Ўзбекистон | 15:09
688
2 дақиқада ўқилади

Олти ойда болаларга нисбатан 60 та зўравонлик ҳолати аниқланди

Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили ўтган ярим йил давомида болалар ҳуқуқлари бузилиши бўйича мурожаатлар статистикасини эълон қилди.

Фото: Екатерина Сычкова / URA.RU

Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили номига келган 885 та мурожаат кўриб чиқилди. Мурожаатлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 47 фоизга ошган. 20 та мурожаат вояга етмаган шахслар томонидан йўлланган.

Интернет тармоғи мониторингида бола ҳуқуқларининг бузилишига оид 185 та ҳолат аниқланган ва тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда текширилиб, болаларга нисбатан содир этилган 60 та зўравонлик ҳолатлари юзасидан 16 та жиноят иши ҳамда 22 та маъмурий иш қўзғатилган.

Ота-онаси ва бошқа яқинлари берган мурожаатлар бўйича 5 нафар бола хориждан Ўзбекистонга олиб келинишига, 1 нафар бола ўз юртига, Россияга қайтарилишига эришилди.

РФнинг турли ҳудудларида қаровсиз қолиб кетган 16 нафар бола бўлиб турган шаҳарларида барча зарур шарт-шароитлар таъминланиб, сўнг Ўзбекистонга қайтарилган.

Болалар омбудсмани 2025 йилнинг биринчи ярмида 21 та шахсий қабул ўтказиб, қабуллар давомида 87 нафар фуқаро мурожаати кўриб чиқилди. Болалар омбудсмани котибияти ходимлари 20 маротаба (фуқаролик, жиноят ва маъмурий судларда) суд мажлисларида бола манфаатлари юзасидан кузатувчи сифатида иштирок этди.

Мавзуга оид