Жаҳон | 11:55 / 12.07.2025
4007
2 дақиқада ўқилади

Россия консерва ишлаб чиқарувчи энг йирик компанияни миллийлаштирди

Россия илгари Universal Beverage Company компаниясига тегишли бўлган консерва ишлаб чиқарувчи "Главпродукт" активларини миллийлаштирди, деб хабар берди суд.

Фото: Дмитрий Лебедев / Коммерсантъ

Россия аввалроқ Universal Beverage Company Америка компаниясига тегишли бўлган йирик консерва ишлаб чиқарувчи "Главпродукт"нинг активларини миллийлаштирди. Бу ҳақда 11 июл, жума куни Москва арбитраж судида маълум қилинди.

«Суд Бош прокуратуранинг «Главпродукт» активлари ва унинг раҳбари (Леонид) Смирновнинг мулкини давлат фойдасига хатловга олиш тўғрисидаги даъвосини тўлиқ қондиришга қарор қилди. Қарор дарҳол кучга киради», — дея қўшимча қилинди судда.

"Главпродукт" таркибига Москва шаҳри, Калининград, Москва ва Орёл вилоятларидаги 32 та компания киради, улар Россия Федерациясининг ички бозорини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайди, деб таъкидлади ТАСС агентлиги. 2009 йилда Смирнов компанияни Американинг Universal Company 2000 ва Universal Beverage Company компанияларига қайта рўйхатдан ўтказди.

«Ведомости» газетасининг эслашича, Леонид Смирнов 1970-йилларда СССРдан АҚШга кетган ва у ерда Америка фуқаролигини олган. 1995 йилда у Россияга қайтиб келди ва тўрт йилдан сўнг Оҳайо штатида рўйхатдан ўтган ўзининг Universal Beverage Company компанияси орқали «Главпродукт» ҳолдингига асос солди.

2007 йилда Россия Ички ишлар вазирлиги «Главпродукт» компанияси раҳбарларига солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айблаб, жиноий иш очган. Тинтувлардан сўнг Смирнов Германияга жўнаб кетди. Кейинчалик тадбиркор JPMorgan Chase ҳисобларига деярли 1,4 миллиард рублни ўтказганликда айбланган. 2024 йил октябр ойида Россия президенти Владимир Путиннинг фармони билан бир қатор "Главпродукт" компаниялари Федерал мулкни бошқариш агентлигининг вақтинча бошқарувига ўтказилди.

Мавзуга оид