҳимоя қилиш ўрнига калтакка тутиб беришади.
Мен ўйлашим бўйича, фермерлар учун янги институт керак. Уларнинг ўзлари тайинлайдиган, ўзлари ваколат берадиган институт керак. Қанақадир “Ўзлидеп”, қанақадир Ҳайитов, қанақадир Фермерлар кенгаши фермерларни ҳимоя қилолмаслигини биз ўтган йили ҳам кўрдик, ундан олдинги йили ҳам кўрдик, ҳозир ҳам кўриб турибмиз.
Шокир Шарипов суҳбатлашди.
Мавзуга оид

18:58 / 31.07.2025
Даласига нима экишни фермернинг ўзи ҳал қилиши айтилди

08:42 / 31.07.2025
Пахта етиштирувчи деҳқон ва фермерларга субсидия ажратилади

15:37 / 30.07.2025
Иссиқхона хўжаликлари қўллаб-қувватланади

12:06 / 26.07.2025