Жаҳон | 18:31 / 13.07.2025
3135
5 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Ғазога зарбаси оқибатида сув учун навбатда турган болалар ҳалок бўлди

Фавқулодда хизматлар ходимларининг маълумотларига кўра, якшанба куни Исроилнинг Ғазо марказидаги ҳаво ҳужуми оқибатида ўн киши ҳалок бўлган, улардан олти нафари болалар бўлиб, улар сув идишларини тўлдириш учун навбат кутаётганди.

Фото: Getty Images

Уларнинг жасадлари Нусайратдаги «Ал-Авда» касалхонасига юборилган. Шунингдек, 16 нафар ярадор, жумладан етти нафар бола касалхонага ётқизилган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, дрон ал-Нусайрат қочқинлар лагеридаги сув тўлдирилган цистерна ёнида бўш идишлар билан турган одамлар устига ракета учирган.

Исроил ҳарбийлари ҳозирча ҳодисага изоҳ бермади.

Зарбадан кейин пайдо бўлган видеоёзувларда қонга бўялган болалар ва жасадларни кўриш мумкин. Аҳоли воқеа жойига шошилган ва жароҳатланганларни автомобилларда, шунингдек эшак қўшилган араваларда шифохонага олиб борган.

Ғазо фуқаролик мудофааси агентлиги вакилининг маълум қилишича, якшанба куни анклав маркази ва Ғазо шаҳридаги турар жой биноларига учта алоҳида зарба берилиши оқибатида яна 19 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси хабар беришича, шанба куни унинг Рафаҳдаги дала шифохонасига «ўқотар қуролдан яраланган» 132 нафар бемор олиб келинган, улардан 31 нафари вафот этган.

Қўмитанинг маълум қилишича, беморларнинг аксарияти ўқотар қуролдан жароҳат олган, улар озиқ-овқат тарқатиш пунктларига етиб боришга ҳаракат қилишганини айтишган.

Қизил Хоч маълумотларига кўра, 27 май куни янги озиқ-овқат тарқатиш пунктлари очилганидан бери касалхонада 3400 дан ортиқ ярадор даволанган, 250 дан ортиқ ўлим қайд этилган. Бу ўтган йилдаги жабрланганлар сонидан кўп.

«Оммавий қурбонлар билан боғлиқ бу ҳодисаларнинг хавотирли частотаси ва кўлами Ғазодаги тинч аҳоли қандай даҳшатли шароитда эканини кўрсатади», – дейилади қўмита баёнотида.

Шанба куни Ғазо жанубидаги «Носир» касалхонаси гуманитар ёрдам тарқатиш пункти яқинида 24 киши ҳалок бўлганини маълум қилди, гувоҳларнинг сўзларига кўра, одамлар озиқ-овқат олмоқчи бўлганида Исроил қўшинлари ўт очган.

Исроил мудофаа кучлари ушбу ҳудуд яқинида ўққа тутилиши оқибатида жабрланганлар ҳақида маълумотга эга эмаслигини маълум қилган. Исроил ҳарбий амалдорининг алоҳида таъкидлашича, огоҳлантирувчи ўқлар ҳарбийлар хавф туғдириши мумкин бўлган одамларни тарқатиш учун отилган.

Жума куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси ҳозирги вақтда гуманитар ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ 789 та ўлим ҳолати қайд этилганини маълум қилди.

Бошқарма маълумотларига кўра, улардан 615 таси 27 май куни АҚШ ва Исроил кўмагида очилган ҳамда Ғазо жанубидаги ва марказидаги ҳарбий ҳудудларда Америка хусусий қўриқлаш компаниялари томонидан бошқариладиган Ғазо гуманитар фонди (GHF) объектлари яқинида содир бўлган.

Яна 183 та ўлим БМТ ва бошқа гуманитар ташкилотлар конвойлари яқинида қайд этилган.

Исроил ҳарбийлари тинч аҳоли жабрланган воқеалар содир бўлганини тан олди ва ЦАХАЛ «аҳоли ва [Исроил] кучлари ўртасидаги эҳтимолий тўқнашувларни минималлаштириш» устида ишлашини билдирди.

GHF БМТни Ҳамас томонидан назорат қилинадиган Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган «ёлғон ва чалғитувчи» статистик маълумотлардан фойдаланганликда айблади.

Ташкилот раҳбари Жонни Мур аввалроқ BBC учун берган интервюсида ёрдам пунктлари яқинида одамлар ҳалок бўлганини инкор этмаслиги, бироқ «бу қурбонларнинг 100 фоизи GHF пунктлари атрофида бўлгани айтилиши», бу эса «ҳақиқатга тўғри келмаслиги»ни маълум қилганди.

Исроил халқаро ахборот агентликларини Ғазога киритмайди.

Исроил 2023 йил 7 октябрда Ҳамас ҳужумига жавобан Ғазода ҳарбий операция бошлаганди.

Ҳамас назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ўшандан бери Ғазода камида 57 882 киши ҳалок бўлган.

Ғазо аҳолисининг катта қисми бир неча бор ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди.

Ҳисоб-китобларга кўра, анклавдаги уйларнинг 90 фоиздан ортиғи шикастланган ёки вайрон бўлган. Соғлиқни сақлаш, сув таъминоти, канализация ва гигиена тизимлари издан чиққан, озиқ-овқат, ёқилғи, дори-дармон ва уй-жой етишмайди.

Бу ҳафта Исроил 130 кун ичида биринчи марта Ғазога 75 минг литр ёқилғи олиб киришга рухсат берди, БМТнинг фикрича, бу «аҳолининг кундалик эҳтиёжларини қондириш ва тинч аҳолига ёрдам кўрсатиш бўйича ҳаётий муҳим операцияларни ўтказиш учун етарли эмас».

Шанба куни БМТнинг тўққизта агентлиги Ғазода ёқилғи танқислиги «критик даража»га етгани, агар ёқилғи тугаб қолса, бу касалхоналар, сув таъминоти тизимлари, санитария тармоқлари ва новвойхоналарга таъсир қилиши ҳақида огоҳлантирди.

«Шифохоналар аллақачон чироқсиз қолмоқда, туғруқ, неонатал ва реанимация бўлимлари ишламаяпти, тез ёрдам машиналари ҳаракатлана олмаяпти», – дея таъкидлади БМТ.

Мавзуга оид