Жаҳон | 20:19
888
2 дақиқада ўқилади

Россия суди ёзувчи Борис Акунинни сиртдан 14 йиллик қамоққа ҳукм қилди

Бестселлер асарлари, кескин сиёсий баёнотлари ва Россия президенти Владимир Путин режимини танқид қилиши билан машҳур ёзувчига суд ҳукми сиртдан ўқилди.

Фото: ТАСС

Москва ҳарбий суди россиялик ёзувчи Борис Акунинни терроризм ва бошқа жиноятларда айблаб, сиртдан 14 йилга режими кучайтирилган колонияга ҳукм қилди, деб ёзди «ТАСС».

Суд ҳукмига қўшимча равишда ёзувчига 4 йил давомида интернет ресурсларини бошқариш тақиқланди ва 400 минг рубл миқдорида жаримага тортилди. Акунин «террорчилар ва экстремистлар» реестрига киритилган ва «чет эл агенти» сифатида тан олинган.

Дастлаб прокуратура ёзувчига 18 йил қамоқ жазосини талаб қилган эди. Айблов хулосасида террорчилик фаолиятига кўмаклашиш, терроризмни маъқуллаш, «чет эл агенти» тўғрисидаги қонун талабларига риоя қилмаслик каби бандлар мавжуд.

Терроризмни маъқуллаганлик айблови 2024 йил 18 февралдаги постига асосланган, унда ёзувчи шундай деган:

«Мен узоқ вақтдан бери эволюционер бўлганман, лекин ҳозир мен инқилоб тарафдориман, чунки диктатурадан қутулишнинг бошқа йўли йўқ. Сайловда танлов бўлмаган ва бўлмайди ҳам, режим ўзига қаршиларни ўлдиради ёки қамоқда чиритади. Ҳа, инқилоб - бу портлаш. Лекин тарихда шундай вайроналар бўлган-ки, уларни портлашдан бошқа ҳеч нарса тозалай олмайди».

Борис Акунин (ҳақиқий исми Григорий Шалвович Чхартишвили) россиялик ёзувчи, адабиётшунос, таржимон ва жамоат арбоби, 1956 йилда Гуржистонда туғилган. «Азазел», «Турецкий гамбит», «Левиафан», «Статский советник» каби бестселлер асарлари билан танилган.

Шунингдек, Акунин кескин сиёсий баёнотлари ва Россия президенти Владимир Путин режимини танқид қилиши билан машҳур. 2014 йилдан бери Лондонда истиқомат қилади.

Мавзуга оид